ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА ЛИЗИНГ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ВА УЛАРНИНГ БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 27 декабрда 1648-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Лизинг тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ, Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. Тижорат банкларида лизинг операцияларини амалга ошириш ва уларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кундан кейин кучга киритилсин.
3. Ушбу қарор кучга кирган кундан бошлаб, Марказий банк Бошқарувининг қуйидаги қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
— «Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан молиявий лизингни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 1999 йил 7 майдаги 9/7-сонли қарор (1999 йил 20 июль, рўйхат рақами 776);
— «Тижорат банкларида лизинг операцияларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2005 йил 25 ноябрдаги 26/7-сонли қарор.
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 21 октябрь,
25/6-сон
Марказий банк Бошқарувининг 2006 йил 21 октябрдаги 25/6-сонли қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Тижорат банкларида лизинг операцияларини амалга ошириш ва уларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Лизинг тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ банклар томонидан лизинг операцияларини амалга ошириш ҳамда лизинг операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом талаблари банклар томонидан микролизинг операцияларини амалга ошириш тартибига ҳам татбиқ қилинади.
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
лизинг (молиявий ижара) — бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олишни ва уни шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беришни назарда тутадиган ижара муносабатларининг алоҳида тури;
микролизинг — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам иш ҳақининг икки минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада бериладиган лизинг;
лизинг объектлари — тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган истеъмол қилинмайдиган ҳар қандай ашёлар, шу жумладан корхоналар, мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ҳамда бошқа кўчар ва кўчмас мулк (ер участкалари ва бошқа табиий объектлар, шунингдек муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мол-мулклар бундан мустасно);
лизинг субъектлари — лизинг берувчи, лизинг олувчи ҳамда сотувчи.
лизинг берувчи — лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчига келгусида топшириш мақсадида лизинг объектини мулк қилиб олувчи банк;
лизинг олувчи — лизинг шартномаси бўйича лизинг объектини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун олаётган шахс;
сотувчи — лизинг объектини лизинг берувчига сотадиган шахс;
лизинг шартномаси муддати — лизинг шартномаси бўйича томонлар мажбуриятларининг тўла бажарилгунгача бўлган давр;
лизинг муддатининг бошланиши — лизинг шартномасига мувофиқ лизинг олувчининг лизинг объектига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширишни бошлаган сана, яъни лизинг объектини дастлабки (бошлангич) тан олиш санаси;
лизинг тўловлари — лизинг берувчининг лизинг объектини олиш учун қилган харажатларининг ҳаммаси ёки кўп қисми, шунингдек лизинг объектини етказиб бериш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш учун уни яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларининг лизингга олувчи томонидан қопланиши ҳамда лизинг берувчи даромади йиғиндиси;
минимал лизинг тўловлари — лизинг олувчи ёки унинг кафолатчиси (кафили) томонидан лизинг шартномасига кўра лизинг берувчига унинг лизинг объектини сотиб олиш ва уни яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатларини, лизинг даромади (фоизи) қўшилган ҳолда лизинг муддати давомида тўланиши лозим бўлган сумма;
лизинг берувчининг даромади — лизинг тўловлари билан лизинг объектини сотиб олиш, уни етказиб бериш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш харажатлари ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган, лизинг берувчи томонидан лизинг операциясини амалга ошириш натижасида оладиган фоиз даромади;
лизинг объектининг ҳаққоний қиймати — муайян бир санада лизинг объектини сотиб олиш ёки лизинг объектини сотиб олиш бўйича битим тузишни хоҳловчи бир-бирига қарам бўлмаган хабардор томонлар ўртасидаги мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма;
дисконтлаш — келгусида аниқ бир вақтда олиниши кутилаётган пул маблағларининг жорий эквивалентини аниқлаш;
лизинг объектининг хизмат муддати — лизинг объектига қонун ҳужжатлари асосида амортизация ҳисобланадиган давр;
дастлабки билвосита харажатлар — лизинг шартномасини тузиш ва лизингни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган ва лизинг объекти қийматига қўшилмайдиган харажатлар;
дастлабки бевосита харажатлар — лизинг объектини етказиб бериш, уни фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ бўлган ва лизинг объекти қийматига қўшиладиган харажатлар.
