Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

РЕПАТРИАЦИЯ

турли хил ҳолатларга кўра ўзининг (тарихий) ватанини ташлаб чиқиб кетганларни ўз ватанига қайтиб келиши. Репатриацияга типик мисоллар сифатида қуйидагиларни келтирамиз:

1) асирга тушган шахсларни давлат ҳокимиятининг қарорига мувофиқ ва уларни қабул қилувчи томоннинг ҳарбий асирларни қабул қилиш босқичлари ва муддатини кўрсатган ҳолда уруш тамом бўлгандан сўнг ҳарбий асирларни ўз ватанига қайтиб келиши. Ҳарбий асирларга эга давлатлар уруш қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1949 йилги Женева конвенциясига мувофиқ асирларни ўз ватанларига қайтишига тўсқинлик қилмасликлари керак;

2) қочоқларнинг ўз ватанига қайтиши. Қочоқлар мавжуд бўлган давлат уларнинг ўз ватанларига қайтишига тўсқинлик қилмасликлари керак, аммо қочоқ мақомига эга шахсларни, агар улар ўзлари турган давлатнинг қонунларига зид ҳаракатларни амалга оширган бўлсалар ўз ватанига зўравонлик билан қайтариб юборишлари ҳам мумкин эмас;

3) аждодлари, қариндошлари, ота-онаси ёки ўзлари яшаб ўтган шахсларнинг ўзларининг тарихий ватанига қайтиб келиши. Масалан, 1944 йил ўз ватанларидан зўравонлик билан Ўзбекистонга кўчириб келтирилган месхети турклари, қрим татарларини ўз ватанларига қайтиб кетиши. Шахсларнинг якка тартибда ўз ватанларига қайтишдан фарқли равишда, Р. шахсларни оммавий равишда ўз ватанларига қайтишини билдиради.