Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Ипотека» тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишлар амалга оширилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 14 июндаги ПФ-3618-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 16 февралдаги ПҚ-10-сон қарорига мувофиқ ҳамда республикада якка тартибда уй-жой қурилишини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарор билан тасдиқланган низом талабларига жойларда сўзсиз риоя қилиниши устидан назоратни таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.М. Ханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 30 декабрь,
272-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарорига
1-ИЛОВА
Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги мазкур Низом (кейинги ўринларда «Низом» деб юритилади) «Ипотека» тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 16 февралдаги ПҚ-10-сон қарорига мувофиқ фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида якка тартибда уй-жой қуришни ташкил этиш тартибини белгилаб беради.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
якка тартибдаги уй-жой — бир ер участкасида жойлашган, доимий яшаш, дам олиш ва шахсий хўжаликни юритишга мўлжалланган ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар тегишли бўлган бир ёки бир неча турар жой иморати (кейинги ўринларда «уй-жой» деб юритилади);
ёрдамчи-хўжалик иморатлари — уй ҳайвонлари ва паррандаларни сақлаш учун иморатлар, омборхона, гараж, ёзги ошхона, тандирхона, ертўла, ҳаммом, ҳовлидаги ҳожатхона, душхона, иссиқхона, ҳовуз, сауна, буғ қозонхонаси ва одамларнинг вақтинча бўлиши билан боғлиқ ишларнинг ҳар хил турларини бажаришга мўлжалланган бошқа функционал иморатлар;
ҳовлидаги иншоотлар — тўсиқ, дарвоза, эшик, қудуқ, фаввора ва одамларнинг яшашига ҳамда маиший ва ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланишга мўлжалланмаган бошқа ясси ёки линияли иншоотлар;
уйнинг турар жой майдони — кишилар яшайдиган хоналарнинг ички габаритлари бўйича майдоннинг жами;
уйнинг умумий майдони — одамлар яшайдиган барча хоналар, уйнинг ёрдамчи-хўжалик иморатлари (ошхона, ваннахона, йўлак ва бошқалар) майдони жами;
уйни реконструкция қилиш — меъморчилик-режалаштириш ечимларини ўзгартириш, уйнинг устига, ёнига қўшимча қуриш, эскирган ва маънавий эскирган конструкциялар ва муҳандислик иншоотларини, шу жумладан ташқи тармоқларни (магистраль тармоқдан ташқари) қисмларга ажратган, алмаштирган ҳолда ўзгартириш.
3. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўзининг ва оиласининг эҳтиёжлари учун қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга риоя қилган ҳолда зарур ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар билан бирга хусусий мулк ҳуқуқида уй қуриш ҳуқуқига эгадир.
4. Ажратиладиган участка доирасида якка тартибда уй қурувчилар учун уйнинг майдони чегараланмайди.
5. Шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга соладиган ҳудудларда уйнинг неча қават эканлиги аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига мувофиқ туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органлари томонидан белгиланади ва улар билан келишилади.
6. Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулки бўлган уйлар бузилган тақдирда ер участкалари бериш ва уйлар қуриш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тартибга солинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
II. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ер участкалари бериш
(II бўлимнинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
7. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси — бу қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашган жойга, ҳуқуқий режимга ва давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа тавсифларга эга бўлган якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган ер фондининг бир қисми.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги таркибига кирмайдиган ерлардан белгиланган тартибда фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бир оилага 0,06 гектаргача мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун берилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 0,04 гектаргача ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда кимошди савдосида сотилади.
(9-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида қурилган уй-жой жойлашган ер участкаси туман ҳокимининг қарорига биноан, якка тартибда уй-жой қурувчига (Ўзбекистон Республикаси фуқаросига) ҳар бир иморат солувчига 0,06 гектардан кимошди савдоси ўтказмасдан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилади.
(9-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 13 сентябрдаги 201-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 37-сон, 321-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
III. Ер участкалари беришда фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби
(III бўлимнинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
10. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш учун ариза туман (шаҳар) ҳокимлигига берилади.
