ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлаш ва мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 29 декабрда 1649-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 25 майдаги 25-қ ва 01/15-10/12-сонли «Ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 3024, 19.06.2018 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Адлия вазирлиги қарор қилади:
1 Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлаш ва мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан кейин ўн кун ўтгач кучга киради.
Давлат мулки қўмитаси раиси Д. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 29 декабрь,
01/19-18/08-сон
Адлия вазири Ф. ОТАХОНОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 29 декабрь,
37-сон
Давлат мулки қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2006 йил 29 декабрдаги 01/19-18/08, 37-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлаш ва мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (кейинги ўринларда — Қонун), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 140-сон қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини (кейинги ўринларда — ижро ҳужжатлари) ижро этиш бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлов асосида танлаш ва мол-мулкни сотиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом қоидалари ижро ҳужжатлари асосида хатланиб, аукцион савдолари орқали ёхуд қонунчиликда белгиланган бошқа усулда сотилиши белгиланган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилмайди.
II. Ижро ҳужжатларига асосан мол-мулкни сотиш бўйича савдо ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиш
§ 1. Асосий қоидалар
2. Ижро ҳужжатларига асосан мол-мулкни сотиш бўйича савдо ташкилотларини танлаб олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг (кейинги ўринларда — Суд департаменти) ҳудудий бошқармалари томонидан танлов асосида амалга оширилади.
3. Танлов ўтказишдан асосий мақсад ҳар бир туман (шаҳар) бўйича ёки алоҳида турдаги мол-мулкларни сотиш бўйича энг мақбул савдо ташкилотларини аниқлашдан иборат.
4. Танловнинг барча қатнашчиларига тенг танлов шартларини яратиш, ошкоралик, талабларнинг ягоналиги ва баҳо беришда холислик танлов ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади.
§ 2. Танлов комиссияси
5. Танлов ижро ҳужжатларига асосан мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотини аниқлаш мақсадида ташкил этилган танлов комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан ўтказилади.
6. Комиссия Суд департаменти директори буйруғи асосида 5 кишидан иборат қуйидаги таркибда тузилади:
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2014 йил 19 февралдаги 01/19-26/04, 2-сонли қарори (рўйхат рақами 1649-1, 19.02.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 8-сон, 86-модда)
Суд департаментининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи — Комиссия раиси;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг жойлардаги (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар) адлия бошқармалари вакили — Комиссия аъзоси;
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари вакили — Комиссия аъзоси;
(6-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2014 йил 19 февралдаги 01/19-26/04, 2-сонли қарори (рўйхат рақами 1649-1, 19.02.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 8-сон, 86-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2014 йил 19 февралдаги 01/19-26/04, 2-сонли қарорига (рўйхат рақами 1649-1, 19.02.2014 й.) асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 8-сон, 86-модда)
Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг суд қарорларини ижро этиш бўлими бошлиғи, ички хавфсизлик инспекцияси бош инспектори — Комиссия аъзолари ҳисобланади.
(6-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2014 йил 19 февралдаги 01/19-26/04, 2-сонли қарори (рўйхат рақами 1649-1, 19.02.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 8-сон, 86-модда)
Зарурат туғилганида, махсус билим талаб қиладиган масалалар бўйича хулоса бериш учун Комиссия йиғилишларига маслаҳат овози билан эксперт (мутахассис)лар жалб қилиниши мумкин.
7. Комиссия:
танлов ўтказиш вақти, жойи ва шартлари тўғрисида эълон бериш бўйича қарор қабул қилади;
танлаб олинган савдо ташкилотлари билан тузиладиган намунавий шартнома лойиҳасини тасдиқлайди;
танлов ғолибларини аниқлайди;
танлов ўтказиш бўйича бошқа вазифаларни амалга оширади.
Комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Комиссия аъзолари талабгорлар ҳужжатларининг холисона кўриб чиқилиши ва баҳоланиши учун жавобгар ҳисобланадилар.
8. Комиссиянинг ишчи органи вазифалари Суд департаментининг ҳудудий бошқармаларидаги суд қарорларини ижро этиш бўлими бошлиғи зиммасига юклатилади.
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2014 йил 19 февралдаги 01/19-26/04, 2-сонли қарори (рўйхат рақами 1649-1, 19.02.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 8-сон, 86-модда)
Ишчи орган:
танловга қатнашиш учун талабгорлардан тушган аризаларни қабул қилади;
оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказиш тўғрисида эълон беради;
Комиссия баённомаларини юритади;
манфаатдор шахсларни танлов шартлари ҳамда намунавий шартнома шакли билан таништиради;
савдо ташкилотлари томонидан шартнома шартлари бажарилишини назорат қилади;
танлов бўйича келиб тушган ва юритиладиган ҳужжатларнинг ҳисобини, сақланишини ҳамда махфийлигини таъминлайди;
Комиссиянинг топшириғи асосида бошқа вазифаларни амалга оширади.
§ 3. Танлов ўтказишга тайёргарлик кўриш
9. Комиссия танлов бошланишидан камида ўттиз кун олдин оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказиш тўғрисида эълон беради. Эълон бериладиган оммавий ахборот воситалари рўйхати Суд департаменти томонидан белгиланади.
Эълонда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
танлов ўтказадиган органнинг номи;
танлов ўтказиш жойи, санаси ва вақти;
танлов шартлари ва танлов ғолибларини аниқлаш мезонлари;
танловда иштирок этиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати;
ариза ва ҳужжатларни қабул қилиб олиш жойи ва манзили;
танловда иштирок этиш учун аризалар тақдим этишнинг охирги муддати.
10. Суд департаментининг тегишли ҳудудий бошқармаси танлов эълон қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай бу ҳақда Суд департаментига хабар беради. Суд департаменти масъул ходими танловларда кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.
11. Танлов ҳар йили бир марта ўтказилади. Зарурият туғилган ҳолларда Комиссия томонидан навбатдан ташқари танлов ўтказилиши ҳам мумкин.
12. Савдо ташкилотлари ўртасидаги танлов ҳар бир туман (шаҳар) бўйича олдиндан белгилаб бериладиган ғолиблар сони (камида иккита) миқдорида ўтказилади.
Зарур ҳолларда, маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб, алоҳида турдаги мол-мулкларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, техник ва маиший товарлар, қурилиш маҳсулотлари ва бошқ.) сотиш учун ихтисослаштирилган ваколатли савдо ташкилотлари аниқланиши мумкин.
Қуйидаги турдаги мол-мулклар ихтисослаштирилган ваколатли савдо ташкилотлари орқали сотилади:
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган буюмлар бўйича;
маҳсулдор ва иш моллари, асалари оилалари, ем-хашак, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича;
сотиш учун алоҳида рухсатнома ёхуд лицензия талаб қилинадиган бошқа маҳсулотлар бўйича;
Комиссия томонидан белгилаб берилган бошқа мол-мулклар бўйича.
Комиссиянинг қарори билан алоҳида турдаги мол-мулкларни сотиш учун ихтисослаштирилган савдо ташкилотлари вилоят миқёсида ҳам аниқлаб берилиши мумкин.
13. Маданий бойликлар (тарихий, бадиий, илмий қимматга эга бўлган қимматбаҳо асарлар, ноёб қўлёзмалар, антиквар маҳсулотлар ва бошқалар) бўйича ваколатли савдо ташкилотлари Суд департаменти томонидан республика миқёсида аниқлаб берилади.
§ 4. Танловда иштирок этиш шартлари
14. Танловда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган, турғун савдо шохобчаси ва назорат-касса машинаси мавжуд юридик шахслар қатнашишлари мумкин.
Қуйидаги юридик шахслар танловга қатнашишга қўйилмайдилар:
қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкрот арафасида бўлган;
олти ойдан кам муддат давомида фаолият юритаётган;
охирги 2 йил ичида ижро ҳужжатлари асосида хатланган мол-мулкни сотиш юзасидан тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли шартнома бекор қилинган бўлса.
15. Танловда иштирок этиш истагини билдирган савдо ташкилоти Суд департаментининг тегишли ҳудудий бошқармасига рўйхат асосида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) Комиссия номига ариза;
б) давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
в) савдо ташкилоти таъсис ҳужжатларининг нотариал тасдиқланган нусхаси;
