«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазири ички хизмат
генерал-лейтенанти З. АЛМАТОВ
Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазири ички хизмат
генерал-лейтенанти З. АЛМАТОВ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИНИНГ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДА ҲАРАКАТЛАНИШ ТАРТИБИ ВА ХАЛҚАРО АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИДА ЙЎЛ-ПАТРУЛЬ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА
Йўриқнома
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1994 йил 19 январда 15-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2007 йил 5 майдаги 85-мх-сонли буйруғига асосан Давлат реестридан чиқарилган.
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Амалдаги қонунларга кўра, чет эллик транспорт воситалари эгаларининг республика автомобиль йўлларида ҳаракатланишлари, ҳаракатланиш қоидаларига амал қилишлари ва жамоат тартибини сақлашларини назорат қилиш Ички ишлар идоралари., шунингдек ДАН ЙПХ ходимлари зиммасига юклатилган.
1.2. Йўлларда ҳаракатланиш қоидасини, шунингдек жамоат тартибини бузган чет эл фуқаролари ва фуқаролик ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг асосларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар.
Дипломатик ваколатга эга бўлган шахслар дахлсиз бўлиб, уларни тинтув қилиш, ҳибсга олиш, вақтинчалик ушлаб туриш, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш, ҳамда улардан гувоҳ сифатида кўргазма олиш мумкин эмас. Ушбу шахсларга нисбатан чоралар фақат дипломатик тарзда, Ташқи ишлар вазирлиги орқали белгиланади.
1.3. Чет эллик фуқароларга тегишли бўлган транспорт воситаларини ҳаракатланишини назорат қилаётган йўл-патруль хизмати ходимлари ўз ваколатлари доирасида Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига зарур ёрдам кўрсатишлари лозим.
2. ЧЕТ ЭЛЛИК ФУҚАРОЛАР УЧУН БЕЛГИЛАНГАН ИМТИЁЗЛАР:
2.1. Ўзбекистон Республикасида дипломатларга берилган имтиёзлар 1961 йилдаги дипломатик муносабатлар ҳақидаги Вена конвенциясига асосан белгиланган.
2.2. Дипломатик, консуллик ваколатхоналари, элчихона даражасига тенглаштирилган халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ходимларига тегишли транспорт воситаларига нисбатан имтиёз ва устунликлар фақат «СМД», «Д» ва «UN» индексли давлат номерига эга транспорт воситаларига берилади.
2.3. Ваколатхона, элчихона даражасига тенглаштирилган халқаро ташкилотларга тегишли «СМД», «Д» ва «UN» индексли транспорт воситаларининг ҳайдовчилари йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузган тақдирда ДАН ходими уни тўхтатиб, қоидабузарликни қайд этгач, қўйиб юбориши ва бу ҳақда ДАНБ раҳбариятини хабардор этиши зарур. ДАНБ раҳбари эса бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ва миллий хавфсизлик хизматига (МХХ) зудлик билан хабар қилади.
2.4. Тегишли ваколатга эга бўлган чет элликларга қарашли транспорт воситаларида (агар уларга тиббий ёрдам кўрсатиш лозим бўлмаса) йўл-транспорт ҳодисаси содир этилса, ДАН ходими ҳайдовчига ҳодиса юзасидан ҳужжатларни расмийлаштиришда қатнашишини тавсия этади. Агар ҳайдовчи ёки унинг ёнида ўтирган йўловчилардан бирор киши ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этишни хоҳламаса, улар ҳақидаги зарур маълумотларни ёзиб олиб, кетишга рухсат этади ва бу ҳақда навбатчини хабардор этади у эса ўз навбатида ТИВ ва МХХ га хабар қилади (Ҳодисани расмийлаштириш жараёнида Ташқи ишлар вазирлигининг ходими иштироки шарт).
Воқеа жойини кўздан кечириш баённомасида ҳайдовчининг қатнашмаслик сабаби кўрсатилиб, уни тузган ходим ҳамда гувоҳларнинг имзоси билан тасдиқланади.
2.5. «Т», «М», «К», «Н» ва «Р» индексли транспорт воситалари ҳайдовчилари йўлларда ҳаракатланиш қоидасини бузган ҳолларда уларга нисбатан маъмурий чоралар умумий тарзда қўлланилади.
