Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ КОРХОНАЛАР ҚАРЗИНИ ТАРКИБИЙ ЎЗГАРТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан тасдиқланган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурининг 1.9-банди ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек экспорт қилувчи корхоналарнинг кредиторлик қарзини таркибий ўзгартириш бўйича асосланган таклифларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш учун Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан ташкил этилган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг экспорт қилувчи корхоналарнинг 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра қарзини таркибий ўзгартиришга ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқаришга йўналтирилган таклифлар тайёрлаш бўйича кичик гуруҳи (кейинги ўринларда Кичик гуруҳ деб аталади) таркиби 1-иловага мувофиқ;
Экспорт қилувчи корхоналарнинг қарзини таркибий ўзгартириш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқариш юзасидан таклифлар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳужжатларнинг тегишли пакетлари ҳамда экспорт қилувчи корхоналар бўйича асослашларнинг қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ равишда сифатли тайёрланишини ва уларнинг 2009 йил 15 февралгача Кичик гуруҳга тақдим этилишини таъминласинлар.
3. Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссиясига (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра экспорт қилувчи корхоналарга етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун қарзларни тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш ҳамда кўрсатиб ўтилган қарзлар бўйича ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқариш ҳуқуқи берилсин.
4. Кичик гуруҳ (Гуськова) 2009 йил 1 мартгача Республика комиссиясига экспорт қилувчи корхоналар мурожаатлари юзасидан тайёрланган бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича, 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун қарзларни таркибий ўзгартириш ҳамда кўрсатиб ўтилган қарзлар учун ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқариш бўйича хулосаларни белгиланган тартибда тақдим этсин.
5. Республика комиссияси Кичик гуруҳ хулосаларини ҳисобга олган ҳолда экспортчи корхоналарга бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўлов муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш тўғрисида қарор қабул қилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 31 декабрь,
289-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрдаги 289-сон қарорига
1-ИЛОВА
Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра экспорт қилувчи корхоналарнинг қарзини таркибий ўзгартиришга ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқаришга йўналтирилган таклифлар тайёрлаш бўйича кичик гуруҳи
таркиби
Гуськова Т.Молия вазирининг биринчи ўринбосари, Кичик гуруҳ раҳбари
Саидова Г.Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари
Гадоев Э.Давлат солиқ қўмитасининг биринчи ўринбосари
Рофиев Қ.Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари
Файзуллаев Ш.Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари
Мирзаев М.Молия вазирининг ўринбосари
Острогожская Э.Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи
Қорабоев Ф.Молия вазирлигининг Саноатнинг базавий тармоқлари ва ёқилғи-энергетика мажмуи молияси бошқармаси бошлиғи
Адҳамжонов А.Молия вазирлигининг Истеъмол бозори ва хизмат кўрсатиш соҳаларини молиявий ҳамда нарх орқали тартибга солиш бошқармаси бошлиғи
Тангирқулов А.Давлат солиқ қўмитасининг Ҳисобот ва солиқ тушумларини тезкор таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи
Тўйчиев И.Молия вазирлигининг Агросаноат мажмуаси молияси бошқармаси бошлиғи, Кичик гуруҳ котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрдаги 289-сон қарорига
2-ИЛОВА
2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра экспорт қилувчи корхоналарнинг қарзини таркибий ўзгартириш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқариш юзасидан таклифлар тайёрлаш тартиби тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
1. Ушбу Вақтинчалик низом 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра экспорт қилувчи корхоналарнинг қарзини таркибий ўзгартириш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқариш юзасидан таклифлар тайёрлаш тартибини белгилайди.
Экспорт қилувчи корхоналарнинг қарзларини таркибий ўзгартириш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқариш юзасидан хулосалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан ташкил этилган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра экспорт қилувчи корхоналарнинг қарзини таркибий ўзгартиришга ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқаришга йўналтирилган таклифлар тайёрлаш бўйича Кичик гуруҳи (кейинги ўринларда Кичик гуруҳ деб аталади) томонидан тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Кичик гуруҳнинг ишчи органи ҳисобланади.
2. Экспорт қилувчи корхоналар Кичик гуруҳнинг ишчи органига қуйидаги ариза берувчилар:
ўзларининг таркибига кирувчи экспорт қилувчи корхоналар бўйича — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари орқали;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирмайдиган экспорт қилувчи корхоналар бўйича — муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича минтақавий комиссиялар орқали мурожаат қиладилар.