г) савдо ташкилотининг олдинги ҳисобот йили учун тегишли давлат идораларига берилган бухгалтерлик баланси (1 ва 2-шакллар) нусхаси;
д) савдо ташкилотида назорат касса машинасининг мавжудлиги тўғрисида давлат солиқ хизмати органларининг маълумотномаси;
е) савдо дўконига бўлган мулк (ижара) ҳуқуқининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ж) савдо дўконининг жойлашган жойи тўғрисида маълумот, унинг қисқача тавсифномаси ва 10х15 ўлчамдаги рангли фотосуратлари (жойнинг атроф кўриниши, умумий ташқи ва ички кўринишлари акс эттирилиши керак);
з) мол-мулкларнинг сақланиши, туркумланиши, сортларга ажратилиши ва бутланишини таъминловчи жой (ускуна)ларнинг қисқача тавсифномаси, шунингдек 10х15 ўлчамдаги рангли фотосуратлари (жойнинг умумий ташқи ва ички кўринишлари акс эттирилади) ва уларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;
и) савдо ташкилоти ходимлари ва уларнинг иш тажрибаси тўғрисида маълумот;
к) талабгорнинг мажбуриятлардан ҳоли пул маблағлари мавжудлиги тўғрисида банк маълумотномаси;
л) талабгорга тегишли ҳамда ижро ҳужжати бўйича мол-мулкни сотишда иштирок этиши мумкин бўлган яроқли транспорт воситаларига оид ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар ҳамда уларнинг техник тавсифи;
м) кўрсатилган хизмат учун савдо чегирмаси миқдори (10% дан кўп бўлмаган).
Алоҳида турдаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома ёки лицензия талаб қилинган ҳолларда, шунингдек нотариал тасдиқланган рухсатнома ёхуд лицензиянинг нусхаси ҳам тақдим этилади.
Талабгорлар мазкур Низомда белгиланган баҳолаш мезонларини тасдиқлаш учун зарур бўлган бошқа қўшимча ҳужжатларни тақдим қилишлари мумкин.
16. Савдо ташкилоти қайси ҳудудда фаолият юритаётган бўлса ёки танлов ўтказилаётган туман (шаҳар)га яқин жойлашган бўлса, ушбу ҳудуд бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар тақдим этиши мумкин.
17. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатлар Комиссиянинг Ишчи органи томонидан қабул қилинади. Тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилишни рад этиш мумкин эмас, мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари.
Ишчи орган ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугашига қадар манфаатдор талабгорларни танлов шартлари ва Комиссия томонидан тасдиқланган намунавий шартнома нусхаси билан таништиради.
Ҳужжатлар қабул қилиш танлов бошланишидан беш кун олдин тўхтатилади.
18. Комиссия Ишчи органи савдо ташкилотининг товар айланмаси, қонунчиликка риоя этиш аҳволи, фаолиятини текшириш натижалари, ходимларининг малакаси ва бошқа жиҳатлари тўғрисида мустақил равишда солиқ, статистика, ҳокимлик идоралари, шунингдек бошқа муассаса ва ташкилотлардан тавсияномалар олиши мумкин.
19. Талабгорлар томонидан сохта ҳужжатлар тақдим қилингани ёхуд суд ижрочилари билан тил бириктириб, ноқонуний ҳаракатлар қилганлиги аниқланган тақдирда улар танловга қўйилмайдилар, танлов ғолиби деб топилган тақдирда эса танлов натижаларининг уларга оид қисми бекор қилинади.
§ 5. Танлов ғолибларини аниқлаш ва танлов натижаларини эълон қилиш тартиби
20. Танлов ғолибларини аниқлаш икки босқичда амалга оширилади:
биринчи босқичда — Ишчи орган томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар белгиланган талабга жавоб берганлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги, шунингдек Ички хавфсизлик инспекцияси томонидан талабгорнинг ишчанлик обрўси, қонунчиликка ва Суд департаменти билан тузилган шартнома шартларига риоя этиш аҳволи (агар бундай шартнома тузилган бўлса), унга нисбатан назорат идоралари томонидан қўлланилган санкциялар ва бошқа шунга ўхшаш жиҳатлар текширилади.
иккинчи босқичда — Комиссия ўз йиғилишида тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганади, белгиланган мезонлар бўйича баҳолайди ҳамда унинг натижалари бўйича танлов ғолибини аниқлайди.
21. Талабгорнинг ишчанлик обрўсини текшириш якунлари бўйича Ички хавфсизлик инспекцияси томонидан хулоса тузилиб, у Ишчи органга тақдим қилинади.
Биринчи босқичдан ўтган талабгорларнинг ҳужжатлари иккинчи босқичга қўйилади.
22. Ишчи органи томонидан айрим талабгорларнинг ҳужжатлари биринчи босқичдан қайтарилган бўлса, улар бўйича умумлашган маълумот сабабларини кўрсатган ҳолда Комиссияга тақдим қилинади. Комиссия қайтариш сабабларини асоссиз деб топганда, талабгорлар иккинчи босқичга қўйилишлари мумкин.
23. Савдо ташкилотлари танлови Комиссия томонидан коллегиал тарзда ҳал қилинади.