2. Банклар фақат лизинг шартномаси муддати тугаганидан кейин лизинг объекти лизинг олувчининг мулкига ўтишини кўзда тутувчи лизинг операцияларини амалга ошириши мумкин.
Бунда лизинг олувчи лизинг берувчи банкка лизинг объектини сотиб олиш, уни етказиб бериш, ишга тайёр ҳолга келтириш билан боғлиқ барча харажатларини ва келишилган фоизлар тўловини амалга ошириши лозим.
3. Лизинг берувчи банк лизинг объектини сотувчидан келгусида унинг ўзига лизинг асосида фойдаланиш учун бериш мақсадида сотиб олган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йўл қўйилади.
4. Лизинг операциялари молиявий барқарор бўлган хўжалик юритувчи субъектларга тўловлилик, таъминланганлик, банк томонидан лизинг объектини сотиб олишга инвестиция қилинган кредит маблағларини қайтаришлик ва мақсадга мувофиқ фойдаланишлик тамойиллари асосида амалга оширилади.
5. Лизинг операцияси лизинг объекти лизинг олувчи томонидан бевосита тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ишлатилиши кўзда тутилган ҳолларда кўрсатилади.
Қиморхоналар ва биллиардхоналарни ташкил этишда лизинг объектини қўллаш кўзда тутилган ҳолларда лизинг хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.
6. Лизинг бўйича молиявий ижарага олинган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши, йўқолиши, ўғирланиши, шикастланиши, бузилиши ва барвақт эскириши хавфи билан боғлиқ бўлган тарздаги ҳар қандай етказилиши мумкин бўлган зарардан лизинг объектини суғурталаш тарафларнинг келишувига биноан суғурталанади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, лизинг олувчи лизинг объекти суғуртаси учун жавобгар бўлади.
7. Лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўзаро келишган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ лизинг объектини жадал амортизация қилишни қўллаш ҳуқуқига эга.
8. Банклар қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Низом асосида лизинг хизматлари кўрсатишнинг ички тартибини ишлаб чиқишлари лозим. Мазкур ички тартибларда қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга зид меъёрларни ўрнатилишига йўл қўйилмайди.
II. Лизинг шартномасини расмийлаштириш тартиби ва шартлари
9. Лизинг олувчи лизинг шартномасини тузиш учун унинг асосий депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
лизинг буюртмаси;
лизинг объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ва унинг сотувчиси тўғрисидаги маълумотнома;
лизингнинг бутун даврини ичига олган пул оқими таҳлили кўрсатилган бизнес-режа;
Олдинги таҳрирга қаранг.
тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
(9-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 26 ноябрдаги 38/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1648-5, 06.12.2016 й.) таҳририда —ЎР ҚҲТ, 2016 й., 49-сон, 563-модда)
Лизинг берувчи банклар лизинг бериш юзасидан қарор қабул қилиш учун лизинг олувчидан унинг лизинг тўловларини амалга ошириш имкониятларини баҳолаш учун зарур бўлган ҳужжатларни сўраб олишлари мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Лизинг компанияларига уларга иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очган тижорат банклари томонидан импорт асосида лизинг объектларини етказиб бериш билан боғлиқ лизинг хизмати кўрсатилиши мумкин..
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқарувининг 2007 йил 9 мартдаги 8/5-сонли (рўйхат рақами 1648-1, 26.03.2007 й.) қарори асосида еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 13-сон, 123-модда).
10. Буюртма лизинг берувчи банк томонидан кўриб чиқилаётганда қуйидагиларнинг таҳлили амалга оширилади:
буюртма берувчи даромадларининг лизинг тўловларини амалга ошириш учун етарлилиги;
буюртмада баён этилган маълумотларнинг бир-бирига зид эмаслиги;
лизинг берувчи банк олдидаги мажбуриятларни буюртма берувчи томонидан ўз вақтида бажариш имкониятининг мавжудлиги.
11. Лизинг объекти шартномага мувофиқ лизинг берувчи банк томонидан лизинг объектини сотиб олишга, лизинг объектини етказиб бериш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш учун уни яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ ва бошқа харажатларини қайтариш ҳамда лизинг даромади (фоизи) тўловини амалга ошириш таъминоти вазифасини бажариши мумкин.
