Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХАЛҚ ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ КЎРГАЗМАЛАРИ ВА ЯРМАРКАЛАРИНИ ЎТКАЗИШ СОҲАСИДА «ЎЗУЛГУРЖИСАВДОИНВЕСТ» УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ФАОЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира»ни ташкил этиш тўғрисида» 2016 йил 8 апрелдаги ПҚ-2517-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилари билан савдо корхоналари ўртасида яқин ўзаро алоқалар ўрнатиш, республика, минтақавий ва халқаро кўргазма-ярмаркаларини тизимли асосда ўтказишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Ўзкўргазмасавдо» очиқ акциядорлик жамияти акциядорлари ҳамда «Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари уюшмасининг «Ўзкўргазмасавдо» очиқ акциядорлик жамиятини Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси республика маркази ёпиқ акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси республика маркази ёпиқ акциядорлик жамиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ватанимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ишлаб чиқарилаётган товарларнинг республика, минтақавий ва халқаро кўргазма-ярмаркаларини, шунингдек уларнинг мавзули кўргазма-ярмаркаларини ўтказишни ташкил этиш;
ватанимиз корхоналарига ва хорижий корхоналарга ишбилармонлик алоқалари ўрнатиш учун ҳамкорлар топишда кўмаклашиш;
кўргазмалар ва ярмаркаларда контрактлар тузиш ва уларни бажариш юзасидан савдо, ахборот, консалтинг, маркетинг хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш;
ватанимизнинг халқ истеъмол товарлари технологияси, фани ва ишлаб чиқаришининг энг яхши ютуқларини реклама ва ахборот билан таъминлаш;
ватанимиз ишлаб чиқарувчиларининг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишини ташкил қилиш.
3. Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси республика маркази ёпиқ акциядорлик жамияти билан биргаликда халқ истеъмол товарларининг республика, минтақавий ва халқаро кўргазма-ярмаркалари тизимли асосда ўтказилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:
Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси республика маркази ёпиқ акциядорлик жамияти акцияларининг давлатга тегишли пакетини унинг самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасига берсин;
«Ўзкўргазмасавдо» очиқ акциядорлик жамияти устав фондидаги Давлат мулки қўмитасига ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли акциялар пакети ҳисобига ҳамда Давлат мулки қўмитаси томонидан давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларга ушбу жамиятнинг бошқа акциядорларидан акцияларни номинал қиймати бўйича сотиб олиш ҳисобига Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси республика маркази ёпиқ акциядорлик жамияти устав фонди шакллантирилишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 29 декабрь,
270-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 51-52-сон, 517-модда)