Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ЭКВАДОР

(Эквадор Республикаси) - Жанубий Американинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган давлат. 1809 й. 10 августда мустақил деб эълон қилинган. Пойтахти - Кито шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 21 провинцияга бўлинади. Тинч океанидаги Колон архипелаги (Галапагос ороллари) ҳам унинг провинцияларидан бири ҳисобланади.

Амалдаги Конституцияси 1979 й. 10 августда қабул қилинган. Конституцияга кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи - президент 4 йил муддатга сайланади. У навбатдаги муддатга сайланиш ҳуқуқига эга эмас. Президент билан бир вақтда вице-президент ҳам сайланади.

Бир палатали парламент - Миллий конгресс 82 депутатдан таркиб топади. Депутатлардан 70 нафари провинцияларнинг вакиллари бўлиб, улар 2 йил муддатга, бутун миллат вакиллари мақомига эга бўлган 12 депутат эса - 4 йил муддатга сайланади.

Ижро этувчи ҳокимиятни президент амалга оширади. Президент ҳукуматни тузади ва унга раҳбарлик қилади.