Бунда лизинг объекти лизинг олувчи томонидан лизинг берувчи банк фойдасига йўқолиш ва шикастланиш ҳодисаларидан ихтиёрий суғурта қилиниши ва бу тўғрисида суғурта полисини банкка тақдим этилиши шарт.
Лизинг берувчи лизинг операциясини амалга ошириш натижасида сарфланган маблағларнинг қайтарилиши ва лизинг фоизи тўланишининг кафолати сифатида лизинг олувчидан бошқа таъминот шаклларини тақдим этишни талаб қилиши мумкин.
13. Лизинг олувчининг буюртмаси бўйича лизинг берувчи банк томонидан лизинг операциясини амалга ошириш ёки оширмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш муддати буюртма банкка келиб тушган кундан бошлаб 30 иш кунидан, микролизинг операциясини амалга ошириш бўйича эса 10 иш кунидан ошмаслиги лозим.
Лизинг операциясини амалга ошириш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, лизинг берувчи банк лизинг олувчига бу ҳақда рад этиш сабабини асослаган ҳолда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.
14. Лизинг операциясини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бу ҳақда лизинг олувчига билдирилади ҳамда лизинг берувчи банк ва лизинг олувчи ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лизинг шартномаси тузилади.
Лизинг объекти ҳисобланган мол-мулк бўйича тузиладиган битимлар қонунга мувофиқ нотариал тасдиқланиши талаб қилинадиган ҳолларда лизинг шартномаси нотариал тасдиқланиши лозим.
15. Ўзбекистон Республикасининг «Лизинг тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, лизинг шартномаси қуйидаги шартлардан бирига жавоб бериши керак:
а) лизинг шартномасининг муддати тугагач, лизинг объекти лизинг олувчининг мулки бўлиб ўтса;
б) лизинг шартномасининг муддати лизинг объекти хизмат муддатининг 80 фоизидан ортиқ бўлса ёки лизинг объектининг лизинг шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошлангич қийматининг 20 фоизидан кам бўлса;
в) лизинг шартномасининг муддати тугагач, лизинг олувчи лизинг объектини унинг бозор қийматидан паст нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса, бунда ана шу ҳуқуқни амалга ошириш кунидаги лизинг объекти қиймати асос бўлади;
г) лизинг шартномаси амал қиладиган давр учун лизинг тўловларининг умумий суммаси лизинг объекти қийматининг 90 фоизидан ортиқ бўлса.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Лизинг шартномаси лизинг объекти хизмат муддатининг 80 фоизидан кам бўлмаган муддатга тузилади. Бунда лизинг объектининг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 144-моддаси учинчи қисмида белгиланган асосий воситаларнинг амортизация нормаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
(16-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2009 йил 15 августдаги 23/2-сонли (рўйхат рақами 1648-4, 30.08.2009 й.) қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 36-сон, 395-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фермер хўжаликларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги машина-трактор паркларига қишлоқ хўжалиги машиналарини лизингга бериш борасидаги лизинг шартномалари 10 йилгача бўлган муддатга тузилади.
(16-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқарувининг 2007 йил 17 ноябрдаги 31/1-сон қарори (рўйхат рақами 1648-3,27.11.2007 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 48-49-сон, 490-модда)
Лизинг шартномасида лизинг шартномаси амал қилиши бошлангандан то тугагунга қадар лизинг объектининг қиймати бўйича вужудга келадиган ўзгаришларни инобатга олиб, лизинг тўловлари суммасига тарафларнинг келишувига биноан тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш шартлари кўзда тутилиши мумкин.
Лизинг олувчилар лизинг объектини лизинг шартномаси муддати тугашидан олдин исталган вақтда лизинг объектининг қолдиқ қийматини ва ҳисобланган лизинг фоизи тўловини амалга оширган ҳолда лизинг объектини ўз мулкига олиши мумкин. Лизинг объекти қолдиқ қиймати ва ҳисобланган фоизлар тўлови тўлалигича амалга оширилган кундан бошлаб лизинг шартномаси шартлари тўла бажарилган ҳисобланади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқарувининг 2007 йил 30 июндаги 18/2-сонли қарори (рўйхат рақами 1648-2, 09.07.2007 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 27-28-сон, 292-модда)
17. Лизинг шартномаси тузилганидан сўнг лизинг берувчи банк ва сотувчи ўртасида лизинг объектининг олди-сотди шартномаси тузилади. Бунда лизинг берувчи банк сотувчига мол-мулк муайян лизинг олувчига бериш учун сотиб олинаётганлигини билдириши шарт.
