Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ТЕНГЛИК

бир неча юз йиллар давомида аниқ бир тўхтамга келинмаган, музокаралар ва курашлар олиб борилаётган, кенг тарқалган ижтимоий-сиёсий категориядир.

Тенгликнинг предмети бўлиб инсоннинг инсон билан тенглиги ҳисобланади.

Тенглик икки асосий хусусиятга эга: Расмий тенглик ва юридик тенглик.

Кўпчилик ижтимоий-сиёсий таълимотларнинг асосида одамларнинг расмий тенглигига эришиш ғояси ётади, яъни улар бойлик, ақл, маълумот, табиий ҳолатлари ва неъматларга эга бўлишларидан қатъи назар тенгдирлар. Тарих шу билан биргаликда одамларнинг расмий тенлигига эришишнинг утопистик ҳаракатлари тўғрисида ҳам хабар беради.

Қонунчиликда барча кишиларнинг қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Ушбу маънодаги тенглик ҳар кимга тенг ҳажмдаги ҳуқуқ ва эркинликлар бериш билан уларга бир хил ҳажмдаги юридик мажбуриятларнинг юклатилишини ҳам англатади. Шахс Конституция ва қонунлар билан берилган имкониятлардан фойдаланиб жамият ва давлатда ўзининг ҳаётини ташкил этиб, у ёки бу мавқега эга бўлишга ҳаракат қилади.