Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

РУМИНИЯ

(1989 йилгача Руминия Социалистик Республикаси) - Европанинг жануби - шарқида жойлашган давлат. 1877 йилнинг 9 (21) майида болқон ярим ороли халқларининг Усмонлилар салтанати ҳукмронлигидан озод этилиши муносабати билан Р. парламенти Р. нинг суверенитети ва мустақиллигини эълон қилди. 1918 йилнинг 1 декабрида Р. га Трансильванияни қўшилиши муносабати билан ягона миллий Р. давлати ташкил этилади (1 декабрь Р. да Миллий кун сифатида байрам қилинади).

Р. нинг пойтахти - Бухарест шаҳридир.

Маъмурий ҳудудий бирлик - 40 уезд (жудет) ва уезд мақомига тенглаштирилган Бухарест муниципиясидан иборат.

Р. да 1991 йилнинг 8 декабрида умумхалқ референдуми томонидан маъқулланган 1991 йилнинг 22 ноябридаги Конституцияси амал қилади. (ушбу Конституцияни қабул қилиниши Р. нинг 1965 йилда қабул қилинган Конституциясини бекор қилди). Р. нинг давлат бошқарув шакли республикадир.

Р. да давлат бошлиғи - президент. У умумий овоз бериш йўли билан тўрт йил муддатга сайланади. Президент иккинчи муддатга қайта сайланиши мумкин. Президент томонидан Конституция нормалари бузилган тақдирда парламентининг иккала палатаси аъзолари овоз бериш йўли билан вақтинчалик лавозимидан озод этилиши ёки референдум ўтказиш йўли билан лавозимидан бўшатилиши мумкин.

Р. нинг икки палатали парламенти умумий овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайланади. Юқори палата - Сенат 143 сенатордан, қуйи палата - депутатлар палатаси 340 депутатдан иборат.

Ижро ҳокимияти ҳукумат томонидан амалга оширилиб, ҳукумат бошлиғи - бош вазирни лавозимига Президент тайинлайди. Ҳукумат парламент томонидан шакллантирилиб, парламентга ҳисоб беради.