Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН БЕЛАРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИ ЎРТАСИДА ИККИ ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИК БЎЙИЧА ҚЎШМА ҲУКУМАТЛАРАРО КОМИССИЯ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи,
икки давлат ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида,
1991 йил 6 ноябрда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисидаги шартномага амал қилиб,
тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма Ҳукуматлараро комиссия тузадилар (бундан кейин — Комиссия).
2-модда
Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва тамойилларини амалга оширилиши жараёнини таҳлил қилиш;
Томонлар давлатларининг ваколатли органларига савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорликни такомиллаштириш, ривожлантириш ва самарадорлигини янада ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;
савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорликни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида тузилган халқаро шартномалар ва бошқа икки томонлама келишувлар, шу жумладан Комиссия йиғилишида қабул қилинган қарорлар бажарилишини мониторинг қилиш;
икки давлат ҳукуматларига икки томонлама муносабатлар ривожини оптималлаш бўйича таклифлар киритиш;
савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва келишиш, ва шунингдек уларни амалга ошириш бўйича келишилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
Комиссия ушбу Битим қоидаларига мувофиқ ўз регламентини ва иш дастурини белгилайди.
3-модда
Комиссия икки миллий қисмдан — Ўзбекистон қисми ва Беларусь қисмидан иборат бўлади.
Комиссияга Ўзбекистон ва Беларусь қисмлари раислари бошчилик қиладилар. Комиссия миллий қисмлари раислари ва таркибларини Томонлар ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ тасдиқлайдилар.
Комиссия ҳар бир Томондан тенг миқдордаги аъзолардан иборат бўлади.
4-модда
Комиссия ўз йиғилишларини иш дастурига мувофиқ миллий қисмлар раислари ўртасида келишилган ҳолда йилига камида бир марта ўтказади.
Комиссия йиғилишлари навбати билан ҳар бир томон давлати ҳудудида ўтказилади, шу билан бирга йиғилиш қайси давлат ҳудудида ўтказиладиган бўлса, ўша миллий қисм Раиси йиғилишга раислик қилади.
Комиссиянинг навбатдаги йиғилиши кун тартиби Комиссиянинг навбатдаги йиғилишидан кечи билан бир ой илгари Томонлар ўртасида келишилади.
Зарурият бўлганда Комиссиянинг миллий қисмлари раислари, ўзаро келишиб, навбатдан ташқари йиғилишларни, миллий қисмлари раисларининг ишчи учрашувларини ўтказишлари мумкин.
Томонлар Комиссия йиғилиши ўтказиш тўғрисида ва Комиссия миллий қисмлари раисларининг учрашувлари тўғрисида ҳар бир ҳолат юзасидан алоҳида қарор қабул қилади.
Комиссия йиғилишига ҳар бир Томон керакли сонда мутахассислар ёки экспертларни таклиф қилиши мумкин. Комиссия миллий қисмлари раисларининг ўзаро келишуви асосида йиғилиш бошланишида кун тартибига киритилган масалалар ҳам йиғилишда кўриб чиқилиши мумкин.
5-модда
Комиссия қарорлари консенсус асосида қабул қилинади ва Комиссия йиғилиши баённомаси имзоланган санадан бошлаб кучга киради. Томонларнинг давлат ҳукуматлари маъқуллашини талаб қилувчи қарорлар, уларнинг маъқуллангани тўғрисида Томонлар хабарнома олган санадан бошлаб кучга киради.
Комиссия қарорлари Томонлар давлатларида ўрнатилган тартибга мувофиқ бажарилади.
Комиссия йиғилишлари ва унинг ҳужжатларини тайёрлаш рус тилида олиб борилади.
6-модда
Комиссия ўз вазифаларини бажариш мақсадида, зарурият туғилганда, кичик комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузиши мумкин. Бундай органларнинг вазифалари, ваколатлари ва таркибини Комиссия белгилайди.
7-модда
Комиссия миллий қисмларининг ҳар бири масъул котиб тайинлайди, бу котиб Комиссия миллий қисмлари ишчи гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштиришни, йиғилишга материаллар тайёрлашни таъминлайди ва шунингдек ташкилий хусусиятга эга бўлган бошқа вазифаларни бажаради.
Бундай вазифаларни бажариш учун масъул котиблар ўзаро доимий алоқада бўладилар.
8-модда
Комиссия ва ишчи гуруҳларнинг йиғилишлари билан боғлиқ харажатларни қайси Томон давлати ҳудудида йиғилиш ўтказилса, ўша Томон қоплайди.
Ҳар қайси Томон Комиссия йиғилишлари иштирокчилари учун харажатларнинг ўз қисмини қоплайди.
9-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда ёки қўллашда юзага келадиган мунозарали масалалар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги билан ушбу Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
11-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан бирортаси бошқа Томонни навбатдаги муддат тугашидан кечи билан олти ой илгари унинг амалини тўхтатиш тўғрисида ниятини ёзма равишда хабардор қилмаса, беш йиллик муддат тамом бўлгандан кейин Битим келгуси беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 24 майда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, беларусь ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матн қўлланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 2-3-сон)