Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Дастур
2006—2008 ЙИЛЛАР УЧУН МАДАНИЙ АЛМАШИНУВ БЎЙИЧА
2006 йил 29 март, Сеул
(2006 йил 29 мартдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Икки Томон» деб аталувчилар),
икки мамлакат ўртасида маданият, санъат, спорт ва ёшлар ишлари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида 1994 йил 6 июнда имзоланган Битимнинг қоидаларига асосланган ҳолда,
2006—2008 йиллар учун қуйидаги Дастур тўғрисида келишиб олдилар:
I. Маданият ва санъат
1-модда
Икки Томон иккала мамлакат маданий муассасалари ўртасидаги бевосита алоқаларни қўллаб-қувватлайдилар ҳамда санъаткор, ижодкорлар, шунингдек турли маданий соҳалардаги расмийлар ва мутахассисларнинг ўзаро сафарларини уюштиришда ҳамжиҳатлик қиладилар.
2-модда
Икки Томон музей, кутубхона ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилишга оид муассасалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишда ҳамда турли дастур ва лойиҳалар, тегишли тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида, матбуот ва даврий нашрлар ҳамда илмий ишлар алмашинувида кўмаклашадилар.
Ушбу маънода икки Томон:
а) тегишли муассасаларнинг келишувларига мувофиқ икки мамлакат музейлари ва миллий галереялари ўртасида бевосита ҳамкорликни, матбуот нашрлари, кўргазмалар ва экспертлар алмашувини, айниқса этнография, археология, тасвирий ва амалий санъат, ҳайкалтарошлик, графика соҳаларида амалга оширадилар;
б) манфаатдор ташкилотлар бевосита келишувларига асосан маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда техник ва илмий тажриба алмашиш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар;
в) ушбу дастур амал қилиш даврида маданий мерос соҳасида мутахассисларнинг ўзаро алмашинувига кўмаклашадилар;
г) номоддий маданий ёдгорликлар соҳасида алмашинув ва ҳамкорликка кўмаклашадилар;
д) археология объектлари, архитектура ва бошқа маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, сақлаш, таъмирлаш, қадимий шаҳарларнинг тарихий марказларида сақлаш майдонлари барпо этиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қиладилар.
3-модда
Икки Томон маданият ва санъат соҳасида экспертлар алмашинуви, шунингдек ижрочилик санъати турлари ҳамда тасвирий ва амалий санъат, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн ва фотография кўргазмалари билан ўзаро алмашишга кўмаклашадилар.
4-модда
Икки Томон иккала мамлакат ҳудудида ўтказиладиган миллий ва халқаро маданий тадбирлар ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар ҳамда бўлиб ўтадиган танловлар, фестиваллар, кўргазмалар ва бошқа маданий ва санъат тадбирларида ўзаро иштирокларига кўмаклашадилар.
5-модда
Икки Томон ижро санъати, театр, миллий ва фольклор, рақс, хонандачилик ва мусиқа соҳаларида таниқли солистлар ва ансамблларнинг гастрол алмашинувлари ҳамда ўзаро қабул қилишга оид ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқадилар.
6-модда
Икки Томон академиялар, жамғармалар, рассомлар, дизайнерлар ва фотосуратчилар ассоциациялари ўртасида бевосита ҳамкорликка кўмаклашадилар.
7-модда
Икки Томон ёзувчилар уюшмалари ўртасида бевосита ҳамкорлик ҳамда ёзувчилар билан ўзаро алмашинувга кўмаклашадилар.
8-модда
Икки Томон иккала мамлакат нашриётлари ва нашр тарқатувчи ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорлик қилишларига ҳамда уларнинг адабий нашрларга бағишланган халқаро тадбирларида ўзаро иштирок этишларига кўмаклашадилар.
9-модда
Кино санъати соҳасида икки Томон кинематография студиялари, тегишли профессионал ташкилотлар ва ижодий ассоциациялар ўртасида бевосита ҳамкорликка, Ўзбекистон Республикасида Корея киноси кунлари ҳамда Корея Республикасида Ўзбекистон киноси кунларини ўтказишга, икки Томоннинг қизиқишини уйғотган фильмларни ҳамкорликда яратишга кўмаклашадилар.
10-модда
Оммавий ахборот воситалари соҳасида икки Томон иккала мамлакатнинг тегишли ташкилотлари ва телерадиоэшиттириш компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликка ҳамжиҳатлик қиладилар.
Томонлар бошқа Томон тақдим этган маълумотларни дастурлаштириш ҳамда эфирга узатишда ёрдам кўрсатишни ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар бир-бирларининг халқаро эшиттириш тадбирларида иштирок этишни қўллаб-қувватлайдилар.
11-модда
Икки Томон аудио-видео маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар ҳамда манфаатдор ташкилотлар ўртасида алоҳида келишувларга асосан мусиқа муассасалари ва театрларнинг муаллиф ва ижрочи гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликка ҳамжиҳатлик қиладилар.