Комиссия аъзолари талабгорлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги мезонлар бўйича уларни баҳолайди:
а) истеъмолчи учун жойлашган жойининг қулайлиги (вилоят ва туман (шаҳар) марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга яқинлиги);
б) мол-мулкларнинг сақланишини, туркумланишини, сортларга ажратилишини ва бутланишини таъминловчи жой (ускуна)ларнинг мавжудлиги;
в) мажбуриятлардан ҳоли бўлган пул маблағлари;
г) мавжуд яроқли техникаси;
д) ходимларининг малакаси ва иш тажрибаси;
е) кўрсатилган хизмат учун савдо чегирмасининг пастлиги.
24. Талабгорларнинг имкониятлари 10 баллик рейтинг шкаласида қуйидагиларни инобатга олган ҳолда баҳоланади:
а) истеъмолчи учун жойлашган жойининг қулайлигини (вилоят ва туман (шаҳар) марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга яқинлиги) унинг аниқ жойлашган ўрни асосида ўрганилиб, талабгорга 5 баллдан 10 баллгача баҳо берилади. Бунда маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан солиқ солиш, ижара ҳақи ставкасини белгилаш ёхуд бошқа мақсадларда туман (шаҳар) ҳудуди тегишли зоналарга бўлинган бўлса, мазкур зоналаштириш ҳисобга олинади.
б) мол-мулкларнинг сақланишини, туркумланишини, сортларга ажратилишини ва бутланишини таъминловчи жой (ускуна)ларнинг мавжудлиги мезонини аниқлашда талабгор имконияти 5 баллдан 8 баллгача баҳоланади.
в) талабгор томонидан танловга таклиф этилаётган яроқли техника воситаси, унинг тури ва техник имкониятларидан келиб чиқиб 3 баллдан 8 баллгача баҳоланади. Танловда талабгорнинг ижро ҳужжати бўйича мол-мулкни сотишда иштирок этиши мумкин бўлган техник жиҳатдан соз бўлган кўпи билан 2 та техника воситалари ҳисобга олинади;
г) талабгорнинг ҳисобварағидаги мажбуриятлардан озод бўлган мавжуд пул маблағи ва мол-мулки 2 баллдан 5 баллгача баҳоланади. Бунда талабгорнинг барча мавжуд пул маблағлари ва мол-мулки умумлаштирилиб, ягона балл берилади;
д) савдо ташкилоти ходимларининг маълумоти ва иш тажрибаси 2 баллдан 5 баллгача баҳоланади (кўпи билан 2 нафар савдо ташкилоти ходими ҳисобга олинади);
е) кўрсатилган хизмат учун савдо чегирмасининг пастлиги 5 баллдан 8 баллгача баҳоланади.
Талабгорлар томонидан тақдим этилган маълумотлар юқорида кўрсатилган мезонлар талабига жавоб бермаса, уларга ушбу мезон бўйича балл берилмайди.
25. Йиғилишда талабгорнинг ҳар бир кўрсаткичи бўйича тегишли баллни бериш масаласи комиссия аъзолари томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасида назарда тутилган кўрсаткичлар асосида кўпчилик овоз билан ҳал этилади ва ҳар бир кўрсаткич бўйича ягона балл берилади.
26. Энг кўп якуний балл тўплаган талабгорлар — савдо ташкилотлари Комиссия йиғилишида танлов ғолиблари деб топилади.
Агар икки ва ундан ортиқ талабгор бир хил балл тўплаган тақдирда, улар орасида нисбатан паст савдо чегирмаси таклиф қилган талабгор танлов ғолиби деб топилади.
27. Танлов ғолиблари деб топиш тўғрисидаги қарор Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолларда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
28. Комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади. Баённома Комиссия раиси ва котиби томонидан имзоланади.
Баённомада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
йиғилиш ўтказилган жой ва сана;
йиғилишда иштирок этган Комиссия аъзолари;
танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар тақдим этган талабгорларнинг рўйхати;
талабгорлар таклифларини баҳолаш ҳақидаги маълумот;
танлов ғолиблари тўғрисида маълумот.
29. Танлов натижалари бўйича баённома имзоланганидан сўнг беш кунлик муддат ичида танлов ғолиблари ва Суд департаментининг вилоят бошқармалари ўртасида муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йил муддатга ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш тўғрисида тасдиқланган намунавий шаклдаги шартнома тузилади.
Шартноманинг амал қилиш муддатини узайтиришда савдо ташкилотлари томонидан шартнома шартларига риоя қилинганлиги ҳамда улар томонидан ижро ҳужжатлари бўйича савдони ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги инобатга олинади.
30. Шартнома тузилганидан сўнг бир кунлик муддат ичида ваколатли савдо ташкилотларининг рўйхати тегишли суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларига юборилади. Шунингдек, танловни ўтказиш тўғрисида эълон берилган оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда маълумот берилади.
