Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

СУВЕРЕНИТЕТ

ҳокимиятнинг устунлиги, бирлиги ва мустақиллиги. Конституциявий ҳуқуқда С. нинг қуйидаги уч жиҳати (тури)ни фарқлаш қабул қилинган.

1) Халқ С. Халқ С. концепциясининг моҳияти шундан иборатки, халқ жамият ва давлатда ҳокимиятнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади, бутун ҳокимият унга тегишли бўлади.

Халқ ҳокимиятчилиги уч шаклда - давлат ҳокимияти, ижтимоий ҳокимият ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳокимияти шаклларида амалга оширилади. Давлат ҳокимиятини халқ бевосита (мас., референдум ёки давлат органларини сайлаш орқали) ёхуд давлат органлари амалга оширади. Давлат ҳокимиятининг қарорлари ва ҳаракатлари барча учун мажбурий ҳисобланади, улар ихтиёрий тарзда ижро этилади, аммо зарур ҳолда давлатнинг ташкилий таъсири ва мажбурловчи кучи билан таъминланади. Ижтимоий ҳокимиятни фуқароларнинг бирлашмалари ва гуруҳлари амалга оширади, у фақат мазкур бирлашмалар ва гуруҳларнинг аъзолари учун мажбурий бўлади ҳамда ижтимоий таъсир кўрсатиш чоралари билан таъминланади. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳокимияти маҳаллий тузилмалар ҳудудида фуқаролар томонидан ёки фуқаролар тузган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилади. Маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳокимияти ижтимоий ҳокимиятга яқин туради, давлат органларининг берилган ваколатларини амалга оширишда у давлат номидан иш кўради. Шундай қилиб, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳокимиятида ижтимоий ва давлат асослари ўзаро бирикиб, уйғунлашиб кетади.

ЎзР да халқ С. асослари ЎзР Конституциясида мустаҳкамланган. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Республикада давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва ЎзР Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади (7-модда);

2) Давлат С. У давлат ҳокимиятининг устунлигида, унинг бирлигида ва мустақиллигида намоён бўлади.

Давлат ҳокимиятининг устунлиги шундан иборатки, ижтимоий муносабатлар тизимини конституцияда ва бошқа норматив ҳужжатларда акс эттириш (мустаҳкамлаш), ҳуқуқий тартиботни, жисмоний ва юридик шахсларнинг ваколатларини, уларни амалга ошириш тартиби (тартиб-таомиллари)ни, юридик жавобгарлик чораларини белгилаш ҳуқуқига фақат давлат ҳокимиятигина эга бўлади.

Давлат ҳокимиятининг бирлиги шундан иборатки, мазкур ҳокимиятни амалга оширишнинг барча даражаларида у бир хил мазмунга, фаолият шакллари ва усулларига эга бўлади. Бунда давлат ҳокимиятининг барча органлари ўртасида алоқа ўрнатилган, уларнинг ваколатлари тақсимланган (ҳокимиятни тақсимлаш), давлат органларининг бир-бирига қарама-қарши қўйилишини истисно этувчи интизом, субординация ва ўзаро алоқадорлик ўрнатилган бўлиши лозим.

Давлат ҳокимиятининг мустақиллиги шунда намоён бўладики, жамият ва давлат ишларини бошқариш вазифаларининг тақсимланишига қараб, давлат ҳокимияти органлари мазкур мамлакатдаги бошқа ҳокимият шаклларидан (мас., сиёсий партиялар, ҳаракатлар, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва б.дан) ҳамда чет давлатлар ва халқаро ташкилотлардан мустақил фаолият кўрсатадилар.

Шундай қилиб, давлат С. унинг барча ички ва ташқи ишларига нисбатан, макон нуқтаи назаридан эса - унинг бутун ҳудудида амал қилади. ЎзР Конституциясининг I боби “Давлат суверенитети” деб номланади. Унга мувофиқ, Ўзбекистон - суверен демократик республика. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. ЎзР ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади. Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир.

3) Миллий С. У миллатнинг ўз турмуш тарзини ўзи белгилаш, ички масалалари (тили, ёзуви, урф-одатлари, анъаналари, маданияти ва ҳ.к.)ни ҳамда бошқа миллатлар, халқлар билан муносабатлари (янги давлат тузилмаси ёки миллий-давлат бирлиги (мухторияти)ни ташкил этиш, муайян давлат таркибига кириш ва ҳ.к.)ни ҳал қилиш ҳуқуқида намоён бўлади.

С. нинг уччала шакли ҳам ўзаро алоқадор ва шу билан бир вақтда мустақилдир. Умуман олганда, халқ С. ни, бутун ҳокимиятни халқ томонидан амалга ошириш шакли сифатида, давлат С.нинг ҳам, миллий С.нинг ҳам шарти деб ҳисоблаш мумкин. Аммо халқ С.ни давлат ҳокимияти шаклида давлатни ёки давлат тузилмасини тузиш орқалигина амалга ошириш мумкин. Зотан, фақат шу ҳолда халқнинг хоҳиш-иродаси давлат мажбурлов кучига эга бўлади.

Шундай қилиб, давлат С., бир томондан, халқ С. билан ўзаро таъсирга киришса (бунда давлат ҳудудида яшайдиган барча фуқаролар, қайси миллатга мансублигидан қатъи назар, халқ ҳисобланади), иккинчи томондан - миллий С. билан боғланади.