3. РЕСПУБЛИКА АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИДА ЧЕТ ЭЛЛИК ФУҚАРОЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛГАН ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ҲАРАКАТЛАНИШ ТАРТИБИ
3.1. Транспорт воситаларида қуйидагилар, яъни:
3.1.1. Республикамизнинг чет эл фуқаролари учун очиқ бўлган ҳудудларининг автомобиль йўлларида, чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг раҳбари ва уларнинг оила аъзолари (зарур бўлганда ўзларининг шахсий ҳайдовчиси ва шахсий таржимонлари кузатувида юришлари мумкин).
3.1.2. Халқаро автомобиль ҳаракати учун очиқ бўлган йўлларда, дипломатик ва консуллик ваколатхоналарнинг бошқа ходимлари, Ташқи ишлар вазирлиги аккредитивини олган чет эл корхоналари, фирма, банк ходимлари, чет эл автосайёҳлари ва юк автомобили ҳайдовчилари юришлари мумкин.
3.1.3. Республикамизда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролик ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар автомобиль йўлларида доимий яшайдиган ишларидаги Ички ишлар идораларини рухсатномаси билан юришлари мумкин (чет эл фуқаролари учун ёпиқ бўлган туманлар бундан мустасно).
3.2. Тошкент шаҳар ИИББ ДАНБ навбатчиси «СМД», «Д», «UN» белгили транспорт воситалари Тошкент шаҳридан ташқарига чиққани ҳақида зудлик билан МХХ га ахборот бериши керак.
3.3. Чет эл дипломатик ва консуллик ваколатхоналари ходимлари, Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитив олган чет эл журналистлари, чет эл корхоналари вакилларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўз шахсий транспорт воситаларида киришга рухсат берилади.
3.4. Республикамизда доимий ҳамда вақтинчалик яшайдиган чет элликлар ва фуқаролик ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга тегишли транспорт воситалари ДАН томонидан рўйхатга олинганда, уларга қуйидагича махсус давлат белгилари берилади:
3.4.1. «СМД» 4 та рақамдан иборат. Рақам белгилари яшил фонга ва оқ рангли рамзга эга бўлади. Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг хизматда фойдаланадиган ва шахсий транспорт воситаларига берилади. Биринчи 2 та рақам ваколатхона белгиси, иккинчи 2 та рақам транспорт воситасининг тартиб сони.
3.4.2. «Д» 4 та рақамдан иборат. Рақам белгилари яшил фонга ва оқ рангли рамзга эга бўлади. Бундай давлат белгилари элчихона даражасидаги чет эл дипломатик, консуллик ваколатхоналар ва бошқа халқаро ташкилотлар транспорт воситаларига ҳамда ушбу ваколатхоналарнинг дипломат даражасидаги ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг шахсий транспорт воситаларига берилади.
3.4.3. «UN» 4 та рақамдан иборат. Рақам белгилари мовий фонга ва оқ рангли рамзга эга бўлиб, Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) республикамиздаги вакилларига берилади.
3.4.4. «Т» 4 та рақамдан иборат. Рақам белгилари яшил фонга ва оқ рангли рамзга эга бўлади. Бундай давлат белгиси дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, бошқа халқаро ташкилотларининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари, ҳамда уларнинг оила аъзоларига қарашли транспорт воситаларига берилади. Биринчи 2 та рақам ваколатхона белгиси, иккинчи 2 та рақам транспорт воситасининг тартиб сони.
3.4.5. «М» 4 та рақамдан иборат. Рақам белгилари мовий фонга ва оқ рангли рамзга эга бўлади. Бундай давлат белгилари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда очилган чет эл фирмалари, банклар ва бошқа ташкилотларга, шунингдек ана шу ваколатхоналарнинг Ўзбекистон Республикасида аккредит қилинган ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига қарашли транспорт воситаларига берилади. Биринчи 2 та рақам чет давлат белгиси, иккинчи 2 та рақам транспорт воситасининг тартиб сони.
3.4.6. «К» 4 та рақамдан иборат. Рақам белгилари мовий фонга ва оқ рангли рамзларга эга бўлади. Чет эллик оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналарига, ана шу ваколатхоналарнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига қарашли транспорт воситаларига берилади. Биринчи 2 та рақам чет давлат белгиси, иккинчи 2 та рақам транспорт воситасининг тартиб сони.
