Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ЮГОСЛАВИЯ

(Югославия Иттифоқ Республикаси) - Марказий Европада жойлашган давлат. 1991-1992 й.ларда Югославия Социалистик Федератив Республикаси амалда парчаланиб кетганидан сўнг, Сербия ва Черногория раҳбарларининг 1992 й. 12 февралда бўлиб ўтган учрашувида Югославиянинг ягона давлатга бирлашган икки республика иттифоқи шаклидаги халқаро ҳуқуқ субъекти мақомини сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Пойтахти - Белград шаҳри.

Давлат тузилиши шакли - тенг ҳуқуқли икки республика иттифоқ давлати.

Маъмурий жиҳатдан 2 республикага ҳамда Сербия Республикаси таркибидаги 2 автоном ўлка: Воеводина Автоном ўлкаси ҳамда Косово ва Метохия Автоном ўлкасига бўлинади (Косово ва Метохия ўз қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига эга эмас). Сербия Республикаси туманлар (срезлар) ва жамоаларга, Черногория Республикаси эса - фақат жамоаларга бўлинади. Ҳар бир иттифоқдош республикани президент ҳамда қонун чиқарувчи орган - Скупшина бошқаради.

Янги давлатнинг Конституцияси 1992 й. 27 апрелда қабул қилинган. Иттифоқ давлати бошлиғи - президент - иттифоқ парламентининг йиғилишида 4 йил муддатга сайланади. Парламенти - скупшина - икки палатали. Юқори палата - Республика вечи республикалар парламентлари депутатларининг 40 нафар вакилидан (ҳар бир республикадан 20 тадан) таркиб топади. Қуйи палата - Фуқаролар вечиси ҳар 65 мингта сайловчидан 1 нафар депутат вакиллик нормасига кўра сайланадиган 138 депутатдан таркиб топади.

Бош вазир президент томонидан сайланади ва парламент тасдиғидан ўтади. Ҳукуматни бош вазир партиялар иттифоқи негизида тузади.