Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

КОНСТИТУЦИЯ

бу бутун халқ ёки жамият барча ижтимоий гуруҳларининг манфаатларини ва иродасини ўзида ифодаловчи давлатнинг асосий қонунидир. У муайян мамлакатдаги давлат ва жамият қурилишини ўзида мустаҳкамловчи олий юридик кучга эга бўлган ҳужжатдир.

Шакл жиҳатидан К. давлатдаги олий ҳужжат, ҳуқуқий акт - асосий қонундир. К., одатда, парламент, махсус конституциявий ассамблея ёки бевосита умумхалқ овози билан қабул қилиниши мумкин. Давлатнинг асосий қонуни - К. олий юридик кучга ва мажбурий характерга эга бўлиб, у мамлакат қонунчилигининг бошланғич ҳамда таъсис этувчи манбаидир, барча қонунлар К. дан келиб чиқади ва унга зид бўлиши мумкин эмас. К. ҳар қандай мамлакат миллий ҳуқуқ тизимининг асосий манбаидир. Ўз моҳияти ва мазмунига кўра К. ҳам давлат, ҳам жамиятнинг олий ҳужжатидир, бошқача қилиб айтганда, К. бу олий сиёсий ҳужжат. К. да жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари - ҳокимият, мулкчилик шакллари, шахс мақоми ва давлат қурилиши акс этади. Конституциявий нормалар давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар, тегишли давлат фуқаролари ҳамда мазкур мамлакат ҳудудида бўлган чет эл фуқаролари учун мажбурий бўлиб, уларнинг фаолиятларини тартибга солишда асосий манба ҳисобланади.

К. ни қабул қилиниши ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий характердаги омилларга боғлиқ бўлади. К. лар биринчи навбатда тегишли жамиятда қандай мулк ва иқтисодий фаолият шакллари мавжудлигини ҳамда уларга фуқароларнинг муносабатини ўзида акс эттиради, шунингдек К. инсонларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги иштирокининг асосий қоидаларини, уларнинг энг муҳим ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларини мустаҳкамлайди. Мазкур давлатнинг асосий қонуни, тегишли мамлакатдаги давлат ҳокимиятининг ташкил этилиш тизимини, ваколатлар доирасини, давлатнинг ички тузилишини, давлат органлари тизимини ҳамда фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқарув асосларини белгилайди.

Ҳар бир К. давлатнинг ижтимоий тузумидан қатъи назар, қуйидаги функцияларни бажаради: таъсис этувчи (асос солувчи), ташкилий, сиёсий, мафкуравий ва юридик функциялар.

К. нинг асос солувчи функцияси муайян ижтимоий жараёнлар натижасида пайдо бўлиб, жамиятнинг кейинги тараққиёт босқичида унинг ривожланишини сиёсий-ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилишида намоён бўлади. «Таъсис этувчи» тушунчаси бу ҳолатда икки хил маънони: мавжуд инсоният ютуқларини мустаҳкамлайди ёки жамиятда етилиб турган, лекин муайян зарурий ҳуқуқий базасиз оммавийлашмаган янги ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Шундай қилиб, К. нинг бошланғич асосий хусусияти давлатнинг бутун ижтимоий - сиёсий тизимига ёки унинг алоҳида институтларига нисбатан ҳам намоён бўлиши мумкин.

К. нинг ташкилий функцияси нафақат мавжуд ютуқларни акс эттиришда, балки давлат ва жамият олдига янги вазифалар қўйишда ҳам ифодаланиши мумкин. К. сиёсий фаолликни оширади, давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларни янги мақсадлар сари ундайди ҳамда халқни эришилган ютуқлардан руҳлантиради. К. нафақат муайян мақсадларни, балки унга эришишнинг ҳуқуқий механизмини ҳам ўзида мужассам этади.

К. нинг сиёсий функцияси шундаки, у нафақат давлат ички ҳаётидаги муносабатларни, балки бир вақтнинг ўзида давлат ташқи сиёсатининг ҳуқуқий пойдевори ҳамдир. Унда жамият сиёсий тизимининг қонунчилик асослари акс этади. К. нинг ғоялари, қоидалари ва тамойиллари асосида давлатнинг конституциявий - ҳуқуқий сиёсати шакллантирилади.

