Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ҲУҚУҚ

давлатнинг иродасини ифодалайдиган ва унинг куч билан ҳимоя қиладиган умумий мажбурий нормалар мажмуаси (тизими). Ҳуқуқ тўғрисидаги бундай тасаввур мамлакатимиз юридик адабиётидагина эмас, хорижий юридик адабиётида ҳам жуда кенг тарқалган.

Ҳуқуқни ижтимоий ҳодиса ва тушунча сифатида таҳлил этишда, унинг қуйидаги белгилари ва хусусиятлари алоҳида ажратиб кўрсатилади.

Ҳ. - аввало феъл-атвор нормалари ёки қоидалари мажмуаси, аниқроқ қилиб айтганда - системасидир. Булар нормаларнинг тасодифий йиғиндиси эмас, балки муайян феъл-атвор қоидаларининг қатъий синовдан ўтказилиб, тартибга солинган мажмуасидир. Ҳар қандай тизим каби у ҳам бир тартибга солинган, ўзаро боғланган ва бир-бири билан ҳамоҳанг амал қиладиган элементлар (унсурлар)дан ҳосил бўлади. Ҳ. нормалари ёки феъл-атвор қоидалари ҳам худди шундай бўлади. Тизим ички томондан яхлит ва зиддиятсиз бўлиши керак. Унинг айрим таркибий унсурлари - нормалари ўртасида вужудга келадиган алоқалар нормаларнинг ўзи каби тартибга солувчилик вазифаларни ва бошқа вазифаларни бошқаришга, ягона мақсадга эришишга қаратилиши керак.

Ҳ. - давлат белгилаб қўйган ёки ижозат берган нормалар тизими. Кўпдан-кўп турли ижтимоий нормалар мавжуд, аммо фақат ҳуқуқий нормаларни давлат белгилаб беради. Бошқа нормаларнинг ҳаммаси турли нодавлат ташкилотлар-жамоат бирлашмалари, партия ташкилотлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан белгиланади ва ривожлантирилади.

Ҳуқуқий ҳужжатлар референдум йўли билан ҳам қабул қилиниши мумкин.

Ҳ. доимо унинг асоси бўлмиш давлат иродасини ифодалайди, унинг иродаси эса ўз навбатида, мамлакатимиз ва чет эл юридик фанидаги концепцияларга биноан, ҳукмрон гуруҳ, жамият, халқ ёки миллат иродасини мужассамлаштиради.

Давлат ва ҳуқуқнинг мавжудлиги ҳамда фаолият юритишидаги жаҳон тажрибасидан маълумки, ҳ. да аввало ҳукмрон юқори табақанинг иродаси ифодаланади. Шу билан бир ҳукмрон юқори табақа ижтимоий портлашлардан ва ўзининг имтиёзли мавқейини йўқотиб қўйишдан хавфсираб, кўпинча қўл остидагиларнинг иродаси ва манфаатлари билан ҳисоблашишга мажбур бўлиши ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳолатдир

Ҳ. умумий мажбурий характердаги нормалар ёки феъл-атвор қоидалари тизимидан иборат. Умумий мажбурий деган тушунча ҳуқуқ нормаларида баён этилган талабларнинг жамият барча аъзолари томонидан албатта бажарилишини билдиради. Бу тушунча ҳуқуқ нормаси билан бирга вужудга келади, у билан бирга ривожланади ва ўзгариб боради.

Ҳ. давлат томонидан ҳимоя қилинади ва таъминланади, ҳуқуқ нормаларида баён этилган талаблар бузилган тақдирда, давлатнинг мажбурлаш чоралари билан қўллаб-қувватланади. Давлат ўзи чиқарадиган ёки ижозат берадиган ҳужжатларнинг тақдирига бефарқ қарай олмайди, уларни амалга оширилиши учун барча шароитни яратади, уларни бузулишдан ҳимоя қилади ва уларни кафолатлайди. Давлатнинг мажбурлаш чоралари бу борада кенг фойдаланиладиган усуллардан биридир. Бу усул фақат қонун доирасида ва асосида, шунингдек, қонунда кўзда тутилган процессуал қоидаларга мувофиқ равишда ҳаракат қиладиган ва бунинг учун ваколат олган органлар томонидан қўлланилиши лозим.