Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИҚТИСОДИЁТНИНГ РЕАЛ СЕКТОРИ СОҲАСИДА КОРХОНАЛАРНИ ВА ИНВЕСТИЦИОН ФАОЛЛИКНИ КРЕДИТ ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан тасдиқланган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурининг 1.5 ва 3.1-бандлари ижросини таъминлаш, шунингдек корхоналарни молиявий ва кредит йўли билан қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг инвестицион фаоллиги ўсишини рағбатлантириш ва модернизациялаш, аҳоли бандлигини оширишга кўмаклашиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Иқтисодиётнинг реал сектори соҳасида корхоналарни ва инвестицион фаолликни кредит йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан тасдиқланган Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг кичик гуруҳи таркиби (кейинги ўринларда кичик гуруҳ деб аталади) 1-иловага мувофиқ;
Иқтисодиётнинг реал сектори соҳасида корхоналарни ва инвестицион фаолликни кредит йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар кичик гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилда қабул қилинган ҳужжатларига мувофиқ банкларнинг капиталлашувини ошириш учун бюджет маблағларидан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан ва бошқа акциядорларнинг маблағларидан ажратилган мақсадли маблағлар (кейинги ўринларда мақсадли маблағлар деб аталади) ҳисобига иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини кредит йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги фаолиятини мувофиқлаштириш;
мақсадли маблағлардан берилган кредитлар ҳисобига корхоналар томонидан янги қурилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, товарларни реализация қилиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш)нинг прогноз параметрларига эришилишига кўмаклашиш.
3. Кичик гуруҳ (Саидова) бажарилган ишлар тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳга кўриб чиқиш учун киритсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 31 декабрь,
288-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрдаги 288-сон қарорига
1-ИЛОВА
Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг кичик гуруҳи
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Саидова Г.К.Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари, кичик гуруҳ раҳбари
Рофиев Қ.Т.Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари, кичик гуруҳ раҳбари ўринбосари
Абдуҳакимов А.А.Давлат рақобат қўмитаси раиси
Нажимов Н.Э.Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари
Файзуллаев Ш.Н.Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари
Мирзаев М.М.Молия вазирининг ўринбосари
Шукуров Ж.М.Иқтисодиёт вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи
Исмоилов Ш.Я.Иқтисодиёт вазирлигининг бош бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 9 сентябрдаги 244-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 37-сон, 485-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрдаги 288-сон қарорига
2-ИЛОВА
Иқтисодиётнинг реал сектори соҳасида корхоналарни ва инвестицион фаолликни кредит йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида
Вақтинчалик низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилда қабул қилинган ҳужжатларига мувофиқ банкларнинг капиталлашувини ошириш учун бюджет маблағларидан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан ва бошқа акциядорларнинг маблағларидан ажратилган мақсадли маблағлар (кейинги ўринларда мақсадли маблағлар деб аталади) ҳисобига иқтисодиётнинг реал сектори соҳасида корхоналарни ва инвестицион фаолликни кредит йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Вақтинчалик низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Ишчи гуруҳ — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан ташкил этилган Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳ;
Кичик гуруҳ — иқтисодиётнинг реал сектори соҳасида корхоналарни ва инвестицион фаолликни кредит йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминлаш масалалари бўйича Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг кичик гуруҳи;
ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги;
корхона — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган, ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт қиладиган, шунингдек янги қурилишни, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашни амалга оширадиган, вақтинча молиявий қийинчиликларга дуч келаётган корхона;
Олдинги таҳрирга қаранг.
банклар — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки, Ўзбекистон Республикаси Халқ банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик-тижорат банки, «Агробанк» АТБ, «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, «Асака» давлат акциядорлик-тижорат банки, шунингдек уларнинг корхоналарга хизмат кўрсатадиган бўлимлари ва филиаллари.
(2-банднинг олтинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 майдаги 142-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 21-сон, 252-модда)
II. Кичик гуруҳнинг асосий функциялари
3. Юкланган вазифаларни бажариш учун Кичик гуруҳ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
корхоналарнинг мақсадли маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳужжатларини ва корхоналарнинг мақсадли маблағлари ҳисобига корхоналарга банкларнинг кредитларини бериш бўйича бошқа масалаларни кўриб чиқиш;
тегишли вазирликлар, идоралар томонидан корхоналарнинг кредит ҳужжатлари белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини назорат қилиш;
банкларнинг инвестицион фаоллигини кенгайтиришга ва корхоналарнинг кредитлар олишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш.
III. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредитлар бериш тартиби
4. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредитлар банклар томонидан корхоналарга қуйидаги мақсадларда берилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 июндаги 156-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 271-модда)
биринчи навбатда, тасдиқланган тармоқ дастурларини амалга оширишда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, машинасозлик, нефть-газ, кимё, электр энергетикаси, электротехника тармоқлари ва саноат, агросаноат комплексининг бошқа етакчи тармоқлари корхоналарининг локализация даражасини ошириш ҳамда шу асосда янги, рақобатбардошли, ташқи ва ички бозорларда талаб қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва кенгайтириш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ички истеъмол бозорини мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқарилган товарлар билан барқарор тўлдириш;
ишлаб чиқариш, ижтимоий, транспорт ва телекоммуникация инфратузилмасини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ижтимоий аҳамиятли давлат дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва мини-технологиялар сотиб олиш, шунинг ҳисобига қўшимча иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли даромадини ошириш.
(4-банднинг бешинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 июндаги 156-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 271-модда)
5. «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки учун ажратилган мақсадли маблағлар белгиланган тартибда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит бериш учун йўналтирилади.
6. Мақсадли маблағлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида банкларнинг махсус ҳисоб рақамларида жамланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида банкларнинг махсус ҳисоб рақамларидан маблағларни сарфлаш фақат Ишчи гуруҳнинг ва банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши)нинг тегишли баённомалар билан расмийлаштирилган ижобий қарорлари мавжуд бўлган тақдирда ушбу Вақтинчалик низомнинг 4-бандида кўрсатилган мақсадларга кредитлар бериш учун амалга оширилади.
8. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредитдан фойдаланиш учун фоиз ставкаси миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш амалдаги ставкасидан ошиши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мақсадли маблағлар ҳисобига кредитлар, қоидага кўра, имтиёзли шартларда, инвестиция мақсадлари учун камида 1 йиллик имтиёзли давр билан камида 3 йил муддатга ажратилади.
(8-банднинг иккинчи—бешинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 июндаги 156-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 271-модда)
Ушбу Вақтинчалик низомнинг 4-бандида кўрсатилган мақсадларга имтиёзли кредитлар ажратиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларда амалга оширилади.
9. Ушбу Вақтинчалик низомнинг 4-бандида кўрсатилган мақсадларга кредитлар олиш учун корхона:
Олдинги таҳрирга қаранг.
эквивалентда 500 минг АҚШ долларигача қийматли инвестиция мақсадлари бўйича — банкларга;
(9-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 июндаги 156-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 271-модда)
агар инвестиция мақсадлари учун сўралаётган кредит суммаси эквивалентда 500 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлса — Кичик гуруҳга мурожаат қилади.
10. Банклар ҳар ойда ойнинг 10-кунигача Кичик гуруҳга мақсадли маблағлардан корхоналар ва фойдаланиш йўналишлари бўйича улардан фойдаланишнинг прогноз параметрларини киритади.
Кичик гуруҳ уч кун муддатда банкларнинг мақсадли маблағлардан фойдаланиш йўналишлари тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади ва уларни тасдиқлаш учун Ишчи гуруҳга киритади.
Ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланган рўйхатга кирмаган корхоналарга кредит бериш учун банкларнинг мақсадли маблағлардан фойдаланишига йўл қўйилмайди.
IV. Банкларнинг мақсадли маблағлардан фойдаланиш учун берилган буюртманомаларини кўриб чиқиш тартиби
11. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредит олиш учун корхона банкларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
корхонага хизмат кўрсатадиган банк кўрсатилган ҳолда мақсадли маблағлар ҳисобига кредит олиш учун ариза;
олиш мақсадлари ва фойдаланиш йўналишлари, шунингдек мўлжалланаётган сумма, кредитнинг муддати ва фоиз ставкаси, корхонанинг банк ҳисоб рақамидаги пул маблағларининг прогноз оқими, ишлаб чиқарилаётган товарлар (ишлар, хизматлар)га буюртмалар портфели таркиби ва уларни сотиш бозори, шунингдек кредитни ўзлаштиришга тегишли бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда бизнес-режа;
белгиланган тартибда тасдиқланган янги қурилишни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосланиши (техник-иқтисодий асослаш) ёки дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб (техник-иқтисодий ҳисоб-китоб), шунингдек ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ахборот (фақат инвестиция лойиҳалари бўйича);
корхонанинг охирги 3 йилдаги молиявий аҳволи тўғрисидаги ҳужжатлар, шу жумладан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган бухгалтерия баланси (1-шакл), молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот (2-шакл), дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотнома (2а-шакл);
кредитнинг мўлжалланаётган таъминланиши бўйича маълумотлар (мол-мулк гарови, кафолат, кафиллик, суғурта полиси ва бошқалар);
корхоналарни бошқариш органлари томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан маъқулланган маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини, шу жумладан ишлаб чиқаришнинг материаллар ва энергия сарфини пасайтириш, ишлаб чиқаришнинг рентабеллилигини ва фойда кўришини ошириш, молиявий оқимларни бошқаришни такомиллаштириш ва ортиқча штат бирликларини қисқартириш бўйича молиявий режа, шунингдек ушбу молиявий режа амалга оширилиши тўғрисидаги ахборот, янгидан ташкил этилаётган корхоналар ва/ёки ишлаб чиқаришлар бундан мустасно.
