ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ПАЛАТАЛАРИНИНГ КЕЛИШУВ КОМИССИЯСИНИ ТУЗИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
Тартиби
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Cенати томонидан рад этилган қонун юзасидан юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг келишув комиссиясини (бундан буён матнда келишув комиссияси деб юритилади) тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (84-модда), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги (30-31-моддалар), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги (25-модда) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунлари, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги (16-модда), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги (11-12-моддалар) Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти (137—144-моддалар) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига (28-модда) мувофиқ ишлаб чиқилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган қонунни кўриб чиқиш натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:
қонунни маъқуллаш тўғрисидаги қарор;
қонунни рад этиш тўғрисидаги қарор;
қонунни рад этиш ҳамда келишув комиссиясини тузиш ҳақида Қонунчилик палатасига таклиф киритиш тўғрисидаги қарор.
3. Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этиш важлари кўрсатилиши керак. Унда бир вақтнинг ўзида қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлиги тўғрисидаги, шунингдек Сенатдан келишув комиссиясига аъзо этиб сайланган сенаторларнинг фамилияларини аниқ кўрсатган ҳолда келишув комиссиясини тузиш ҳақидаги таклифлар баён этилиши мумкин. Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.
4. Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.
5. Келишув комиссияси таркибига номзодлар юзасидан Сенат Раиси ва Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказилади.
6. Келишув комиссиясининг мажлислари комиссия аъзоларининг хоҳишига кўра Қонунчилик палатасида ёки Сенатда ўтказилади.
7. Келишув комиссиясининг ишини ташкилий, ахборот, ҳужжатлаштириш жиҳатидан ва бошқача тарзда таъминлаш комиссия қаерда ишлашига қараб, тегишинча Қонунчилик палатаси Девони ёки Сенат Девони томонидан амалга оширилади.
II. Сенат томонидан келишув комиссияси таркибини шакллантириш
8. Сенатда келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги ташаббус Сенат Раисидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисмини ташкил этувчи сенаторлардан чиқиши мумкин.
9. Келишув комиссияси таркибига, қоида тариқасида, қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмита аъзолари сайланади. Бошқа қўмиталарнинг мазкур қонун бўйича махсус билими бўлган сенаторлари ҳам комиссия таркибига киритилиши мумкин.
10. Келишув комиссияси таркиби Сенатнинг камида учта аъзосини ўз ичига олиши ва Қонунчилик палатаси билан биргаликда тенглик асосида белгиланадиган миқдорда бўлиши керак.
11. Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган таркиби унинг ялпи мажлисида, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан тасдиқланади. Келишув комиссияси тузиш ва унинг таркибига сенаторларни сайлаш тўғрисидаги тўхтам Сенатнинг қарори билан расмийлаштирилади, қарор лойиҳасини масъул қўмита Кенгашга киритади, кейинчалик масала Сенатнинг ялпи мажлисига киритилади. Комиссия таркиби Кенгаш томонидан тасдиқланган тақдирда (Сенат мажлислари оралиғидаги даврда), унинг тўхтами Кенгаш қарори билан расмийлаштирилади.
12. Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисини сайлайдилар. Комиссиянинг Сенат тарафидан ҳамраиси сайланганлиги келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган аъзолари қарори билан расмийлаштирилади.
13. Келишув комиссияси аъзоси бўлган сенаторнинг ваколатлари тугаган (муддатидан олдин тугатилган) тақдирда у Сенат томонидан махсус қарор қабул қилинмасданоқ комиссия таркибидан чиқарилади. Келишув комиссияси таркибидан чиқиб кетган аъзоси ўрнига Сенат ёки унинг Кенгаши томонидан келишув комиссиясининг янги аъзоси сайланади.
14. Келишув комиссиясининг янги аъзосини сайлаш тўғрисида Сенат ёки унинг Кенгаши қабул қилган қарор Қонунчилик палатасига юборилади.
III. Қонунчилик палатаси томонидан келишув комиссияси таркибини шакллантириш
15. Сенат томонидан рад этилиб, Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан масъул қўмитага хулоса тайёрлаш учун топширилади. Сенат томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси Қонунчилик палатаси муҳокамасига қуйидаги тавсиялардан бирини киритиши мумкин:
келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги тавсия;
қонунни Қонунчилик палатаси қабул қилган аввалги таҳрирда қабул қилиш тўғрисидаги тавсия;
қонунни Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқмаслик тўғрисидаги тавсия.
16. Қонунчилик палатасида келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги ташаббус Қонунчилик палатаси Спикеридан, сиёсий партиялар фракцияларидан ва депутатлар гуруҳларидан чиқиши мумкин.
17. Келишув комиссияси таркибига, қоида тариқасида, қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмита аъзолари сайланади. Бошқа қўмиталарнинг мазкур қонун бўйича махсус билими бўлган депутатлари комиссия таркибига киритилиши мумкин.
18. Келишув комиссияси таркиби Қонунчилик палатасининг камида учта депутатини ўз ичига олиши ва Сенат билан биргаликда тенглик асосида белгиланадиган миқдорда бўлиши керак.
19. Сенатнинг келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифи қабул қилинган тақдирда, келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркиби Қонунчилик палатасининг мажлисида тасдиқланади.
20. Келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги ва унинг таркибига депутатларни сайлаш ҳақидаги тўхтам Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади. Қарор лойиҳаси масала Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилиши учун Кенгашга масъул қўмита томонидан киритилади,
21. Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисини сайлайдилар. Комиссиянинг Қонунчилик палатаси тарафидан ҳамраиси сайланганлиги келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган аъзолари қарори билан расмийлаштирилади.
