Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИГА 15 ЙИЛ» ЭСДАЛИК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўн беш йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучлар қурилиши ишига муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш мақсадида:
1. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони таъсис этилсин.
2. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишонининг низоми ва тавсифи 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Мирзиёев) 2007 йилнинг 5 январигача «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишонлари ва гувоҳномаларининг бланклари белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг Котиби М. Атаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 26 декабрь,
ПФ-3837-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 декабрдаги ПФ-3837-сон Фармонига
1-ИЛОВА
«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони тўғрисида
НИЗОМ
1. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони билан давлатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучлар қурилишига муҳим ҳисса қўшган шахслар, ўзининг юксак касб маҳоратини, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён қилган ҳарбий хизматчилар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун бўлган жанговар ҳаракатларда иштирок этган ва захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ҳарбий хизматчилар, шунингдек ҳарбий ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ёки яраланган ва шикастланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари тақдирланадилар.
2. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони номидан қўшилма командири ва юқори турувчи мансабдор шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.
Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга белгиланган шаклдаги гувоҳнома берилади.
3. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони вазирликлар ҳамда мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари идоралари раҳбарларининг буйруқлари асосида мукофотланганларга топширилади.
4. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони кўкракнинг чап томонига тақилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 декабрдаги ПФ-3837-сон Фармонига
2-ИЛОВА
«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони
ТАВСИФИ
«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони 0,25 микронгача қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланиб, диаметри 34 миллиметрли доира шаклига эга бўлади.
Эсдалик нишонининг олд томонида балқиб чиқаётган қуёш фонида Хумо қуши акс эттирилган. Хумо қушининг тагида саккиз қиррали юлдуз жойлашган бўлиб, унинг ўртасида кесишаётган икки қилич билан қалқон (Амир Темурнинг ҳарбий аслаҳалари) тасвирланган. Нишоннинг юқори қисмида доира бўйлаб «Оzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlariga 15 yil» ёзуви мавжуд. Эсдалик нишонининг пастки қисмида тасвирланган лентага Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига асос солинган йил ва юбилей санасини англатувчи 1992—2007 рақамлари ёзилган.
Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.
Эсдалик нишони эни 24 миллиметрли мовий-ҳаворанг шойи тасма билан қопланган беш қиррали колодкага ҳалқача ёрдамида туташтирилади. Тасма эни 2 миллиметрли сариқ рангдаги йўл билан ҳошияланган. Тасма ўртасидан эни 7 миллиметрли яшил рангли йўл ўтган.
Тасвирлар ва ёзув қавариқдир.
Эсдалик нишонининг қирралари бўртиқ ҳошияланган.
ОZBEKISTON RESPUBLIKASI QUROLLI KUCHLARIGA 15 YIL
Эсдалик нишони

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 51-52-сон, 504-модда)