Аризага ариза берувчининг доимий яшаш жойи бўйича турар жойларнинг кадастр иши нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг оиланинг таркиби тўғрисидаги маълумотномаси илова қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилиши учун ажратилган ер массивида уй-жой қуришга буюртма расмийлаштирган якка тартибда уй-жой қурувчи компаниянинг ҳудудий филиалларига аниқ ер участкасини ва танлаб олинган намунавий лойиҳани кўрсатган ҳолда ёзма ариза билан мурожаат қилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 44-сон, 464-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ариза туман (шаҳар) ҳокими бошчилик қиладиган, ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий ишлайдиган комиссия (кейинги ўринларда «комиссия» деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади. Комиссия таркибига «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш органлари, санитария-эпидемиология хизмати, фуқаролар йиғинлари вакиллари, шунингдек туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ва бошқа шахслар киритилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 декабрдаги 1021-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2017 й., 09/17/1021/0465-сон)
12. Комиссия ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда ер участкаси беришнинг мақсадга мувофиқлиги ёки ер участкаси бериш асосли равишда рад этилиши тўғрисида хулоса чиқаради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларга белгиланган тартибда кимошди савдосида ер участкасига мерос қилиб қолдирадиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сотишда комиссиянинг қарори талаб қилинмайди.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
13. Ер участкалари биринчи навбатда:
ер давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйлари бузилаётган фуқароларга;
Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларига;
байналмилал жангчиларга;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг оилаларига;
меҳнат фахрийларига;
ўзлари эгаллаб турган давлат турар жой фондининг турар жойларини шаҳар ва туман ҳокимликларига бераётган фуқароларга берилади.
14. Туман (шаҳар) ҳокими комиссиянинг ижобий хулосаси асосида 10 кун муддатда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди асосида сотилганда туман (шаҳар) ҳокими кимошди ғолибига ушбу ҳуқуқ сотиб олинганлиги тўғрисидаги давлат ордерини беради.
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туманлар (шаҳарлар)даги филиаллари билан биргаликда уч кун муддатда ер участкаси чегараларини натурада чиқариш амалга оширилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар берилади:
(15-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
туман (шаҳар) ҳокимининг қароридан кўчирма;
участка чегаралари чизилган массивнинг бош режасидан нусха.
16. Ер участкалари бериш тўғрисида илтимос қилган барча фуқароларга ер участкалари ажратиш имконияти бўлмаган ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкалари олишга эҳтиёжмандларнинг ҳисобини юритади.
Навбатда туриш тартибида ер участкалари олишга эҳтиёжманд бўлган фуқаролар рўйхати туман (шаҳар) ҳокими томонидан бир йилда камида бир марта тасдиқланади.
17. Илтимос қилувчилар ер участкаси беришнинг тахминий муддати кўрсатилган ҳолда тасдиқланган рўйхатга киритилганлик тўғрисида хабардор қилиниши керак.
18. Якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган бўш ер участкалари мавжуд эмаслиги ер участкаси бериш рад этилиши учун асос ҳисобланади.
19. Ер участкаси бериш рад этилган тақдирда ҳокимлик уч кун муддатда бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.
Ер участкаси бериш рад этилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(IV бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/370/1253-сон)
V. Уй-жойларнинг техник назорати, уларни қабул қилиш, хатловдан ўтказиш ва уларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш
27. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши устидан техник назоратни қурувчи амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси буюртмачи сифатида жалб этилганда якка тартибда уй-жой қурилишининг бориши устидан техник назорат функциясини инжиниринг компанияси амалга оширади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 44-сон, 464-модда)
Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари уй-жой қурилишида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/370/1253-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/370/1253-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(30-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/370/1253-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/370/1253-сон)
VI. Уй-жой қурувчининг мажбуриятлари
32. Қурувчи:
Олдинги таҳрирга қаранг.
