Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ҚИРҒИЗИСТОН

(Қирғиз Республикаси) - суверен, унитар, демократик республикаси бўлиб, ҳуқуқий ва дунёвий асосларга суянган ҳолда вужудга келган. Мазкур ҳолат 1993 йилнинг 5 майида қабул қилинган Конституцияда ўз аксини топган. Унга асосан давлат тили қирғиз тили ҳисобланади. Асосий қонун рус ва бошқа тилларнинг муҳофазаси ҳамда тенг ривожланишига кафолат беради. Пойтахти Бишкек шаҳри.

Қ. да мулкчилик давлат мулки ва хусусий мулкдан иборатдир.

Конституция инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларини ўзида мужассамлаштириб, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларининг фаолиятига кенг йўл очиб беради.

Давлат ҳокимияти ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосан ташкил этилган.

Давлат бошлиғи - Президент бўлиб, мамлакат ичида ва халқаро майдонда халқ номидан иш кўради. У умумий сайловлар асосида 5 йил муддатга сайланиб, сурункасига 2 та муддатдан кўпга сайланиши мумкин эмас.

Президент ҳукумат таркибини белгилаб уни олий вакиллик органи бўлмиш Жокорку Кенеш муҳокамасига киритади. Бундан ташқари Президент Жокорку Кенешнинг розилиги билан бош вазирни тайинлайди.

Жокорку Кенеш - доимий ишлашдан олий вакиллик органи ҳисобланади. У қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади ҳамда 105 та депутатдан иборат. Улар 5 йил муддатга сайланади ва асосий функциялардан ташқари назорат функцияларини ҳам бажаради.

Ижро этувчи ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади. Унинг ваколатлари сирасига давлат бошқарув функциялари киради. Жойларда ижро этувчи ҳокимият маҳаллий маъмуриятга тегишли.

Суд ҳокимияти Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди ва маҳаллий судларга тегишли.