3.4.7. «Н» 6 та рақамдан иборат. Рақам белгилари сариқ фонга ва қора рангли рамзга эга бўлади. Бундай давлат белгилари чет эл фуқаролари томонидан бошқариладиган Ўзбекистон билан чет элнинг биргаликдаги корхоналарнинг ёки ана шундай корхоналар ходимларининг, Ўзбекистон Республикасига ўқишга ва шахсий хизмат ишлари билан келган чет эллик фуқароларнинг, Ўзбекистон Республикасида виза бўйича доимий яшовчи чет эллик фуқаролар ёки фуқаролик ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг, ҳамда чет эллик фуқароларга ижарага бериладиган транспорт воситаларига берилади. Биринчи 3 та рақам республика ва вилоят белгиси, иккинчи 3 та рақам транспорт воситасининг тартиб сони.
3.4.8. «Р» 6 та рақамдан иборат. Рақам белгилари сариқ фонга ва қора рангли рамзга эга бўлади. Бундай давлат белгилари узил-кесил чет элга олиб чиқиб кетилиши муносабати билан ҳисобдан чиқарилган, Ўзбекистон Республикасида чет эллик фуқаролар томонидан сотиб олинган ва Ўзбекистон Республикасидан узил-кесил олиб чиқиб кетилиши лозим бўлган транспорт воситаларига берилади. Биринчи 3 та рақам республика ва вилоят белгиси, иккинчи 3 та рақам транспорт воситаларининг тартиб сони.
3.5. Ўзбекистон Республикасига келган чет эллик фуқароларнинг ДАН рўйхатидан ўтмайдиган транспорт воситаларида араб рақамида ёки унинг олдида лотин тилидаги ҳарфлардан иборат давлат рақам белгилари бўлиши шарт. Бу рақам белгилари, ҳамда чет давлатнинг ажратувчи белгиси транспорт воситасининг ўзида ёки унга бириктирилган махсус табличкага ўрнатилади. Чет давлатнинг ажратувчи белгиси эллипс шаклида бўлган оқ рангли табличкага ёки транспорт воситасининг ўзига лотин алфавитидаги бир, икки ёки учта бош ҳарфларни қора рангда ёзиш билан белгиланади.
Агар рақам белгилари ёки ҳарфлар бошқа тилда ёзилган бўлса, бу ҳолда қайд этиш белгилари араб рақам белгилари ва лотин тилидаги бош ҳарфларда қайтариб берилади.
3.6. Ўзбекистон Республикасига хизмат юзасидан, савдо-сотиқ жамоат ишлари, шунингдек бошқа ишлар билан келган чет эл фуқаролари, республика ташкилот ва муассасаларига қарашли транспорт воситаларида белгиланган дастур ва режага асосан уларни қабул қилган ташкилот вакили кузатувида ҳаракатланишлари мумкин.
Уларга яшашга рухсат этилган шаҳар, аҳоли яшайдиган жойларда «такси» хизматидан фойдаланишлари мумкин.
3.7. Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида юрган барча чет эл фуқаролари қуйидагиларга эга бўлишлари шарт:
3.7.1. Шахсини исботловчи ҳужжатлар, яъни:
3.7.1.1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан бериладиган дипломатик (консуллик) варақа, дипломатик иммунитетга эга бўлган шахсларда дипломатик паспорт.
3.7.1.2. Элчихона ва ваколатхоналарнинг маъмурий-техник ва хизматчи ходимларида хизмат варақлари (унда кўрсатилган ваколатлардан ушбу тоифадаги ходимлар фақат хизмат вазифаларини бажаришларида фойдаланишлари мумкин).
3.7.1.3. Иқтисодий ҳамкорликдаги Халқаро банкларда ишлайдиган чет эл фуқароларининг шахсий гувоҳномаси.
3.7.1.4. Ўзбекистон Республикаси вақтинча яшовчи, хизмат вазифалари ёки хизмат сафарига, ёхуд ўз иши билан келган чет эл фуқароларида, автосайёҳлар, автомобиллари ҳайдовчиларида Ички ишлар идораларида ёки меҳмонхоналарда рўйхатга олинган миллий паспортлар, Ўзбекистон Республикасига кириш ёки ўтиб кетиш учун берилган виза ёҳуд яшаш гувоҳномаси.
3.7.2. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар:
3.7.2.1. Ҳаракат хавфсизлиги ҳақидаги Халқаро конвенция талабларига жавоб берадиган халқаро ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ўзбек тилидаги тасдиқланган таржимаси билан ёхуд Давлат автомобиль назорати бошқарма (бўлим)лари томонидан берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси.
3.7.2.2. Давлат автомобиль назорати томонидан берилган техник паспорт ёки техник талон, Ўзбектуризм давлат комитетидан бериладиган ижара варақаси ёки транспорт воситаси чиқиб келган мамлакатнинг халқаро гувоҳномаси.