12. Банклар мақсадли маблағлар ҳисобига кредит беришнинг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқишда ушбу Вақтинчалик низомнинг 11-бандида назарда тутилмаган қўшимча маълумотларни корхонадан сўрашга ҳақлидир.
13. Банклар томонидан корхонанинг расмий ёзма аризасини рўйхатдан ўтказиш мурожаат қилинган пайтдан бошлаб бир кун муддатда амалга оширилади.
14. Банк мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бўйича ҳужжатларни қонун ҳужжатларига ва банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ кўриб чиқади.
15. Банклар мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бўйича ҳужжатларни қуйидаги мезонларга алоҳида эътиборни қаратган ҳолда кўриб чиқадилар:
республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадлари учун лойиҳани амалга оширишнинг аҳамияти, минтақавий ва жаҳон иқтисодиёти ривожланиши динамикасини, ички ва ташқи бозорлар конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда корхоналар ва тармоқларни янада ривожлантириш истиқболлари;
лойиҳанинг бизнес-режаси иқтисодий ҳисоб-китоблари (техник-иқтисодий асослаш, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб)нинг асосланганлиги, корхонада рақобатбардошли, ташқи ва ички бозорларда талаб қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва кенгайтириш истиқболлари;
маҳсулот таннархини пасайтириш, ишлаб чиқаришнинг рентабеллилигини ва фойда кўришини ошириш бўйича молиявий режа бажарилишини, корхонанинг молиявий аҳволини, бюджет олдидаги, банкларнинг кредитлари, коммунал хизматлар, иш ҳақи бўйича қарзлар, шунингдек дебиторлик-кредиторлик қарзлар мавжудлиги ва ҳоказолар таҳлили.
16. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредит беришнинг мақсадга мувофиқлиги (мақсадга мувофиқ эмаслиги) тўғрисида банк томонидан хулоса бериш муддати корхонанинг расмий ёзма аризаси рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 10 кундан ошмаслиги керак.
17. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредит беришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилган тақдирда банк рад этишнинг асосли сабабларини кўрсатган ҳолда ариза берувчини кредит бериш рад этилганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши керак.
18. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредит беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса берилган тақдирда банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига маблағларни банкнинг вакиллик ҳисоб рақамига ўтказиш учун банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) баённомасини юборади.
19. Маблағлар вакиллик ҳисоб рақамига тушгандан кейин банк корхона билан кредит шартномаси тузади.
V. Мақсадли маблағлардан фойдаланиш учун берилган буюртманомаларни Кичик гуруҳ томонидан кўриб чиқиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредит олиш учун корхона Ишчи органга ушбу Вақтинчалик низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этади.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 июндаги 156-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 271-модда)
21. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 1-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлган лойиҳалар бўйича корхона томонидан Ишчи органга юқорида кўрсатиб ўтилган Низомга мувофиқ тасдиқланган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши (техник-иқтисодий ҳисоб-китоби) ҳам тақдим этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 июндаги 156-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 24-сон, 271-модда)
23. Ишчи орган томонидан корхонанинг расмий ёзма аризасини рўйхатдан ўтказиш мурожаат қилинган пайтдан бошлаб бир кун муддатда амалга оширилади:
24. Ишчи орган мақсадли маблағлар ҳисобига кредит олиш учун корхонанинг аризасини илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда бир кун муддатда кўриб чиқиш учун Кичик гуруҳ аъзоларига ва банкка юборади.
25. Кичик гуруҳ аъзолари мақсадли маблағлар ҳисобига кредит беришнинг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқишда корхонадан ушбу Вақтинчалик низомнинг 11-бандида назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни сўрашга ҳақлидир.
