Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ФУҚАРО

конституциявий ва фуқаролик ҳуқуқида жисмоний шахс саналиб, расмий жиҳатдан (яъни ҳужжатга эга бўлиб) бирон бир давлатга тегишли ҳисобланади. Фуқаро ўзи яшаб турган давлат билан доимо муносабатда бўлади. Шунга кўра фуқаронинг давлатнинг конституцияси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳуқуқи, эркинликлари ва мажбуриятлари яъни, ҳуқуқий мақоми мавжуд бўлади.

“Фуқаро” термини шахснинг ўзи яшаб турган давлат ва жамиятнинг сиёсий ҳаётида давлатнинг ва жамиятнинг бошқарув ишларида иштирок этишини кўзда тутади ва шу орқали мазкур давлатдаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслардан фарқ қилади.

Дунёда “фуқаро” терминидан ташқари яна “инсон” термини ҳам мавжуд бўлиб, ҳар қандай индивиднинг ҳаётий фаолият юритиши учун зарур бўлган ҳуқуқ ва эркинликлар (яъни нафақат фуқаро, чет эл фуқароси ва фуқаролиги йўқ шахс) масалан, шахс эркинлиги, яшаш ҳуқуқи каби ҳуқуқлар, эркинликлар инсонга ҳам тегишлидир, дейилади. Шунинг учун ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлар ҳақида сўз юритганда улар фуқаро ва инсонларга тегишли деб айтилади.

“Фуқаро” термини “халқ” термини билан узвий боғлиқдир. ЎзР Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, - деб ёзиб қўйилган. Ўзбекистонда туғилган, унинг заминида истиқомат ва меҳнат қилаётган ҳар бир киши, миллий ва ирқий мансублигидан қатъи назар, республикамизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси бўлиб ҳисобланади.