II. Спорт ва ёшлар
12-модда
Икки Томон спорт ташкилотлари ва спорт ўқув муассасалари ўртасида бевосита ҳамкорликка, шунингдек тегишли маълумот ва тажриба билан алмашишга ҳамжиҳатлик қилади.
13-модда
Икки Томон икки давлатнинг ёшлари, ёшлар ташкилотлари ва делегациялари ўртасида бевосита ҳамкорликка, шунингдек тегишли маълумот ва тажриба билан алмашишга ҳамжиҳатлик қилади.
14-модда
Икки Томон халқаро мусобақалар ўтказиш, жисмоний тарбия ва спорт бўйича илмий-услубий ва илмий-тиббий тадқиқотларни амалга ошириш, ахборот технологиялари, жисмоний тарбия ва спортга оид маълумотларни киритиш ва улар билан ишлашда фойдаланиладиган компьютер ва локал-ҳисоблаш системаларини созлаш соҳаларида тажриба алмашиш бўйича бевосита ҳамкорликка кўмаклашади.
15-модда
Икки Томон спорт анжомлари ва жиҳозлари, спорт кийими, спорт нишонлари ва махсус спорт жиҳозлари ва шу каби маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларнинг бевосита ҳамкорлигига кўмаклашади.
16-модда
Икки Томон:
— спорт турлари бўйича миллий федерациялар ўртасидаги ҳамкорликка, мураббий ва бошқа мутахассисларнинг ўзаро алмашинувига, иккала давлатнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича тегишли ташкилотлари ўртасидаги бевосита алоқаларга;
— спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассислар, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги расмий вакиллар ва мутахассисларнинг ўзаро ташрифларига;
— илмий анжуманлар, конференциялар, қўшма машғулотлар, ўртоқлик учрашувлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш мақсадида спорт делегацияларини ўзаро қабул қилишга кўмаклашади.
17-модда
Икки Томон бир-бирини бўлажак спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича миллий ва халқаро фестиваллар ҳақида хабардор этади. Икки Томон, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида бўлиб ўтадиган мазкур тадбирларда спорт делегацияларининг ўзаро иштирок этишларига кўмаклашадилар.
III. Умумий қоидалар ва молиявий шартлар
18-модда
Ушбу Дастур доирасида таклиф этилган барча фаолият турлари ва алмашинув ҳар икки давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу Дастурда кўзда тутилмаган ҳоллатлар юзасидан икки Томон бир-бири билан дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашади.
Ҳар бир фаолият ва алмашув Томонларнинг белгиланган молиявий манбалари доирасида амалга оширилади.
19-модда
Ушбу Дастур доирасида делегациялар, мутахассислар ва бошқа ходимлар билан алмашинув, агар бу вакиллар икки Томон ўртасидаги алоҳида шартномаларда айтиб ўтилмаган бўлса, қуйидаги молиявий шартлар асосида амалга оширилади:
1. Жўнатаётган Томон мўлжалланган мамлакатга бориш ва қайтиш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплайди;
2. Қабул қилувчи Томон ўзининг ички қоидалари асосида тураржой, овқатланиш, мамлакат ичидаги транспорт, шунингдек шошилинч тиббий ёрдам харажатларини қоплайди.
20-модда
Тегишли муассасалар турли тадбирларни амалга ошириш истагида бўлгандан бошқа ҳолларда ушбу Дастур доирасида ташкил қилинадиган кўргазмалар қуйидаги шартларга мувофиқ ўтказилади:
Жўнатадиган Томон:
а) мўлжалланган мамлакатга бориш ва қайтиш транспорт харажатларини қоплайди;
б) экспонатларнинг транспортировка вақтидаги кўргазмани суғурта қилиш харажатларини қоплайди.
Қабул қилувчи томон:
а) маҳаллий транспорт харажатларини қоплайди;
б) экспонатлар бутун сақланишини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўради;
в) тадбирни ўтказиш учун маъқул жой билан таъминлайди;
г) экспонатлар йўқолган ёки уларга зарар етган ҳолларда суғурта даъвоси тайёрлаш учун барча зарур ҳужжатларни тақдим этади;
д) тадбир ўтказилиши даврида экспонатларни суғурта қилиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди.
21-модда
Ушбу Дастурни бажариш жараёнида ёки унинг моддаларини талқин этиш бўйича юзага келиши мумкин бўлган тафовут ва баҳсларни икки Томон музокара ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилади.
22-модда
Томонларнинг ўзаро келишувларига мувофиқ ушбу Дастурга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
23-модда
Ушбу Дастур имзоланган санадан эътиборан кучга киради ва 2008 йилнинг 31 декабригача амал қилади.
Сеул шаҳрида 2006 йилнинг 29 мартида 3 нусхада ўзбек, корейс ва инглиз тилларида тузилди ва имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Дастур моддаларининг талқини учун инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)

(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)