Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

НАТУРАЛИЗАЦИЯ

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг давлат бошлиғи номига ёки давлат ҳокимиятининг бошқа олий органига илтимоснома бериш орқали мазкур давлатнинг фуқаролигини қабул қилиши. Туғилишига кўра давлат фуқаролигини олувчи шахслардан фарқли ўлароқ, ўз илтимосномасига кўра фуқароликни қабул қилувчи шахслар адабиётларда баъзан натурализациялашган фуқаролар деб аталади. Ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари нуқтаи назаридан, юқорида зикр этилган фуқаролар ўртасида фарқ, қоида тариқасида, мавжуд эмас. Аммо айрим истиснолар бўлиши мумкин: масалан, айрим мамлакатларда давлат хизматида маълум лавозимни эгаллаш, сайлаб қўйиладиган лавозимга ёки депутатликка сайланиш ҳуқуқи натурализациялашган шахсларга фуқароликни қабул қилганидан сўнг маълум муддат ўтгач берилади. ЎзР да мазкур қоида бевосита белгилаб қўйилмаган, аммо билвосита шаклда мавжуд. Масалан, ЎзР си Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган ЎзР фуқароси сайланиши мумкин. Бинобарин, ЎзР фуқаролигини эндигина қабул қилган шахс Ўзбекистон Президенти лавозимига ўз номзодини қўймоқчи бўлса, юқорида зикр этилган муддат ўтишини кутишига тўғри келади.

«Натурализация» конституциявий ва халқаро ҳуқуқ фанлари тушунчаси ҳисобланади, аммо у қонунларда ҳам қўлланиши мумкин. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги 1992 йил 2 июль Қонунида мазкур тушунча қўлланмаган. ЎзР фуқаролигини қабул қилишнинг мазкур усули Қонунда фуқароликка қабул қилиш деб номланган (қ.: Фуқаролик. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш).