Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ТУРКМАНИСТОН

Т. Олий Кенгаши (Мажлис) томонидан 1992 й. 18 майда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ, давлат бошқаруви президент республикаси шаклида амалга оширилувчи демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат (1-модда). Т. нинг давлат тили туркман тилидир. Пойтахти - Ашгабат шаҳри.

Конституцияга биноан, Т. да мулк дахлсиздир. Т. ишлаб чиқариш воситаларига, ерга, бошқа моддий ва интеллектуал бойликларга хусусий мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқлайди. Уларга фуқаролар, фуқароларнинг бирлашмалари ва давлат эгалик қилиши мумкин. Аммо қонунда фақат давлат мулки ҳисобланган объектлар белгилаб қўйилади.

Конституцияда инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларининг кенг доираси мустаҳкамланган. Фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ фаолият кўрсатувчи сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари тузиш ҳуқуқига эга.

Давлат ҳокимиятни тақсимлаш принципига асосланади - қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тийиш ва қарама-қарши туриш принципига биноан мустақил фаолият кўрсатади (Конституциянинг 4-моддаси). Т. халқ ҳокимиятининг олий вакиллик органи - Халқ маслаҳати. Т. да олий давлат ҳокимияти ва бошқарувини Т. президенти, Мажлиси, Олий суди, Олий хўжалик суди ва Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади.

Халқ маслаҳати (ХМ) таркибига қуйидагилар киради: президент; Мажлис депутатлари; халқ томонидан ҳар этрап (туман)дан биттадан сайланадиган халқ вакиллари (уларнинг ваколат муддати - беш йил, улар ўз вазифаларини бепул амалга оширадилар); Олий суд Раиси, Олий хўжалик суди Раиси, Бош прокурор, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вилоятлар маъмуриятларининг бошлиқлари, шаҳарлар ва шаҳарчалар (туман марказлари)нинг арчинлари (мэрлари).

ХМ қуйидаги масалаларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади: Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки янги Конституция қабул қилиш; умумхалқ референдумлари ўтказиш; мамлакатни иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш; давлат чегарасини ва маъмурий-ҳудудий бўлинишни ўзгартириш; давлатлараро иттифоқлар ва бошқа тузилмалар тўғрисидаги шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш; уруш ва тинчлик ҳолатини эълон қилиш; Конституция ва қонунлар билан ўз ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш.

ХМ қарорлари президент, Мажлис ва бошқа давлат органлари томонидан уларнинг ваколатларига мувофиқ амалга оширилади. ХМ заруриятга қараб, лекин йилда камида бир марта президент, Мажлис ёки ХМ аъзолари учдан бир қисмининг ташаббусига биноан чақирилади. ХМ ишини президент ёки ХМ томонидан сайланган унинг исталган аъзоси бошқаради. ХМ ни чақириш ва унинг фаолияти тартиби ХМ тасдиқлаган регламент билан белгиланади.

Т. президенти давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи, Т. нинг олий мансабдор шахси, миллий мустақиллик, ҳудудий яхлитлик, Конституцияга ва халқаро битимларга риоя этилишининг кафили ҳисобланади.

Президент лавозимига 40 ёшдан кичик бўлмаган, Т. да яшовчи, туркман миллатига мансуб Т. фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ президент этиб сайланиши мумкин эмас. Президент умумий сайловда 5 йил муддатга сайланади. Т. президенти: Т. Конституцияси ва қонунларини амалга жорий этади, уларнинг аниқ бажарилишини таъминлайди; ташқи сиёсатни амалга оширишга раҳбарлик қилади, бошқа давлатлар билан муносабатларда Т. номидан иш кўради; Қуролли Кучларнинг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, Қуролли Кучлардан фойдаланиш тўғрисида фармойишлар беради, сўнг мазкур ҳаракатларни ХМ тасдиғига киритади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонлигини тайинлайди; ХМ га мамлакатдаги ҳолат тўғрисида йиллик билдиришлар тақдим этади, ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим масалалари ҳақида ахборот беради; давлат бюджетини ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Мажлис муҳокамаси ва тасдиғига киритади; қонунларни имзолайди, нисбий вето ҳуқуқига эга бўлади (Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлардан ташқари); ХМ қарорига биноан референдумларни тайинлайди, Мажлис сессиясини муддатидан илгари чақириш ҳуқуқига эга; Мажлис билан олдиндан келишган ҳолда Олий суд Раиси, Олий хўжалик суди Раиси, Бош прокурорни тайинлайди ҳамда уларни лавозимидан озод этади ва б.