3.7.3. Автомобиль йўлларида ҳаракатланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар:
3.7.3.1. Чет эллик автосайёҳларга-сайёҳнинг фамилияси, исми-шарифи, қайси давлат фуқароси эканлиги, транспорт воситасининг давлат белгиси, ҳаракат йўналиши, чет давлат автобуслари ҳайдовчиларининг тўхташ жойи ва санаси кўрсатилган далолатнома (ваучер). Далолатномада кўрсатилганлар Ўзбекистон Республикасига кириш учун берилган виза билан бир хил бўлиши керак.
3.7.3.2. Республикамизда доимий ва вақтинчалик яшайдиган чет элликларга ёки фуқаролик ҳуқуқига, эга бўлмаган шахсларга, яшаш (жойидаги Ички ишлар идораси томонидан бериладиган рухсатнома (унда транспорт воситасини русуми, давлат белгиси, ҳаракат йўналиши ва ҳоказолар кўрсатилади).
3.7.3.3. Чет эл юк автомобиллари ҳайдовчиларига юк ташиш рухсатнома ва юк ҳужжати (унда юкнинг номи, оғирлиги, чиқиш жойи ва олиб борилаётган манзилгоҳи, тушириш (ортиш) вақти кўрсатади).
4. ЧЕТ ЭЛ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ЭГАЛАРИНИНГ ЙЎЛДА ҲАРАКАТЛАНИШ ҚОИДАЛАРИ ВА ЖАМОАТ ТАРТИБИГА РИОЯ ҚИЛИШИНИ НАЗОРАТ ЭТИШНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ
4.1. Чет эл фуқароларига тегишли бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланишини назорат қилиш мақсадида халқаро автомобиль ҳаракати учун очиқ бўлган автомобиль йўлларда Давлат автомобиль назоратининг махсус масканлари ташкил этилади.
4.2.Махсус масканларда хизмат қилаётган ДАН йўл-патруль хизмати инспекторларининг хизмат жойидан кетиб қолишлари қатъиян ман этилади.
Айрим ҳолатларда (фавқулодда касал бўлиб қолганда, ҳодисалар вақтида жароҳат олганларга ёрдам бериш зарур бўлганда, табиий офат вақтида, жиноятчиларни ушлаш чоғида) навбатчининг рухсати билангина масканни ташлаб кетиши мумкин. Навбатчи эса масканга бошқа ходим қўйиш чораларини кўради.
4.3. Махсус масканда хизмат вазифасини ўтаётган йўл-патруль хизмати инспектори унга қўйилган умумий талаблардан ташқари қуйидагиларни билиши шарт:
4.3.1. Бу масканда хизмат ўташни алоҳида хусусиятлари вилоят, республика доирасида халқаро автомобиль ҳаракати учун доимо ва вақтинчалик очиқ бўлган автомобиль йўлларини, ҳамда яқин атрофда жойлашган махсус масканларни ва улар билан боғланиш усулларини.
4.3.2. Масканга яқин жойлашган чет эл фуқароларини тунаши учун мўлжалланган жойларни, уларни транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қўйиш, алоқа бўлинмалари, тиббиёт муассасалари, давлат идоралари бўлинмалари жойлашган жойларни.
4.4. ДАН йўл-патруль хизмати инспектори махсус масканда хизмат ўташ вақтида:
4.4.1. Қўзғалмас масканларида бўлиши зарур бўлган ҳисобга олиш китобига давлат белгилари «СМД», «Д», «UD», «Т», «М», «К», «Н», «Р» бўлган транспорт воситаларини ва чет эл фуқароларига тегишли бўлган юк автомобилларини ўтишини қайд қилади. Агар йўл-патруль хизмати инспектори навбатчидан кўрсатма олган бўлса, у ҳолда чет эл фуқаролари бўлган барча бошқа транспорт воситаларини ҳам шу китобга рўйхатга олади. Бу ҳақда навбатчига хабар қилади, у эса ўз навбатида МХХ идораларига ахборот беради. Чет эл фуқароларига тегишли бўлган транспорт воситаларини рўйхатга олиш иложи борича қисқа вақтда амалга оширилиши зарур, бу вақтда улар тўхтатилмайди.