3. Ариза берувчилар 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўлов муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш ҳамда пеняларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги мурожаатни юбориш билан бир вақтда 2009 йил 15 февралгача бўлган муддатда Ишчи органга экспорт қилувчи корхоналар фаолиятига тааллуқли қуйидаги ҳужжатлар ва асослашларни тақдим этадилар:
2008 йил учун маҳсулотлар экспорт қилишнинг прогноз ва амалдаги ҳажмлари ҳамда физик ва қиймат ифодасидаги экспортнинг молиявий натижалари (чораклар бўйича тақсимлаган ҳолда), шунингдек 2009 йил учун прогноз;
2008 йил учун корхонанинг молиявий ресурслари баланси ва 2009 йил ҳамда тўлов муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) сўралаётган давр учун прогноз;
2008 йил бошидан бошлаб дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг, шу жумладан электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, сув таъминоти ва канализация хизматлари учун қарзларнинг динамикаси, уларнинг ҳаққонийлиги таққослаш далолатномалари билан тасдиқланади;
2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларнинг давлат солиқ хизмати органлари билан таққослаш далолатномалари;
хизмат кўрсатувчи банкнинг ҳисоб рақамларининг (ҳисоб-китоб, валюта ҳисоб рақамларининг) ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси;
молиявий ҳисоботнинг корхона жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларида тасдиқланган нусхалари, уларга 2008 йил 1 январдаги, 2008 йил 1 октябрдаги ва 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг барча ҳужжатлари ва изоҳлари илова қилинади;
экспорт қилувчи корхонани молиявий соғломлаштириш дастури, унда маҳсулот таннархини камида 20 фоизга пасайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсатилади;
корхонанинг 2008 йил учун ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичларининг прогнози ва амалда бажарилишининг қиёсий жадвали.
4. Тақдим этиладиган ҳисоб-китоблар, бошланғич ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг ҳаққонийлиги ва асосланганлиги учун жавобгарлик экспорт қилувчи корхонанинг раҳбари ва бош бухгалтери зиммасига юкланади.
5. Ишчи орган мурожаат, шунингдек ушбу Вақтинчалик низомнинг 3-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва асослашлар олинган кундан бошлаб 2 кун мобайнида уларни хулоса тайёрлаш учун Кичик гуруҳга тақдим этади.
6. Кичик гуруҳ мурожаат тушган кундан бошлаб икки ҳафта муддатда тақдим этилган ҳужжатлар пакетини кўриб чиқади ва хулоса тайёрлайди, унда қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак:
тўлов муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти ва/ёки ҳисобдан чиқариш сўралаётган қарзларнинг тавсифи ва вужудга келиши сабабларининг объективлиги, қарзни тўлаш жадвалининг мавжудлиги ва унинг асосланганлиги;
корхоналар молиявий ҳисоботларининг давлат солиқ хизмати органлари томонидан уларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида белги қўйилган нусхалари мавжудлиги.
7. Қуйидагилар экспорт қилувчи корхоналарга қарзни тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини беришнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
2009 йил учун экспорт, шу жумладан фьючерс контрактларининг мавжудлиги;
2009 йилда маҳсулот таннархини камида 20 фоизга камайтириш бўйича аниқ тадбирларнинг мавжудлиги;
кредиторлик қарзларнинг асосан жаҳон нархларининг ноқулай конъюнктураси билан боғлиқ ҳолда вужудга келганлиги.
8. Кичик гуруҳнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасидаги аъзолари имзолаган экспорт қилувчи корхоналарга қарзни тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб) тўлаш имкониятини бериш ва пеняни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги хулосаси тегишли идораларнинг қўшма хулосасига тенглаштирилади.
Кичик гуруҳ 2009 йил 1 мартгача Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш Республика комиссиясига (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 2009 йил 1 январдаги ҳолатига кўра бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ ва кўрсатилган коммунал хизматлар учун қарзларни таркибий ўзгартириш ҳамда кўрсатиб ўтилган қарзлар юзасидан ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқариш бўйича хулосани, тегишли хулосаларни илова қилган ҳолда, белгиланган тартибда киритади.
9. Ариза берувчилар томонидан ушбу Вақтинчалик низомнинг 3-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилмаганда, шунингдек мазкур ҳужжатлар ушбу Вақтинчалик низомнинг 6-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқ бўлмаганда Кичик гуруҳ экспорт қилувчи корхонага қарзни тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш ҳамда пеняни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир, у кейинчалик бу ҳақда Республика комиссиясига тегишли ахборот тақдим этади.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 527-модда)