18. Лизинг объектини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси имзоланиб, мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи лизинг олувчига ўтганидан сўнг лизинг операцияси амалга оширилган ҳисобланади.
19. Лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг объекти сотувчи томонидан бевосита лизинг олувчига у турган жойда топширилади.
Фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси лизинг олувчи томонидан расмийлаштирилади ва лизинг берувчи банк, лизинг олувчи ҳамда сотувчи томонидан имзоланади.
20. Лизинг объекти етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ёки сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилган тақдирда, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, лизинг олувчи:
лизинг тўловини амалга оширишни кечиктириш;
етказиб бериладиган лизинг объектидан воз кечиш;
лизинг шартномасининг бекор қилинишини лизинг берувчидан талаб этиш;
лизинг шартномасини бажармаслик ёки тегишлича бажармаслик натижасида етказилган зарарларни тўлашни лизинг берувчидан талаб қилишга ҳақлидир.
21. Лизинг берувчи банк ҳар бир лизинг операцияси бўйича лизинг йиғма жилдини шакллантиради.
Лизинг йиғма жилдда қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:
лизинг олувчининг буюртмаси;
лизинг шартномаси;
лизинг олувчининг охирги ҳисобот санасига бухгалтерия баланси;
лизинг олувчининг лизинг бўйича бизнес-режаси;
лизинг олувчининг тўлов қобилияти ва унинг бизнес-режасининг самарадорлиги тўғрисида лизинг берувчи банкнинг хулосаси;
суғурта компаниясининг лизинг объектини суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;
лизинг берувчининг лизинг объектини лизинг олувчига етказиб берилиши тўғрисидаги буюртмаси;
лизинг объектининг олди-сотди шартномаси;
лизинг объектини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;
лизинг объектига сотувчи томонидан берилган техник кафолат;
лизинг операцияси ҳамда таъминоти характеридан келиб чиққан ҳолда олинган бошқа ҳужжатлар.
Лизинг шартномаси юзасидан қўшимча келишув тузилган тақдирда, у ҳам лизинг олувчининг лизинг йиғма жилдига тикиб қўйилади.
22. Лизинг олувчи лизинг шартномасида белгиланган муддат давомида лизинг объектига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини олади.
Лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси бўйича ўзида пайдо бўлган ҳуқуқ, мажбурият ва бошқа манфаатларни учинчи шахсга ўтказиш (қўшимча лизинг)га фақат лизинг берувчининг ёзма розилиги асосида рухсат этилади.
23. Лизинг олувчи сотувчи томонидан лизинг объектига берилган техник кафолатдан фойдаланади.
Лизинг объектини ўз вақтида етказиб берилиши ва бутланиши ҳамда уни ўрнатишга доир мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича сотувчидан талаб қилиш ҳуқуқини лизинг олувчи ўз зиммасига олиши лизинг шартномасида белгиланиши мумкин.
III. Лизинг берувчи банкда лизинг ҳисоби
§ 1. Лизингни дастлабки тан олиш
24. Лизинг берувчи банкларда лизингга берилган активлар ҳисоби 15600 — «Лизинг (молиявий лизинг)» ҳисобварақларида юритилади.
25. Дастлабки тан олиш лизинг шартномасининг амал қилиш муддати бошланишида амалга оширилади. Бунда, лизинг берувчи банк лизингга берилган лизинг объектини ўз балансида соф инвестицияси қиймати, яъни лизинг объектини сотиб олиш, уни лизинг олувчига етказиб бериш ва фойдаланишга шай ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар йиғиндиси ёки унинг ҳаққоний қийматида, уларнинг қайси бири кичик бўлса ўша суммада актив сифатида тан олади.
26. Лизинг берувчи банк лизинг объекти учун тўловларни сотувчига олдиндан тўлаб бериб лизинг объекти тўғридан-тўғри лизинг олувчига етказиб берилса, лизинг берувчи банк фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига асосан мемориал ордер тўлдириб, қуйидаги бухгалтерия амалларини бажаради:
Дт 19909 Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар;
Кт Банкнинг вакиллик ҳисобварағи;
Дт 15600 Лизинг (молиявий ижара) (тегишли мос ҳисобварақ);
Кт 19909 Товар моддий қимматликлар учун тўланган маблағлар.
