Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ФИЛИППИН

(Филиппин Республикаси) - Жануби-Шарқий Осиёда, Филиппин архипелагида жойлашган давлат. XVI асрдан - Испания мустамлакаси. 1898 й. 12 июндан - мустақил давлат, лекин 1904 й.дан 1946 й.гача АҚШ томонидан оккупация қилинган. 1946 й. 4 июлда яна мустақил республика деб эълон қилинган. Пойтахти - Манила шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 74 провинцияга бўлинади.

Амалдаги Конституцияси 1987 й. 2 февралда қабул қилинган. Давлат бошлиғи - президент, умумий сайловда 6 йил муддатга сайланади. Президент билан бир вақтда вице-президент ҳам сайланади.

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали парламент - Конгресс амалга оширади. Сенат умумий сайловда 6 йил муддатга сайланадиган 24 аъзодан иборат (Сенат таркибининг ярми ҳар уч йилда янгиланади). Вакиллар палатаси 200 депутатдан иборат таркибда 3 йил муддатга сайланади. Бундан ташқари, 50 депутатни партиялар ва жамоат ташкилотлари тақдим этган рўйхатлар бўйича президент тайинлайди.

Ижро этувчи ҳокимиятни президент ва у тузадиган ҳукумат амалга оширади.