26. Ишчи гуруҳ аъзолари қуйидаги мезонларга алоҳида эътиборни қаратган ҳолда мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бўйича юборилган ҳужжатларни кўриб чиқади:
республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадлари учун лойиҳани амалга оширишнинг аҳамияти, миллий ва жаҳон иқтисодиёти ривожланиши динамикасини, ички ва ташқи бозорлар конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда корхоналар ва тармоқларни янада ривожлантириш истиқболлари;
маҳсулот таннархини камида 20 фоизга пасайтириш, ишлаб чиқаришнинг рентабеллилигини ва фойда кўришини ошириш бўйича молиявий режа бажарилишини, корхонанинг молиявий аҳволини, бюджет олдидаги, банкларнинг кредитлари, коммунал хизматлар, иш ҳақи бўйича қарзлар, шунингдек дебиторлик-кредиторлик қарзлар ва ҳоказолар таҳлили;
иқтисодиётни барқарор, мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш, ишлаб чиқариш кучларини мақбул жойлаштириш, ишлаб турган қувватлардан фойдаланиш, шунингдек хом ашё бозори конъюнктураси ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот нуқтаи назаридан лойиҳани амалга оширишнинг умумий иқтисодий мақсадга мувофиқлигини баҳолаш.
27. Кичик гуруҳ аъзолари томонидан лойиҳанинг мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бериш мақсадларига мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисидаги хулосаларни ишчи органга юбориш муддати корхонанинг расмий ёзма аризаси рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 7 кундан ошмаслиги керак.
28. Ишчи орган хулосалар олинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бериш мақсадларига лойиҳанинг мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисида қарор қабул қилиш учун Кичик гуруҳ мажлиси ўтказилишини ташкил этади.
29. Кичик гуруҳнинг қарори тегишли баённома билан расмийлаштирилади ва узил-кесил қарор қабул қилиш учун бир кун муддатда ишчи гуруҳга киритилади.
30. Ишчи гуруҳ уч кун муддатда Кичик гуруҳнинг қарорини кўриб чиқади.
Ишчи гуруҳнинг қарори тегишли баённома билан расмийлаштирилади ҳамда қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун муддатда банкка ва корхонага юборилади.
31. Ишчи гуруҳнинг лойиҳанинг мақсадли маблағлардан фойдаланиш мезонларига мувофиқлиги тўғрисидаги қарорини олишда кредит бўйича ҳужжатлар тегишли қарор қабул қилиш учун банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши)нинг кўриб чиқиши учун киритилади.
32. Банк қонун ҳужжатларига ва банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ корхонадан кредит қўмитасининг қарорини қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни сўрашга ҳақлидир.
33. Банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) кўриб чиқиш учун кредит бўйича ҳужжатлар киритилган кундан бошлаб 2 кун мобайнида мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
34. Банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) томонидан мақсадли маблағлар ҳисобига кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 кундан кечикмай рад этишнинг асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда Кичик гуруҳни ва корхонани ёзма равишда хабардор қилади.
35. Мақсадли маблағлар ҳисобига кредит бериш масаласи ижобий ҳал этилган тақдирда банк бир кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига маблағларни банкнинг вакиллик ҳисоб рақамига ўтказиш учун Ишчи гуруҳнинг қарорини ва банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) баённомасини юборади.
36. Маблағлар вакиллик ҳисобварағига тушгандан кейин банк бир кун муддатда корхона билан кредит шартномаси тузади.
VI. Мақсадли маблағлардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш тартиби
37. Банк банк ҳақидаги қонун ҳужжатларига, кредит шартномасига ва банкнинг кредит сиёсатига мувофиқ мақсадли маблағлар ҳисобига берилган кредитлар мониторингини олиб боради.
38. Берилган кредитлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда банк кредитнинг бошқа мақсадда фойдаланилган қисмини кредит шартномасида назарда тутилган тартибда корхонанинг банкдаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин ундириб олишга ҳақлидир.
39. Банк ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига дастлаб берилган кредит суммасини, кредит бўйича қарз қолдиғини, ҳисобланган ва тўланган фоиз тўловлари суммасини, кредит мониторинги амалга оширилганлиги тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда корхоналар бўйича мақсадли маблағлар ҳисобига берилган кредитлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этади.
40. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар ойда Кичик гуруҳга банклар бўйича мақсадли маблағлардан йўналишлар бўйича фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни ҳамда маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳоллари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 526-модда; 2009 й., 21-сон, 252-модда; 24-сон, 271-модда; 2010 й., 23-сон, 182-модда; 2013 й., 37-сон, 485-модда)