Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ФЕДЕРАЛИЗМ

конституциявий ҳуқуқда давлат тузилиши шаклларидан бири (бошқа бир шакли - унитаризм, ёки унитар давлат). Ф. нинг моҳияти: а) давлат ички тузилмасининг хусусиятида; б) марказ билан федератив давлат қисмлари ўртасидаги алоқаларнинг хусусиятида; в) марказ ҳамда федератив давлат субъектлари ҳуқуқларининг хусусиятларида намоён бўлади. Мазкур хусусиятларни батафсил кўриб чиқамиз.

1) Унитар давлат маъмурий-ҳудудий бирликларга бўлинса, федератив давлат субъектлардан ташкил топади. Субъектлар давлат (бу энг аввало республикаларга тааллуқли), миллий-ҳудудий (автоном) тузилмалар ёки уларни ҳудудий-давлат (давлат-ҳудудий) бирликларига айлантирадиган махсус мақомга эга ҳудудий бирликлар бўлиши мумкин.

2) Федератив давлатда марказ билан субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг хусусияти, қоида тариқасида, шунда намоён бўладики, субъектлар федератив давлат ҳамда бир-бири билан муносабатларда тенг ҳуқуқли бўлади. Улар федерал миқёсда вакилликка эга, федерал органларга мурожаат этишга ҳақли, яъни ўзларини қизиқтирган масалаларни федерал миқёсда ҳал қилишда у ёки бу махсус ташкилий шаклларда иштирок этиши мумкин. Маъмурий-ҳудудий бирликларнинг органлари марказий давлат органларига мурожаат этиш имкониятига унитар давлатда ҳам эга, аммо масалаларни марказда ҳал қилишга уларнинг таъсири федератив давлатдагига қараганда анча кам бўлади ва, қоида тариқасида, марказий органлар учун доим ҳам юридик жиҳатдан мажбурий ҳисобланмаган илтимослар ва илтимосномаларда ифодаланади.

3) Бу билан яна бир омил боғлиқ: унитар давлатда бутун давлат ҳаётига марказлашган тартибда раҳбарлик қилиш ҳамда уларни тартибга солиш даражаси анча юқори бўлади, федератив давлатда эса, мамлакат ҳаётининг энг муҳим масалалари федерация миқёсида ҳал қилинади.

Унитар давлат кўпинча маъмурий-ҳудудий бирликлар мақомининг ягона ҳуқуқий асосига эга бўлади. Федератив давлатда, федерал ҳуқуқий асос билан бир қаторда, федерация субъектларида ҳам ҳуқуқий асос мавжуд бўлади (масалан, Россия Федерациясида - республикаларнинг конституциялари ва қолган субъектларнинг уставлари; субъектларнинг қонун чиқариш ҳуқуқи).