Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

НАЦИОНАЛИЗАЦИЯ

шахсга тегишли моддий объектларни хусусий ва (ёки) бошқа нодавлат мулкчилик шаклларидан пулга ёки пул тўламасдан, мажбурий равишда давлат ихтиёрига ўтказиш. Н. давлат органининг ҳужжатини қабул қилиш йўли билан амалга оширилади. Мазкур ҳужжат алоҳида тармоқларга ҳам, муайян корхоналарга ҳам тегишли бўлиши мумкин.

Туркистонда Н. оммавий равишда 1917 йилги Октябрь тўнтаришидан кейин, айниқса, 1918-1922 йилларда амалга оширилган. Бу хусусий мулкни инкор қилиб, ижтимоий мулк (халқ мулки)ни ўз иқтисодий негизи деб эътироф этган тузум мафкурасига мос эди. Мазкур мафкурага асосан мулкни халқ номидан давлат бошқарар, бинобарин, у мулкчилик субъектига айланарди.

Умуман олганда, Н., гарчи оммавий тарзда бўлмаса-да, хусусий мулк устун деб эътироф этилган давлатларда ҳам амалга оширилиши мумкин. У шахсга тегишли тармоқ ёки корхона касодга учраган, ёпилган ҳолларда амалга оширилади. Корхонада кўп ишчи кучи банд бўлгани (масалан, кўмир саноати) ёки тармоқ мамлакат иқтисодиёти учун муҳимлиги (масалан, транспортнинг айрим турлари) сабабли давлат корхона, тармоқни национализация қилади ва ўз инвестициялари билан унинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.