22. Келишув комиссияси аъзоси бўлган депутатнинг ваколатлари тугаган (муддатидан олдин тугатилган) тақдирда у Қонунчилик палатаси томонидан махсус қарор қабул қилинмасданоқ комиссия таркибидан чиқарилади. Келишув комиссияси таркибидан чиқиб кетган аъзоси ўрнига Қонунчилик палатаси томонидан келишув комиссиясининг янги аъзоси сайланади.
23. Келишув комиссиясининг янги аъзосини сайлаш тўғрисида Қонунчилик палатаси қабул қилган қарор Сенатга юборилади.
IV. Келишув комиссиясининг фаолияти тартиби
24. Келишув комиссияси таркибига сайланган депутат ёки сенатор унинг мажлисларида ҳозир бўлиши шарт. Келишув комиссияси мажлисида ҳозир бўлиш имконияти йўқлиги тўғрисида депутат ёки сенатор келишув комиссиясининг тегишли палатадан сайланган ҳамраисини олдиндан хабардор этади.
25. Келишув комиссиясининг мажлисларида келишув комиссиясининг тегишли палатадан сайланган ҳамраислари навбатма-навбат раислик қиладилар.
26. Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади. Келишув комиссияси қонуннинг Сенат томонидан эътироз билдирилмаган айрим моддалари таҳририни ўзгартириш тўғрисида, агар бундай ўзгартиришни келишув комиссияси томонидан қўллаб-қувватланган Сенат таклифлари асосида ишлаб чиқилган қонун моддаларининг янги таҳрири тақозо этадиган бўлса, қарор қабул қилишга ҳақли.
27. Келишув комиссияси қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган депутатлар ва сенаторларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Агар келишув комиссияси томонидан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, қарор очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
28. Келишув комиссияси қонун бўйича келишмовчиликларни кўриб чиқишда олимлар ва мутахассислардан маслаҳатлар олишга, зарур материаллар ва маълумотларни талаб қилишга ҳақлидир.
29. Келишув комиссиясининг мажлисида баённома юритилади. Зарурат бўлганда келишув комиссиясининг қарорига биноан комиссия мажлиси стенограмма қилинади.
30. Агар келишув комиссиясининг иш якунлари бўйича қонун юзасидан келишувга эришилмаган бўлса, Қонунчилик палатаси қонунни Сенат томонидан рад этилган қонун сифатида қайта кўриб чиқиши керак. Келишувга эришиш имконияти бўлмаган тақдирда, баённома тузилиб, комиссия ҳамраислари имзолагач, Сенатга ва Қонунчилик палатасига юборилади.
31. Агар келишув комиссияси ягона фикрга келган бўлса, ўз ишининг натижалари асосида комиссия келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова этилади.
32. Келишув комиссияси хулосаси комиссиянинг Сенатдан ва Қонунчилик палатасидан сайланган ҳамраислари томонидан имзоланади ҳамда тегишинча Сенатга ва Қонунчилик палатасига юборилади.
V. Якунловчи қоидалар
33. Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан сайланган ҳамраиси қонунни қайта кўриб чиқиш санаси белгиланиши учун қуйидаги ҳужжатларни Кенгаш муҳокамасига киритади:
келишув комиссияси хулосаси;
келишув комиссияси мажлисининг баённомаси ва қиёсий жадвал;
қонунга доир ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси;
келишув комиссияси таклиф этаётган таҳрирдаги, келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан сайланган ҳамраиси томонидан виза қўйилган қонун.
34. Қонунчилик палатаси келишув комиссияси хулосаси тақдим этилган кундан эътиборан ўн кун ичида комиссия таклифларини кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши керак.
35. Қонунчилик палатаси келишув комиссиясининг таклифлари юзасидан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.
36. Келишув комиссиясининг хулосасини кўриб чиқиш натижалари асосида Қонунчилик палатаси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
келишув комиссиясининг таклифларини қабул қилиш тўғрисидаги қарор;
келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун ишни Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда давом эттиришни таклиф қилиш тўғрисидаги қарор;
кўриб чиқилаётган қонун моддаларининг янги таҳрири бўйича келишув комиссиясининг таклифини рад қилиш тўғрисидаги қарор.
37. Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда, қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни қайта кўриб чиқишда келишув комиссияси мажлисининг баённомасидаги мавжуд таклифларгина муҳокама қилинади. Бундай ҳолда қонун одатдаги тартибда қабул қилинади.
38. Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда ҳам Қонунчилик палатаси келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун ишни Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.
39. Қонунчилик палатаси қонунни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилган тақдирда, қонун Сенатга маъқуллаш учун зарур материаллар илова қилинган ҳолда беш кун ичида юборилади.
40. Агар Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси уни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилмаса ва Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорига рози эмаслигини билдирса, қонун илгари қабул қилинган таҳрирда овозга қўйилади.
41. Агар Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ва имзоланиши ҳамда эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан ўн кун ичида юборилади.
42. Агар Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасида илгари қабул қилинган таҳрирда овозга қўйилганда ушбу қонун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмининг овозини ололмаса, кўриб чиқилаётган қонун қабул қилинмаган ҳисобланади.
43. Кўриб чиқилаётган қонун бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан узил-кесил қарор қабул қилингандан кейин келишув комиссияси Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг тегишли қарорларига биноан тугатилади.