4.4.2. Рўйхатга олиниши зарур бўлган транспорт воситаси кетаётганлиги тўғрисида қўшни махсус масканни хабардор қилади. Бундай маълумотни олган инспектор хизмат қилаётган ҳудудда чет элликларга тегишли бўлган транспорт воситаларини ҳаракатланишини назорат қилиш ва улар йўналишдан чиқиб кетган ёки тўхташ тақиқланган жойларда тўхтаган ҳолларда, бу ҳақда навбатчига ахборот бериб, уларни қидириб топиш чораларини кўради. Навбатчи эса МХХ идораларига хабар қилади.
4.4.3. Чет эл фуқаролари учун очиқ бўлган ҳудудларда дипломатик (консуллик) ваколатхоналар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги аккредитивига эга бўлган чет эллик мухбирлар, Ўзбекистонда доимий (вақтинча) яшайдиган чет эл фуқаролари, автосайёҳлар транспорт воситаларида ҳаракатланиши олдиндан хабар қилинмайди.
4.4.4. Давлат белгиси Ўзбекистон Республикасига қарашли бўлган транспорт воситаларида кузатувсиз ҳаракатланаётган чет элликларни, белгиланган йўналишдан чиқиб кетган чет эл фуқароларини тўхтатиб, ҳаракатланиш қоидаларини бузилиш сабабларини аниқлайди ва уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиради. Ушбу ҳолат бўйича навбатчини хабардор этади ва уни кўрсатмасига биноан ҳаракат қилади.
4.4.5. Чет эл фуқаролари тўхташи мумкин бўлмаган жойларда (овқатланиш, савдо-сотиқ, алоқа, техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қуйиш жойлари, ҳамда дам олиш майдонлари бундан мустасно) тўхтаб турганлиги аниқланганда уларга нисбатан баённома тузади ва рухсат берилган йўналишда ҳаракат қилишни таклиф қилади.
Чет давлатлар билан ўзаро келишув бўлмаган бўлса, чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш ёки ўтиб кетиш учун визаси йўқлиги қўшни давлатлар билан чегарага яқин масканларда аниқланган тақдирда бу фуқаролар республика ҳудудига киритилмайди.
4.4.6. Баённомаларни сафдаги бўлинма командирига топширади, у эса уларни тегишли чора кўриш учун қоидабузарлик содир этилган жойдаги Ички ишлар бўлимига юборади.
4.4.7. Чет элликларга қарашли транспорт воситаси техник носозлиги ёки белгиси тугаганлиги туфайли тўхтаб қолган (тўхтаб турган) бўлса, уни техник хизмат кўрсатиш, ёпип қўйиш жойларигача ёки тўхташ тақиқланган жойдан ташқаригача (тортиб) олиб бориш чораларини кўради. Бу ҳақда навбатчини хабардор қилади.
4.4.8. Маст ҳолатда бўлган барча чет эл фуқароларини транспорт воситасини бошқаришдан четлаштиради. Бундай ҳолатларда транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳеч қандай иммунитетга эга бўлмаса, унга нисбатан чора умумий асосда қўлланилади. Агар ҳайдовчи иммунитетга эга шахс бўлса, унинг розилиги билан тиббиёт кўригидан ўтишни таклиф қилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгани ҳақида баённома тузиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб беради.Ҳайдовчи текширишдан бош тортган тақдирда баённома икки гувоҳ иштирокида тузилади. Бу ҳақда ДАНБ навбатчисига ахборот беради, у эса ўз навбатида МХХ идораларини хабардор этиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг навбатчиси орқали элчихона (ваколатхона) вакилини баённома билан танишиш ва транспорт воситасини олиб кетиш учун чақиртиради. Вакилни чақиришни иложи бўлмаса, ҳайдовчига транспорт воситасини қолдириб, яшаш жойигача таксида ёки бошқа транспортда кетишини таклиф қилади. Агар транспорт воситаси ҳаракатга халақит берадиган бўлса, уни яқинига жойлашган тўловли сақлаш жойигача олиб бориб қўйиш чорасини кўради.
4.4.9. Чет эл фуқаролари томонидан йўлда ҳаракатланиш қоидалари бошқача тарзда бузилган вақтда, йўлда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий иш юритишни ташкил этиш ҳақидаги йўриқномада белгилаб қўйилган тартибда ҳаракат қилади.
4.4.10. Чет эл фуқаролари бўлган транспорт воситалари иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисида навбатчига ахборот беради ва белгиланган тартибда ҳаракат қилади.
4.4.11.Чет эл фуқаролари томонидан жамоат тартибини бузиш ҳолларини олдини олиш чораларини кўради, зарур бўлиб қолган тақдирда бундай шахсларни шаҳар, туман Ички ишлар идораларининг навбатчилик қисмига олиб боради.