27. Лизинг объекти аввал лизинг берувчи банк балансига кирим қилиниб, сўнгра лизинг олувчига лизингга берилса қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари берилади:
Дт 16500 Асосий воситалар (тегишли мос ҳисобварағи);
Кт 19909 Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар;
Дт 15600 Лизинг (молиявий ижара) (тегишли мос ҳисобварағи);
Кт 16500 Асосий воситалар (мос ҳисобварақ).
28. Лизинг берувчи банк томонидан амалга оширилган ва лизинг шартномасига мувофиқ лизинг олувчи томонидан қопланадиган дастлабки бевосита харажатлар лизинг объектининг қийматига қўшилади.
Лизинг шартномасига мувофиқ юқоридаги харажатлар лизинг олувчи томонидан қопланмаган тақдирда, мазкур харажатлар юзага келган пайтдаги тегишли ҳисобот даври харажатлари сифатида тан олинади.
§ 2. Лизингнинг кейинги ҳисоби ва уни баҳолаш
29. Лизинг берувчи банк томонидан лизинг объекти дастлабки тан олинганидан сўнг, кейинги ҳисоб лизинг олувчи томонидан тўланадиган лизинг бўйича асосий қарз суммасини (дастлабки тан олинган суммани) ва у бўйича фоизларнинг ҳисобини юритишдан иборат. Кейинги ҳисоб лизинг объектини баҳолаб боришни ҳам ўз ичига олади.
30. Дастлабки тан олишда ёки объектни лизингга бериш (олиш) вақтида лизинг берувчининг даромади (лизинг олувчининг лизинг фоизи бўйича харажатлари) бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.
31. Минимал лизинг тўловларининг дисконтланган қийматини ҳисоблашда дисконтлайдиган омил бўлиб, агар уни аниқлашнинг имконияти бўлса, лизинг шартномасида кўзда тутилган фоиз ставкаси ҳисобланади, акс ҳолларда, қарз сармояси бўйича ўсиб борувчи фоиз ставкасидан фойдаланилади.
32. Лизинг шартномасида лизинг берувчи ва лизинг олувчи лизинг тўловлари жадвали (тартиби)ни келишиб олади. Лизинг тўловлари жадвалида лизинг берувчи банкнинг даромади (фоизи)ни тўлаш ҳамда лизинг объекти қийматини қоплаш бўйича лизинг олувчининг мажбуриятлари ва уларнинг лизинг муддати давомида тақсимланиши кўрсатилади.
Лизинг тўловлари жадвалида лизинг берувчининг даромади лизинг шартномаси муддати давомида мунтазам равишда даврлар бўйича тенг тақсимланиши акс эттирилиши лозим. Бунда, лизинг шартномасининг ҳар бир даврида қопланмаган мажбуриятлар қолдиғига доимий фоиз ставкаси қўлланилади.
33. Лизинг берувчи банкнинг даромади лизинг олувчи томонидан лизинг тўловларининг амалга оширилишидан қатъи назар, тегишли ҳисобот даврларида лизинг тўловлари жадвалига мувофиқ ҳисобланади.
34. Лизинг берувчи банк томонидан лизинг бўйича фоизли даромадлар ҳисобланганда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари берилади:
Дт 16323 Лизинг бўйича олиш учун ҳисобланган фоизлар;
Кт 45100 Лизинг (молиявий ижара) бўйича фоизли даромадлар (тегишли мос ҳисобварақ).
35. Лизинг тўловлари келиб тушган ҳолларда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари берилади:
Дт Кассадаги нақд пул ва бошқа тўлов ҳужжатлари ёки мижознинг депозит ёки банкнинг вакиллик ҳисобварағи (умумий суммага);
Кт 15600 Лизинг (молиявий ижара) (тегишли мос ҳисобварақ) (асосий қарз суммасининг қайтарилган суммасига);
Кт 16323 Лизинг (молиявий ижара) бўйича олиш учун ҳисобланган фоизлар (фоизли даромад суммасига).