Т. Президенти Т. ҳудудида ижро этиш мажбурий бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Президент Конституция ва қонунларга зид иш тутган тақдирда ХМ президентга ишончсизлик билдириши ва уни лавозимдан озод этиш тўғрисидаги масалани халқ муҳокамасига қўйиши мумкин.

Мажлис (парламент) Т. нинг қонунчилик органи ҳисобланади. Мажлис (М) ҳудудий округлар бўйича 5 йил муддатга сайланадиган 50 депутатдан иборат. Сайлов куни 25 ёшга тўлган Т. фуқаролари М. депутати (шунингдек халқ вакили) бўлиши мумкин. М. қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тарқатиб юборилиши мумкин: референдум қарорига биноан; ўзини ўзи тарқатиш тўғрисидаги қарорга биноан; М. раҳбар органлари 6 ой мобайнида шакллантирилмаган ёки 18 ой ичида икки марта Вазирлар Маҳкамасига ишончсизлик билдирилган тақдирда президент томонидан.

М. ваколатлари қуйидагилардан иборат: Конституция ва қонунларни қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, уларни талқин қилиш; президент, М., халқ вакиллари сайловини тайинлаш; Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини маъқуллаш, унга ишончсизлик билдириш; Олий суд Раиси, Олий хўжалик суди Раиси, Бош прокурор лавозимларига номзодларни, шунингдек уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаларни маъқуллаш ёки рад этиш; Т. бюджетини ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг норматив ҳужжатлари Конституция ва қонунларга мувофиқлигини аниқлаш ва б.

Вазирлар Маҳкамаси Т. Конституциясининг 75-моддасига мувофиқ, ижро этувчи ва фармойиш берувчи орган ҳисобланади. ВМ ни Т. президенти бошқаради. ВМ ни президент лавозимга кирганидан кейин бир ой ичида шакллантиради. ВМ, ўз ваколатларига кўра, иқтисодий сиёсат, ижтимоий соҳага ҳамда давлат бошқарувининг бошқа ишларига раҳбарлик қилувчи етакчи органдир.

Т. маъмурий-ҳудудий тузилмалар: давлат бошқаруви органлари тузиладиган вилоятлар, этраплар (туманлар), этрапларга тенглаштирилган шаҳарлардан, шунингдек маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бошқариладиган шаҳарлар, шаҳарчалар ва обалар (қишлоқлар)дан иборат.

Ижро этувчи ҳокимиятни ҳокимлар: вилоятларда - вилоят ҳокимлари, шаҳарларда - шаҳар ҳокимлари, этрапларда - ҳокимлар ва арчинлар амалга оширади. Улар давлат бошлиғининг жойлардаги вакиллари ҳисобланади, президент томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади ва унга ҳисобдор бўлади.

Генгешлар ва ҳудудий жамоатчилик ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади. Генгешлар шаҳарлар, шаҳарчалар ва обалар ҳудудидаги халқ ҳокимияти органлари ҳисобланади. Улар бевосита фуқаролар томонидан 5 йил муддатга сайланади ва маъмурий тобелик муносабатлари билан боғлиқ эмас. Генгешлар ўз таркибидан арчинни сайлайди. Арчин генгеш ишига раҳбарлик қилади ва унга ҳисобдор бўлади.

Т. да суд ҳокимиятини фақат судлар - Олий суд, Олий хўжалик суди, ҳарбий судлар ва қонунда назарда тутилган бошқа судлар амалга оширади. Барча судларнинг судьялари президент томонидан 5 йил муддатга тайинланади. Қонунлар, президент ҳужжатларига аниқ ва бир хилда риоя этилиши устидан назоратни Т. Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.