Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ПАПУА

Янги Гвинея - Австралиянинг шимолидаги давлат. Германия ва Буюк Британиянинг собиқ мулки, сўнг Миллатлар иттифоқи ва БМТ мандати остидаги Австралия бошқарувидаги ҳудуд. 1975 йил 16 сентябрдан мустақил давлат. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик аъзоси. Пойтахти - Порт-Морсби шаҳри.

Маъмурий жиҳатдан 19 вилоятга бўлинади. Пойтахт округи алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик қилиб ажратилган.

Амалдаги Конституцияси 1975 йилда қабул қилинган.

Бошқарув шакли парламентар монархия. Мамлакат ҳукуматининг розилиги билан тайинланадиган Генерал-губернатор Буюк Британия Қироличаси номидан иш юритади. Амалда Генерал-губернаторни парламент яширин овоз бериш йўли билан сайлайди, сўнг унинг номзодини Қиролича тасдиқлайди. Ваколат муддати 6 йил.

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни бир палатали Миллий парламент амалга оширади, 5 йил муддатга сайланадиган 109 депутатдан иборат. Ҳукумат миллий ижроия кенгашдир. Парламент сайлайдиган бош вазир ҳукуматни тузади.