Агар иммунитетга эга чет эл фуқароси қоидабузарлик содир этса, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдан керакли маълумотлар ёзиб олинади, чет эл фуқароси эса ушлаб турилмайди. У йўл қўйган қоидабузарлиги учун жойида баённома тузилиб, уни тузувчи ва гувоҳлар имзоси билан тасдиқланади, қоидабузар баённомани тузиш вақтида иштирок этиши ва рози бўлган ҳолда унга имзо чекиши мумкин, инспектор бу ҳақда навбатчига ахборот беради.
4.4.12. Чет эл фуқаролари томонидан ёки уларга нисбатан жиноят содир этилганда, уни ушлаш, гувоҳларни аниқлаш, жиноят содир этилган жойни ва ашёвий далилларни қўриқлаш чораларини кўради.
Навбатчилик қисмига бўлган воқеани маълум қилиб, навбатчининг кўрсатмасига амал қилган ҳолда ишини давом эттиради.
4.4.13. Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳаракатланганларида ёки тўхтаб турганларида ҳарбий техниканинг барча турларини, қуролларни, ҳарбий иншоотларни, муассасаларини, ёқилғи омборларини, денгиз портларини, катта сув иншоотларини, ер ости йўлларини (тоннелларни), темир йўл ва автомобиль йўллари кўприкларини, саноат корхоналарини, илмий текшириш институтларини-лабораторияларини, электростанцияларни, радиостанцияларни, телефон ва телеграф станцияларини расмга — кинога олиши қатъиян ман этилади.
Уларга ҳайкалларни, маданий оқартув биноларини ва тиббиёт масканлари, ўқув юртларини, театрлар, музейлар, маданият ва дам олиш боғларини, стадионлар-кўчалар, майдонлар, аҳоли яшаш жойларини расмга олишларига ва чизишларига рухсат берилади.
Чет эл фуқароси тақиқланган жойларни кинога, расмга олаётган ёки чизаётган бўлса, инспектор уни олдини олиш чораларини кўради. Унинг шахсини аниқлаб, кино-фото ҳужжатларини йўқотмаслик чораларини кўради ва дарҳол навбатчилик қисмига ахборот беради.
4.5. Сафдаги бўлинманинг навбатчиси кўрсатма ва топшириқларни зарур бўлган ҳолларда миллий хавфсизлик хизмати идораларининг навбатчиси билан келишиб олади.
4.6. Чет эл фуқаролари томонидан содир этилган барча қоидабузарликлар ҳақида 1 кунлик муддатда, ёзма равишда уларни ёллаган ёки қабул қилган вазирлик ва ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси МХХ огоҳ этилади.
5. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ БИЛАН МУОМИЛА ҚИЛИШ ТАРТИБИ:
5.1. ДАН йўл-патруль хизмати ходими чет эл фуқаролари билан босиқ ҳолда, ақл-фаросат билан хушмуомила тарзда гаплашиши лозим. Ўз хизмат бурчини бажариш жавобгарлигини доимо эсда тутиши керак.
5.2. Чет эл фуқаролари билан хизмат вазифаларини бажаришда, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузилишини олдини олиш, ҳаракат шароитларини, тунаш, ёқилғи қуйиш ва транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш жойларини тушунтириш вақтидагина мулоқотда бўлиши мумкин.
Агар чет эл фуқароси ДАН ЙПХ ходимининг вазифалари билан боғлиқ бўлмаган саволлар билан мурожаат қилса, унга тегишли муассаса ва ташкилотларга (дипломатик ва элчилик ваколатхоналари вакилларига Ташқи ишлар вазирлигига, сайёҳларга — чет эл сайёҳларига хизмат кўрсатадиган идораларга, чет эл юк ташувчиларига, паспорт бўлинмаларига ёки визалар ва рухсатномалар бериш бўлимларига) учрашишларини тавсия этади.
5.3. ДАН ЙПХ ходимларининг чет элликлардан ҳеч қандай совға олиши мумкин эмас. Шунингдек, сақлаб туриш шарти билан бирор нарсасини олиб қолиши ҳамда уларнинг транспорт воситаларидан фойдаланишлари қатъиян ман этилади.
5.4. ДАН ходимлари чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида ҳаракатланиши билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал этиш вақтида Ўзбекистон Республикаси ИИВ нинг тегишли ҳужжатларига амал қилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДАН Бошқармаси бошлиғи милиция полковниги М. БЕКМУРОДОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 14 январь