III. Ижро ҳужжатлари асосида сотиладиган мол-мулкни сотувга чиқариш ва сотиш тартиби
31. Ижро ҳужжатлари асосида сотувга чиқариладиган мол-мулк савдо ташкилотларига топширилгунга қадар белгиланган тартибда баҳоланади.
32. Хатланган мол-мулк уни баҳолаш тўғрисидаги хулоса баҳоловчидан олинган кундан бошлаб, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда суд ижрочиси томонидан баҳоланганда эса, мол-мулкни баҳоланган кундан бошлаб 3 кун ичида далолатнома асосида суд ижрочиси томонидан савдо ташкилотига топширилади.
Далолатнома мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган шаклда тузилади.
33. Мол-мулкни сотиш тўғрисидаги далолатномага қуйидагилар илова қилинади:
ижро ҳужжатининг нусхаси;
мол-мулкни хатлаш (рўйхатга олиш) далолатномасининг нусхаси;
мол-мулкни тавсифловчи ҳужжатлар ва (ёки) баҳолаш тўғрисидаги хулоса нусхалари;
сертификатланиши шарт бўлган товарлар бўйича мувофиқлик сертификатлари.
34. Ижро ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш учун миқдори, ҳажми ва тез сотилиши имкониятларидан келиб чиқиб, мол-мулк бир вақтнинг ўзида сотиш учун шартнома тузилган бир нечта савдо ташкилотларига берилиши мумкин.
35. Сотиш учун савдо ташкилотлари томонидан қабул қилинган мол-мулклар хатлаш (рўйхатга олиш) далолатномасида назарда тутилган тартиб рақамлари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда мувофиқлик сертификатлари (сертификатланиши шарт бўлган товарлар бўйича) ва савдо ташкилотининг товар ёрлиқлари билан таъминланиши керак.
Мол-мулкларни жузъий таъмирлаш, тозалаш ва текислаш уларни сотиш учун қабул қилиб олган савдо ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади.
36. Савдо ташкилотлари томонидан мол-мулкни сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси чакана савдо қоидалари» асосида амалга оширилади.
37. Сотувга чиқарилган мол-мулк икки ой мобайнида белгиланган нархда сотилмаса, савдо ташкилоти мол-мулк нархини камайтириш ёхуд уни қайтариб олиш масаласини кўриб чиқиш учун суд ижрочисига ёзма равишда хабарнома юборади.
38. Савдо ташкилотлари томонидан шартнома шартларига, шунингдек мол-мулкни сотиш тартибига риоя этилиши устидан назорат тегишли суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади.
Шартнома шартлари ва мол-мулкни сотиш тартиби бузилган тақдирда суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисида ҳудудий бошқармага билдирги юбориши ҳамда мол-мулкни мазкур Низом асосида танлаб олинган бошқа савдо ташкилотига олиб беришга ҳақлидир.
IV. Мол-мулкни реализация қилишдан тушадиган пул маблағларини ҳисобга олиш
39. Мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағларини ўтказиш учун суд ижрочилари бўлимлари томонидан банкда депозит ҳисоб рақами очилади.
40. Мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари, савдо чегирмасини ушлаб қолган ҳолда, реализация қилинишига қараб савдо ташкилоти томонидан суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларидаги депозит ҳисоб рақамига икки банк иш кунидан кечикмай, ижро ҳужжатининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда ўтказилади.
Мол-мулкни реализация қилишдан тушган суммани ўтказиш муддати кечиккан тақдирда савдо ташкилоти кечиккан ҳар бир кун учун тўланадиган сумманинг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилади.
41. Суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимининг депозит ҳисоб рақамига мол-мулкни реализация қилишдан келиб тушган маблағларни тақсимлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
V. Якуний қоидалар
42. Суд департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари ва суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари савдо ва ихтисослашган ташкилотлар, шунингдек бозорлар томонидан ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотишни ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан доимий назоратни амалга оширади.
43. Мазкур Низом Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.
Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси раиси в.б. Б. УЛАШОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 28 декабрь
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлаш ва мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Танловда иштирок этиш учун қатнашувчиларни танлашда талабгорларнинг имкониятларини баҳолайдиган
РЕЙТИНГ БАЛЛАРИ
Баҳолаш мезонлариРейтинг кўрсаткичлариРейтинг балларБериладиган маълумот


