Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
2007 ЙИЛДА БОЛАЛАР СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИ БЮДЖЕТИНИ ВА БОЛАЛАР СПОРТ ОБЪЕКТЛАРИ ҚУРИЛИШИНИНГ МАНЗИЛИ АНИҚ ДАСТУРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Жисмоний ва маънавий соғлом ёш авлодни камол топтиришга йўналтирилган оммавий болалар спортини кенг ривожлантириш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошира бориш, шунингдек болалар спорт комплексларини 2004—2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш билан чамбарчас боғлиқ ҳолда қуриш, реконструкция қилиш ва спорт анжомлари билан жиҳозлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2007 йилги даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрлари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;
* 1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тайёрланган, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган болалар спорти объектларини қуриш ва реконструкция қилиш аниқ манзилли дастури 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган .
2. Қуйидагилар:
республика ҳамда ҳудудий ташкилотлар ва корхоналарнинг, шунингдек хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига ихтиёрий равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги ташаббуси 4—6-иловаларга* мувофиқ;
* 4—6-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан тақдим этилган, болалар спорти объектларини жиҳозлаш учун 2007 йилда импорт қилинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган спорт анжомлари ва ускуналари рўйхати 7-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
* 7-илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига:
2007 йилнинг 20 январигача пудрат ташкилотларининг моддий-техника базаси, иш тажрибаси мавжудлиги ва молиявий барқарорлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда болалар спорти объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг аниқ манзилли дастурига киритилган объектлар бўйича тендер савдоларини якунлаш;
болалар спорти объектларида қурилиш-монтаж ишларини олиб боришда намунавий лойиҳаларга, шунингдек тасдиқланган қурилиш меъёрлари ва қоидаларига қатьий амал қилиш;
болалар спорти объектларини ихтиёрий равишда ҳомийлар ҳисобидан ташаббускорлик билан ва назоратсиз қуриш оқибатида белгиланган стандартларга амал қилмаслик ва мазкур объектлардан фойдаланиш меъёрларини бузиш ҳолларига олиб келувчи фактларга йўл қўймасликда шахсий жавобгарлик юклансин.
4 Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси 2007 йилда ишга тушириладиган болалар спорт комплексларини белгиланган талаб ва стандартларга мувофиқ зарур спорт ускуналари ҳамда анжомлари билан ўз вақтида жиҳозлашни, шунингдек болалар, айниқса қизлар, ижтимоий мададга муҳтож оилалардан бўлган ўқувчиларни оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида улар учун спорт формалари ва жиҳозларини харид қилишни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ўз вақтида келиб тушишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2007 йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича ажратилган маблағлардан Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ҳудудий бўлимлари мақсадли фойдаланиши ва болалар спорти иншоотлари қурилиши объектларида харажатлар сметасига амал қилишини текширишни таъминласин ва олиб борилган ишлар тўғрисида Жамғарманинг Васийлик кенгашига ахборотнома берсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 26 декабрь,
ПҚ-541-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 12-сон, 719-модда)