36. Лизинг шартномаси муддати тугаганидан сўнг лизинг тўловларини тўлаш шартлари тўлиқ бажарилган тақдирда 15600 Лизинг (молиявий ижара) ва 16323 Лизинг бўйича олиш учун ҳисобланган фоизлар ҳисобварақлари қолдиғи нолга тенг бўлади.
Лизинг олувчи томонидан лизинг объекти лизинг шартномаси муддати тугамасидан олдин сотиб олинган ҳолларда ҳам ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқ нолга тенг бўлади.
37. Лизинг объекти лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси шартлари бузилганлиги сабабли қайтариб олинганида, лизинг берувчи ушбу активнинг тақдирини ҳал этгунга қадар уни ўз балансига қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари орқали қабул қилади:
Дт 16705 Банкнинг бошқа кўчмас мулклари;
Кт 15600 Лизинг (молиявий ижара) (мос ҳисобварақ).
Олдинги таҳрирга қаранг.
38. Лизинг олувчи томонидан лизинг тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда активга Фоизларни ўстирмаслик тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1304, 2004 йил 24 январь) асосан ўстирмаслик мақоми берилади ва активнинг келгуси ҳисоби мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 26 ноябрдаги 38/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1648-5, 06.12.2016 й.) таҳририда —ЎР ҚҲТ, 2016 й., 49-сон, 563-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
39. Лизинг Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2696, 2015 йил 14 июль) талабларидан келиб чиққан ҳолда таснифланади.
(39-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 26 ноябрдаги 38/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1648-5, 06.12.2016 й.) таҳририда —ЎР ҚҲТ, 2016 й., 49-сон, 563-модда)
IV. Лизинг олувчи банкда лизинг ҳисоби
§ 1. Лизингни дастлабки тан олиш
40. Банклар лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчи сифатида иштирок этган тақдирда лизингга олинган активлар ҳисоби 16515 — Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқининг, лизинг бўйича юзага келган мажбуриятлар эса 22100 — Лизинг (молиявий ижара) бўйича мажбуриятларнинг тегишли мос ҳисобварақларида юритилади.
41. Лизинг лизинг олувчи банкнинг молиявий ҳисоботларида ҳам актив ҳам мажбурият сифатида тан олинади. Ушбу дастлабки тан олиш лизинг шартномаси муддати бошланишида амалга оширилади. Бунда, лизинг олувчи банк лизинг объектини ўз балансида соф инвестиция қиймати ёки унинг ҳаққоний қийматининг қайси бири кичик бўлса ўша суммада акс эттиради.
42. Лизингни дастлабки тан олишда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси бажарилади:
Дт 16515 Объектларни лизингга олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи;
Кт 22100 Лизинг (молиявий ижара) бўйича мажбуриятларнинг тегишли мос ҳисобварағи.
43. Лизинг олувчи банк томонидан амалга оширилган лизинг объектини сотиб олиш, етказиб бериш ёки белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар лизинг объектининг қийматига қўшилади.
Лизинг объекти лизинг олувчи банк балансида актив ва мажбуриятларнинг алоҳида моддалари сифатида акс эттирилиши лозим. Лизинг бўйича мажбуриятни актив суммасидан чегириб ташлаган ҳолда (контр-актив ҳисобварақ сифатида) кўрсатишга рухсат этилмайди.
§ 2. Лизинг олувчи банкда лизингнинг кейинги ҳисоби ва уни баҳолаш
44. Лизинг олувчи банк томонидан лизинг дастлабки тан олингандан сўнг кейинги ҳисоб мажбурият бўйича асосий қарз суммасини (дастлабки тан олинган суммани) ва лизинг бўйича фоизлар тўлаш ҳисобини юритишдан иборат.
Кейинги ҳисоб, лизинг билан боғлиқ барча хавф-хатарлар лизинг олувчига ўтганлиги сабабли лизинг олувчи банк томонидан лизинг объектини баҳолаб бориш, амортизация ажратмаларини ва шартномада кўзда тутилган бошқа харажатларни амалга ошириш ишларини ҳам ўз ичига олади.
45. Дастлабки тан олишда ёки объектни лизингга олиш вақтида лизинг олувчи банкнинг лизинг фоизи бўйича харажатлари бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.
