Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ЭРКИНЛИК

1) фалсафий ва ҳуқуқий категория бўлиб, индивид ёки ташкилот томонидан ўз ҳаёт тарзи ёки фаолият юритиш тартибини ҳеч бир қоида ёки нормага боғламасдан ўзлари белгилайдилар;

2) конституция ёки бошқа бир норматив–ҳуқуқий ҳужжатда мустаҳкамлаб қўйилган нормага мувофиқ инсонларнинг ёки ташкилотларнинг хатти-ҳаракати имкониятидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими «Инсон ва фуқароларининг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари», - деб номланади.

Асосий конституциявий «ҳуқуқ» ва асосий конституциявий «эркинлик» тушунчаларини ўзаро нисбати ҳақида сўз юритилганда, ҳуқуқ ва эркинлик шахснинг маълум хулқ атворидир дейиш мақсадга мувофиқдир. Яъни «ҳуқуқ» ва «эркинлик» ўртасидаги чегара шартли равишда қўлланилади. «Ҳуқуқ» юридик жиҳатдан аниқ ифодаланган категориядир. «Эркинлик» тушунчаси кенг маънога эга тушунча бўлиб, уни ифода этиш вариантлари турличадир. Масалан, эркинликни юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш (ҳар кимнинг фикрлаш, суд ва эътиқод эркинлиги), ёки мустаҳкамлашнинг иложи бўлмаслиги (дўстона учрашувларда, оилада) мумкин.

Баъзи бир ҳолатларда «ҳуқуқ» ва «эркинлик» тушунчалари биргаликда ишлатилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Конституциянинг 25-моддасида «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга»лиги мустаҳкамлаб қўйилган.