Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
2007 ЙИЛДА ПАХТА ЕТИШТИРИШНИНГ ПРОГНОЗ ҲАЖМЛАРИ ВА ҒЎЗАНИ НАВЛАР БЎЙИЧА ЖОЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ғўзанинг пахта толаси сифати бўйича жаҳон стандартлари ва талабларига жавоб берадиган тезпишар ва юқори ҳосилли селекция навларини янада оқилона жойлаштириш, 2007 йил ҳосили учун ғўза экиш бўйича барча ишлар комплексининг ўз вақтида ташкил этилишини таъминлаш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг:
2007 йилда 1-иловага* мувофиқ пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари;
* 1-илова рус тилидаги матнда берилади.
рўзанинг районлаштирилган ва истиқболли навларини 2-иловага* мувофиқ жойлаштириш;
* 2-илова рус тилидаги матнда берилади.
2007 йил учун ғўзанинг асосий селекция навларини истиқболлилиги ва иқтисодий рағбатлантирилиши бўйича 3-иловага* мувофиқ гуруҳларга ажратиш;
* 3-илова рус тилидаги матнда берилади.
чигитни 4-иловага* мувофиқ плёнка остига экиш ва хўжаликларни полиэтилен плёнкалар билан таъминлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
* 4-илова рус тилидаги матнда берилади.
2. 2007 йилда давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта толаси ҳажми унинг амалда етиштириладиган ҳажмининг 50% миқдорида сақлаб қолинсин.
Пахта етиштиришнинг 1-иловада кўрсатилган ҳажмлари 2007 йил ҳосили учун пахта етиштирувчи хўжаликлар ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида контрактация шартномалари тузишда назорат кўрсаткичлари сифатида қаралсин.
3. Белгилансинки, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари:
туманда иккитадан ортиқ бўлмаган, хўжаликларда эса битта тавсия этилган ғўза нави экилишини ҳисобга олган ҳолда ғўза навларини жойлаштиришнинг тасдиқланган тартибига риоя қилиниши;
республика илмий-тадқиқот институтлари томонидан ишлаб чиқилган тавсияномалар бўйича ҳар бир селекция навлари учун ғўзани парвариш қилиш агротехникасига қатъий амал қилиниши учун шахсан жавобгар бўладилар.
4. «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:
2007 йил 20 февралгача уруғлик пахтани тозалашни, 27 февралгача эса — эҳтиёт захирасини ҳисобга олган ҳолда, уруғлик чигит тайёрлашни тугалласин, шунингдек уруғчилик корпорациялари ва компанияларини туксизлантирилган чигитлар билан 5-иловага* мувофиқ ҳажмларда таъминласин;
* 5-илова рус тилидаги матнда берилади.
хўжаликларга юқори сифатли уруғлик чигитнинг фақат дориланган ва сертификатлар мавжуд бўлган ҳолда, селекция навларини 50%дан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўлаш шарти билан жойлаштиришнинг тасдиқлан-ган тартибига қатъий мувофиқ равишда берилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
уруғлик чигит экиш учун пахта экадиган хўжаликлар рўйхатини бир ой муддатда танлов асосида қайта кўриб чиқсинлар;
ғўзанинг янги навларини синашни фақат илмий-тадқиқот институтларининг экспериментал базаларида, базавий хўжаликларда, янги навларни олдиндан кўпайтириш хўжаликлари ва давлат нав синаш участкаларида амалга оширсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев:
пахта етиштирувчи хўжаликлар билан «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик жамиятлари-ўртасида контрактация шартномаларининг ўз вақтида тузилиши устидан назоратни;
тузилган шартномаларга мувофиқ пахта етиштирувчи хўжаликларга минерал ўғитларни олдиндан 75% ҳақини тўлаш шарти билан ўз вақтида етказиб бериш ишларининг мувофиқлаштирилишини;
ёқилғи-мойлаш материалларининг белгиланган тартибда ҳақини тўлаш шарти билан узлуксиз етказиб берилишини;
ғўзани парвариш қилишда агротехника тадбирларининг сифатли ўтказилишини, моддий ресурсларни етказиб беришда шартнома мажбуриятларига амал қилинишини таъминламаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан қаттиқ интизомий жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминласин.
7. Қуйидагилар, истисно тариқасида:
Шўртан газ-кимё комплекси 2007 йилда чигит экиш учун полиэтилен плёнка ишлаб чиқарувчи заводларга хом ашё (гранулалар)нинг барча ҳажмини сотишда;
«Жиззах пластмасса» акциядорлик жамияти ва «Андижонполиэтилени» қўшма корхонаси - тайёр полиэтилен плёнкаларни пахта етиштирувчи хўжаликларга сотишда;
экиш учун мўлжалланган уруғлик чигити - тизим ичида ҳаракатланганда ва 2007 йил ҳосили учун «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан сотишда қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 27 декабрь,
ПҚ-543-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 12-сон, 721-модда)