К. нинг мафкуравий функцияси ундаги муайян сиёсий таълимотнинг ягоналигини мустаҳкамловчи нормаларда намоён бўлади. Бундай мафкуравий якка ҳокимлик анъанаси 1992 йилда қабул қилинган ЎзР К. нинг 12-моддасига кўра истисно этилган. Унга кўра, ҳеч қандай мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас. Бошқа томондан эса, К. ҳеч қачон мафкурадан ҳоли бўлмайдиган (дунёқараш нуқтаи назаридан) ҳужжатдир. Ваҳоланки К. да мустаҳкамланган ҳар бир сўз мамлакат сиёсий тузумининг мақсадини ифодалайди. Ҳар бир К. да муайян қадриятлар кўрсатилган бўлиб, жамият аъзоларининг барчаси айнан улар таъсирида тарбияланишини назарда тутади.

К. нинг юридик функцияси - биринчидан, у янги ёки мавжуд тузум тараққиётининг кейинги босқичидаги ҳуқуқий тизим ва ҳуқуқий тартиботнинг асоси сифатида майдонга чиқади; иккинчидан, муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солади; учинчидан, қонунчиликда янги ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва ўзгартирилиши учун туртки бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир К. нинг асосий қонун сифатидаги ўзига хос юридик хусусиятлари мавжуд:

1. Барча К. лар давлатларнинг ҳуқуқий ҳужжатлари сирасига кириб, Асосий қонун ҳисобланади ва қонун эга бўлган барча сифатлар унда ҳам мужассам.

Мамлакатимизда К. асосий ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституциявий ҳуқуқ фанида ягона ҳуқуқий акт сифатидаги асосий қонунни «ёзилган конституция» деб аталади. Баъзан, мамлакатда бундай акт мавжуд бўлмай, балки конституциявий мақом берилган бир неча ҳужжатларнинг йиғиндисини «ёзилмаган конституциялар» деб аталади (масалан, Буюк Британия).

Баъзан К. атамаси «асосий қонун» атамаси шаклида ҳам қўлланилади ва таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолат ҳеч қандай сиёсий аҳамият касб этмайди.

Хорижий тажрибага, айрим мамлакатларда К. ларга яна бир неча ҳуқуқий актлар ҳам илова сифатида бириктирилиши мумкин. Улар, одатда, конституциявий қонунлар деб аталади. Агар шундай актларнинг мақомини конституцияга бевосита бириктирилганлиги расмий равишда эътироф этилган бўлса, уларнинг йиғиндиси ягона «ёзилган конституция» дейилади.

2. К. нинг ўзига хос юридик хусусияти - унинг олий даражадаги устунлигидадир. Бу унинг бошқа норматив актларга нисбатан олий юридик кучга эгалигида ифодаланади. Мамлакатдаги барча қонунлар ва норматив - ҳуқуқий актлар К. дан келиб чиқиши ва унга зид бўлмаслиги лозим. Бундай устунлик, одатда, К. нормаларида ифодаланган бўлади (ЎзР нинг К. нинг 16-моддаси).

3. К. амалдаги қонунчиликнинг асоси бўлиб, унинг йўналишлари ва характерини белгилайди. Қонунчилик конституцияда белгиланган асосларда ривожланади ва жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларни тартибга солинишига йўналтирилади. Кўпинча, конституциявий нормалар ўзида мазкур қоидани кенгайтирилишини белгиловчи қонунлар қабул қилинишини мустаҳкамлайди (ЎзР нинг К. нинг 90-моддаси).

4. К. ўзига хос қабул қилиниш ва ўзгартирилиш тартибига эга. К. нинг қабул қилиниш жараёни очиқ бўлиб, жамият аъзоларининг катта қизиқиши остида ўтади. Зеро, К. нинг қабул қилиниши тарихий ҳодисадир. Демократик мамлакатларда К. қабул қилинишидан олдин унинг лойиҳаси мунтазам равишда матбуотда эълон қилиниб, халқ муҳокамасига тақдим этилади.

К. махсус орган (Конституциявий ассамблея ёки коллегия), парламент ёхуд референдум орқали қабул қилиниши мумкин. Махсус орган - бу бир неча вакиллик органларидан ташкил топган коллегия бўлиши мумкин.

К. ни парламент томонидан қабул қилинишида ҳам махсус тартиблар қўлланилади, яъни муҳокамада депутатларнинг муайян миқдорини иштирок этиши, қўйилган конституциявий масала маъқулланиши учун 2/3 қисм овоз берилиши, лойиҳа қайтарилганда мазкур масалани қайта кўришга тақдим қилиш учун муайян муддат белгиланганлиги ва ҳоказолар. Референдум орқали қабул қилинадиган К. нинг тасдиқланиши учун «ҳа» ёки «қарши» бандлари бўлган бюллетенлар қўлланилади. Бунда овоз берувчи лойиҳага нисбатан юқоридаги бандлардан бирини танлаган ҳолда ўз муносабатини билдиради.