Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА БОЛАЛАР ИЖТИМОИЙ МОСЛАШУВИ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази этиб қайта ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2009 йилдан бошлаб Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг жорий таъминотига уни молиялаштиришнинг амалдаги шартлари сақланган ҳолда алоҳида сатрда республика бюджетидан маблағлар ажратилишини таъминласин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика болалар ижтимоий мослашуви марказини ташкил этиш тўғрисида» 2004 йил 7 сентябрдаги 419-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 9-сон, 91-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 31 декабрь,
287-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрдаги 287-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Республика болалар ижтимоий мослашуви марказини ташкил этиш тўғрисида» 2004 йил 7 сентябрдаги 419-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. 2-бандида:
биринчи хатбошидаги «Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази» сўзларидан кейин «(кейинги ўринларда Марказ деб юритилади)» сўзлари қўшилсин;
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Белгилаб қўйилсинки, Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва ўз фаолияти тўғрисида унга ҳисобот беради».
3. 3-банднинг олтинчи хатбошидан «жумладан эълон қилинган Меҳр ва мурувват йили доирасида» сўзлари чиқариб ташлансин.
4. 7 ва 8-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. 1-иловада:
а) 1-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«1. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) жисмоний имкониятлари чекланган (ногиронлар, жисмоний нуқсони бўлган ҳамда асаб ва руҳияти бузилган болалар, сурункали оғир касалликлардан азоб чекувчи болалар), шунингдек ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли бошқа гуруҳларга кирадиган болаларни (етимлар, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қаровисиз қолган болалар, нотинч оилалар болалари) ижтимоий мослаштириш муаммоларини ишлаб чиқувчи ташкилот ҳисобланади»;
б) 10-банднинг тўққизинчи хатбошидаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплекси» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 11-бандидаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 14-бандининг иккинчи хатбошидаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплекси» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) 15-бандидаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 16-бандда:
олтинчи хатбошидаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплекси» сўзлари билан алмаштирилсин;
еттинчи хатбошидаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) 22-бандидан «шунингдек Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг тафтиш комиссияси» сўзлари чиқариб ташлансин.
6. 2-иловадан «Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси» устуни чиқариб ташлансин.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 525-модда)