Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг халқаро парвозларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлигининг ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун Навоий шаҳри аэропортини очиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда бир ой муддатда Навоий шаҳри аэропорти мақоми бўйича маълумотлар тайёрланишини ва уларнинг аэронавигация ахборотлари халқаро тўпламларида эълон қилинишини ташкил этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Навоий шаҳри аэропортининг ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария ва ветеринария назоратини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тегишли бўлинмаларини Навоий шаҳри аэропортида чегара, божхона, санитария ва ветеринария назоратини самарали амалга ошириш учун зарур хизмат бинолари, алоқа воситалари, асбоб-ускуналар ва махсус техника билан бепул таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.