46. Лизинг шартномасида лизинг олувчи банк ва лизинг берувчи лизинг тўловлари жадвалини келишиб олади, унда лизинг олувчи банкнинг фоизли харажатлари, лизинг объектининг қийматини қоплаш бўйича мажбуриятлар ва уларнинг лизинг муддати давомида тақсимланиши кўрсатилади.
47. Лизинг тўловлари жадвалида лизинг олувчи банкнинг фоизли харажатлари лизинг шартномасининг амал қилиш муддати давомида даврлар бўйича тенг тақсимланиши акс эттирилиши лозим. Бунда, лизинг шартномасининг ҳар бир даврида қопланмаган мажбуриятлар қолдиғига доимий фоиз ставкаси қўлланилади.
48. Лизинг олувчи банк томонидан лизинг тўловлари жадвалига мувофиқ лизинг бўйича фоизли харажатлар ҳисобланганда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари берилади:
Дт 54198 Бошқа банклардан олинган лизинг бўйича фоизли харажатлар
ёки
Дт 54199 Бошқа лизинг берувчилардан олинган лизинг бўйича фоизли харажатлар;
Кт 22408 Лизинг (молиявий ижара) бўйича ҳисобланган фоизлар.
49. Лизинг олувчи банк томонидан лизинг тўловлари қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари орқали амалга оширилади:
Дт 22408 Лизинг (молиявий ижара) бўйича ҳисобланган фоизлар;
Дт 22100 Лизинг (молиявий ижара) бўйича мажбуриятлар;
Кт Банкнинг вакиллик ёки лизинг берувчининг депозит ҳисобварағи.
Олдинги таҳрирга қаранг.
50. Лизинг олувчи банк томонидан лизинг объекти бўйича амортизация ажратмалари Ўзбекистон Республикаси банкларида асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисида йўриқнома (рўйхат рақами 1434, 2004 йил 17 декабрь) талаблари асосида амалга оширилади ва қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:
(50-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 26 ноябрдаги 38/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1648-5, 06.12.2016 й.) таҳририда —ЎР ҚҲТ, 2016 й., 49-сон, 563-модда)
Дт 56626 Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи бўйича эскириш суммаси;
Кт 16519 Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи бўйича йиғилган эскириш суммаси (контр-актив).
51. Аниқ бир даврдаги лизинг олувчи банкнинг лизинг объекти бўйича амортизация ажратмаси ва молиявий харажатлари (лизинг бўйича фоизлари) суммаси мазкур даврда тўланиши керак бўлган лизинг тўловлари суммасига тенг бўлмаслиги мумкин.
52. Лизинг объектини йиллик қайта баҳолаш лизинг олувчи банк томонидан қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
53. Лизинг олувчи банк томонидан охирги тўловлар амалга оширилганидан кейин 16515, 16519, 22100 ва 22408 баланс ҳисобварақларида мазкур лизинг операциялари бўйича очилган шахсий ҳисобварақлар (аналитик ҳисоб) қолдиғи нолга тенг бўлади ва мулкка эгалик ҳуқуқи лизинг олувчига ўтади.
Лизинг объектининг лизинг олувчи банкка ўтказиш қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари орқали амалга оширилади:
Дт 16500 Асосий воситалар (тегишли мос ҳисобварақ);
Дт 16519 Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи бўйича йиғилган эскириш суммаси (контр-актив);
Кт 16515 Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи;
Кт 165хх Йиғилган эскириш суммаси (тегишли мос ҳисобварақ).
54. Лизинг шартномаси муддати охирида лизинг олувчи банкка лизинг объектининг сотиш санасидаги ҳаққоний қийматидан паст нархда сотиб олиш ҳуқуқи берилган бўлса, сотиб олиш қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали амалга оширилади:
Дт 22100 Лизинг (молиявий ижара) бўйича мажбуриятлар;
Кт Банкнинг вакиллик ёки лизинг берувчининг депозит ҳисобварағи;
22100 Лизинг (молиявий ижара) бўйича мажбуриятлар ҳисобварағи ёпилганидан сўнг, лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи лизинг олувчига ўтади ва бунда 36-бандда кўрсатилган бухгалтерия ўтказмалари бажарилади.