берилган ер участкасидан ва мақсадли ипотека кредитидан ёрдамчи-хўжалик иморатлари билан бирга фақат уй-жой қуриш учун фойдаланишга;
(32-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 138-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 23-сон, 269-модда)
уй-жой ва ёрдамчи-хўжалик иморатларини шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда мазкур Низомга амал қилган ҳолда келишилган ва тасдиқланган лойиҳага мувофиқ қуришга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
берилган ер участкасини берилган кундан бошлаб уч йил мобайнида ўзлаштиришни бошлашга, қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқлангандан кейин бир ой мобайнида уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалига мурожаат қилишга мажбурдир.
(32-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
VII. Ўзбошимчалик билан уй-жой қурганлик учун жавобгарлик
33. Уй-жой қурувчилар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратилмаган ер участкаларида қурилган ҳамда бунга зарур рухсатномани олмасдан ёхуд шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари жиддий равишда бузилган ҳолда тикланган уй-жойлар, бошқа иморатлар ва иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган деб ҳисобланади.
34. Ўзбошимчалик билан қуриш аниқланган тақдирда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан қуриш ҳолати тўғрисида далолатнома тузилади.
35. Далолатнома тузилиши билан бир вақтда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан қурилаётган қурилишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилади. Кўрсатманинг нусхаси ўзбошимчалик билан тикланган иморат тўғрисидаги масалани кейинчалик белгиланган тартибда ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этилади.
Ҳуқуқи бузилган шахснинг ёхуд тегишли давлат органининг даъвоси бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморат суднинг қарорига кўра уни қурган шахс томонидан ёхуд унинг ҳисобига бузиб ташланиши керак, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
36. Қурувчи уй-жой қуриш ёки реконструкция қилишга тўсқинлик қилаётган мансабдор шахсларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи органга ёки суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
37. Жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан иморат қуриш масалалари бўйича пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.
VIII. Мазкур Низом бузилганлиги учун жавобгарлик
38. Қурувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур Низом бузилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ўз кучини йўқотган қарорлари рўйхати
1. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Якка тартибда уй-жой қурилишини тартибга солиш тўғрисида» 1959 йил 25 декабрдаги 970-сон қарори (ЎзССР ҚТ, 1959 й., 18-сон, 76-модда).
2. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Уй-жой ва оддий қурилиш сифатини яхшилаш чоралари тўғрисида» КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг 1969 йил 28 май № 392 қарори» 1969 йил 21 августдаги 409-сон қарори (ЎзССР ҚТ, 1969 й., 7-сон, 64-модда).
3. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «СССР Министрлар Советининг «Уй-жой қурилишига ажратилаётган капитал маблағлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1981 йил 5 октябрдаги 972-сон қарори» 1981 йил 11 ноябрдаги 877-сон қарори.
4. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Ўзбекистон ССРда якка тартибда уй-жой қурилишини ташкил этиш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1988 йил 28 июлдаги 263-сон қарори (ЎзССР ҚТ, 1988 й., 7-сон., 27-модда) ва унга илова.
5. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Ўзбекистон ССР Ҳукуматининг турар жой масалаларига оид баъзи қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 1989 йил 24 январдаги 37-сон қарорига илованинг 2-банди.
6. Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ССЖда мулкчилик тўғрисида» Ўзбекистон ССЖ Қонуни муносабати билан Ўзбекистон ССЖ Ҳукуматининг қарорларини ўзгартиш ва ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 1991 йил 16 февралдаги 38-сон қарорига илованинг 6-банди (ЎзССЖ ҚТ, 1991 й., 2-сон, 4-модда).
7. Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 19 октябрдаги 505-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришларнинг 19-банди.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Якка тартибда уй-жой қураётган кўп болали ва кам даромадли оилаларни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1999 йил 3 сентябрдаги 411-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 9-сон, 50-модда).

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 51-52-сон, 518-модда; 2009 й., 44-сон, 464-модда; 2010 й., 37-сон, 321-модда; 2013 й., 1-сон, 8-модда; 2014 й., 23-сон, 269-модда; 2017 й., 35-сон, 931-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2017 й., 09/17/1021/0465-сон, 24.05.2018 й., 09/18/370/1253-сон)