Истеъмолчи учун жойлашган жойининг қулайлиги (вилоят ва туман (шаҳар) марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга яқинлиги)

Аҳоли гавжум вилоят ва туман (шаҳар) марказида, бозорлар ва савдо марказларда ёхуд уларнинг яқин атрофида жойлашган талабгор8 баллдан
10 баллгача
Ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, фотосуратлар тегишли маълумот
Юқорида кўрсатилганидан бошқа аҳоли гавжум транспорт воситалари серқатнов йўл бўйида жойлашган талабгор6 баллдан
8 баллгача
Аҳоли гавжум бошқа ҳудудларда жойлашган талабгор5 баллдан
6 баллгача
Мол-мулкларнинг сақланишини таъминловчи жой (ускуна)ларМахсус сақлаш биноси ёки жойи (омборхона, ертўла, музлатгич, совутгич ва ҳ.к.)5 баллдан
8 баллгача
Ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли маълумот
Мол-мулкларнинг туркумланиши, сортларга ажратилиши ва бутланишини таъминловчи жой (ускуна)ларМол-мулкларнинг туркумланиши, сортларга ажратилиши ва бутланишини таъминловчи етарлича савдо асбоб-анжомлари ва махсус сотиш жойлари5 баллдан
8 баллгача
Ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли маълумот
Талабгорга тегишли яроқли техникаЮк машина8 балл

Ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, фотосуратлар, техник паспорт
Юк ташишга ихтисослашган енгил машина6 балл
Енгил машина4 балл
Юк ташишга ихтисослашган мотоцикл 3 балл



Талабгорнинг мажбуриятлардан ҳоли бўлган мавжуд пул маблағи ва мол-мулки100 млн. сўмдан юқори 5 баллБанк маълумотномаси
50 млн. — 100 млн.сўмгача 4 балл
10 млн. — 50 млн. сўмгача 3 балл
1 млн. дан — 10 млн. сўмгача2 балл


Савдо ташкилоти ходимларининг маълумоти ва уларнинг иш тажрибасиМутахассислик бўйича маълумоти ва 5 йилдан ортиқ иш тажрибаси 5 баллБелгиланган тартибда тасдиқланган меҳнат дафтарчаси ва диплом нусхалари

Мутахассислик бўйича маълумоти ва 5 йилдан кам иш стажи 3 балл
Мутахассислик бўйича маълумоти бўлмасдан туриб, 5 йилдан ортиқ иш стажи2 балл



Кўрсатилган хизмат учун савдо чегирмасининг пастлиги


5% гача8 баллТалабгорни ёзма таклифи
5% дан 7% гача7 балл
7% дан 9% гача6 балл
9% дан 10% гача5 балл
Изоҳ. Комиссия баҳоланаётган кўрсаткичларнинг хусусиятига қараб уларнинг ҳар бири бўйича балл бериш мақбул ёки мақбул эмаслигини аниқлайди. 4 ва 6-бандлар бўйича 1 тадан ортиқ ходим ёки техника воситаси кўрсатилган бўлса, улардан танлаб олинган 2 тасининг ҳар бири учун алоҳида балл берилади.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича мол-мулкни сотиш учун савдо ташкилотларини танлаш ва мол-мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги
ДАЛОЛАТНОМА
«___» __________ 20___ й. _________________ туман (шаҳар)


Мен, ___________________________________ суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлими суд ижрочиси ______________________________, савдо ташкилоти вакили _________________
___________________________________________________________________________;

(Савдо ташкилоти вакилининг Ф.И.Ш., яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар)

иштирокида _______________________________________________________ га мувофиқ,

(ижро ҳужжатининг номи)

қарздор ________________________________________________________ дан ундирувчи

(қарздорнинг Ф.И.Ш.)

______________________________________ фойдасига ____________________________

(ундирувчининг Ф.И.Ш.)

___________________________________________________________________________
___________________________________________________________________________

(ижро ҳужжатининг мазмуни)

ундириш ҳақидаги «___» _____________ 200__ йилда қўзғатилган ________сонли ижро
иш юритуви бўйича «___» ______________ 200__ йилдаги далолатномага мувофиқ
Мол-мулкнинг номи ва тавсифиМиқдориНархи

1.

2.

3.

хатланган мулкларни мазкур далолатномага мувофиқ ________________________________
___________________________________ савдо дўконига сотиш учун топширдим

(савдо ташкилотининг номи)

Юқоридаги мулкларни сотиш учун қабул қилиб олдим ________________________________
____________________________________________________________________________

(шахснинг Ф.И.Ш., лавозими, унинг ваколатлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақида маълумот)

Сотиш учун топширилган мулкнинг жами нархи ________________________________ сўм,

(сўз билан)

бундан комиссион тўлов ____ фоизни, яъни _______________________сўмни ташкил этади.

(сўз билан)

___________________ сўм _______________________ * ҳисоб рақамига ўтказилиши лозим.

(сўз билан)


Имзолар:
Суд ижрочиси: _____________________________________________________
Савдо ташкилоти ____________________________________________________
* Суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари депозит ҳисоб рақамлари кўрсатилади, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишда эса махсус ҳисоб рақам кўрсатилади.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 51-52-сон, 524-модда; 2014 й., 8-сон, 86-модда)