55. Лизинг шартномаси унинг амал қилиш муддатидан олдин тўхтатилиб, лизинг берувчи томонидан лизинг объекти шартнома шартларида белгиланган тартибда олиб қўйилган тақдирда, лизинг объектини лизинг берувчига қайтариш лизинг шартномасининг амал қилиш муддати тўхтатилган санадаги лизинг объектининг қопланмаган қиймати суммасида амалга оширилади ва бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари амалга оширилади:
Дт 16519 Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи бўйича йиғилган эскириш суммаси (контр-актив);
Кт 16515 Объектларни ижарага олиш ва уни такомиллаштириш ҳуқуқи.
56. Лизинг объектининг ҳисобдан чиқариш бўйича молиявий натижа (фойда ёки зарар) лизинг объектининг қолдиқ (баланс) қиймати ва лизинг тўловлари жадвали бўйича қолган қарз ўртасидаги фарқ сифатида лизинг объектининг ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ бўлган харажатлар суммасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Лизинг объектининг ҳисобдан чиқариш бўйича молиявий натижа (фойда ёки зарар) аниқлаганида, олдинги қайта баҳолашлардаги лизинг объекти қийматининг кўпайган суммаси, яъни олдинги баҳолашлар натижасида 30908 «Бошлангич қийматга нисбатан баҳолаш қийматининг ошган суммаси» ҳисобварағининг кредит қолдиғи лизинг объектининг чиқиб кетишидан кўрилган даромад таркибига қўшилади ва бир вақтнинг ўзида ушбу ҳисобварақ бўйича резерв капиталини камайтиради.
V. Лизинг бўйича маълумотларни ошкор этиш
57. Лизинг олувчи банк лизинг бўйича қуйидаги маълумотларни ошкор этади:
1) ҳисобот санасига лизингга берилган активларнинг ҳар бир синфи бўйича соф баланс қиймати;
2) ҳисобот санасига жами келгуси минимал лизинг тўловлари билан уларнинг жорий дисконт қиймати таққосламаси;
3) қуйидаги даврларнинг ҳар бири бўйича ҳисобот санасига жами келгуси минимал лизинг тўловлари билан уларнинг жорий дисконт қиймати тўғрисидаги маълумотлар:
а) бир йилгача бўлган муддат;
б) бир йилдан ортиқ, лекин беш йилдан ортиқ бўлмаган муддат;
в) беш йилдан ортиқ бўлган муддат;
4) лизинг олувчининг муҳим лизинг шартномаларининг қуйидагиларни ўз ичига олган, лекин булар билан чегараланмаган ҳолда умумий тавсифи:
а) шартномага киритилган қўшимча ва ўзгартиришларнинг мавжудлиги ва шартнома шартларининг ўзгартирилиши ва янги киритилган шартларнинг хариднинг қулайлилигига таъсири имкониятлари;
б) лизинг шартномаси шартларига асосан қўшимча қарздорлик ва келгуси лизинг битимида ўрнатилган чеклашлар.
58. Лизинг берувчи банк қуйидаги маълумотларни ошкор этади:
1) ҳисобот санасига лизингга қилинган ялпи лизинг инвестицияси билан ҳисобот санасига олиниши керак бўлган бўлғуси минимал лизинг тўловларининг жорий дисконт қиймати билан таққосланмаси;
2) қуйидаги даврларнинг ҳар бири бўйича ҳисобот санасига лизингга қилинган ялпи лизинг инвестицияси ва олиниши керак бўлган келгуси минимал лизинг тўловларининг жорий дисконт қиймати тўғрисидаги маълумотлар:
бир йилгача бўлган муддат;
бир йилдан ортиқ, лекин беш йилдан ортиқ бўлмаган муддат;
беш йилдан ортиқ бўлган муддат;
3) олинмаган молиявий даромад;
4) олиниши лозим бўлган минимал лизинг тўловлари бўйича шаклланган умидсиз қарздорлик бўйича йиғилган захира;
5) лизинг берувчи банк томонидан имзоланган муҳим лизинг шартномаларининг умумий тавсифи;
6) давр мобайнида лизинг шартномалари бўйича тегишли маблағларнинг ялпи инвестициядан чегирган ҳолдаги маълумотлар.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 51-52-сон, 523-модда; 2007 й., 13-сон, 123-модда; 27-28-сон, 292-модда; 48-49-сон, 490-модда; 2009 й., 36-сон, 395-модда; 2016 й., 49-сон, 563-модда)