Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

КОНГО

(КОНГО ДЕМОКРАТИК РЕСПУБЛИКАСИ) - 1964-71 йилларда Конга Демократик Республикаси, 1971-97 йилларда Заир Республикаси) - Марказий Африкадаги давлат. Пойтахти - Киншаса шаҳри. 1960 йил 30 июнда мустақиллиги эълон қилинган.

Маъмурий бўлиниши 9 та провинция ва алоҳида област мақомига эга пойтахт шаҳар Киншасадан иборат. Бўлажак Конституция лойиҳасига асосан федерация бўлиши мумкин.

Мустақилликка эга бўлгандан сўнг узоқ вақт давомида мамлакатда беқарорлик, конституциявий мавҳумлик ҳукм суради. 1967 йилги Конституция деярли тўла амал қилмайди.

1994 йил 8 апрелдаги ўтиш даврининг институтлари тўғрисидаги Битим баённомасига асосан вақтли парламент, мамлакатни демократияга ўтишини таъминловчи “конституциявий акт” лойиҳасини маъқуллади.

1965 йилдан ҳокимият тепасида маршал Мобуту турган. 1984 йилдан янгитдан президент этиб сайланган. 1991 йилда ваколат муддати тугашига қарамай, ўз лавозимида “янги президент сайловигача” қолган. 17 май 1997 йил давлат тўнтариши натижасида у ҳокимиятдан ағдарилган ва чет элга қочиб кетиб, вафот этган.

1994 йил январда Мобуту қонунчилик органи - Миллий Мажлисни тарқатиб юбориб, қонунчиликда ягона ваколатли орган деб янги Республика Олий Кенгашини эълон қилган. Унинг умумий депутатлари сони 738 киши бўлиб, улар: Миллий Мажлис депутатларидан, республика Олий Кенгаши аъзоларидан, асосий сиёсий гуруҳлардан музокараларда иштирок этганлардан иборат бўлган. Вақтли парламент 15 ойни ўтиш даври деб эълон қилиб, унда янги Конституция ва уни қабул қилиш учун референдум ўтказиш, президент ва парламент сайловларини ўтказишни белгилаган.

1997 йилда давлат бошлиғи қилиб демократик кучлар иттифоқи етакчиси Лоран - Дезире Кабила эълон қилинган. Муваққат Конституция амал қилиши тўхтатилган.

КОНГО

(Конго Республикаси. 1969-1991 йилларда конга халқ республикаси деб аталган) - Марказий Африкадаги давлат. Пойтахти - Браззавил шаҳри. 1960 йил 15 августда мустақиллиги эълон қилинган.

Маъмурий бўлиниши 10 та областдан иборат.

Амалдаги конституцияси 1992 йил 15 мартдаги референдумда маъқулланган.

Давлат бошлиғи - президент, тўғри сайлов асосида 5 йилга сайланади. Яна бир муддатга сайланиши мумкин.

Қонунчилик ҳокимияти - Сенат ва Миллий мажлисдан иборат парламент. Сенатга 60 сенатор сайланади. Сенаторлар Област Кенгашлари томонидан сайланади. Сенатни ваколат муддати 6 йил, ҳар 3 йилда сенаторларнинг ярми янгиланади. Миллий Мажлис 125 депутатдан иборат бўлиб, мажоритар тизимда умумий ва тўғри сайлов асосида 5 йил муддатга сайланади.

Ижроия ҳокимият ҳукумат томонидан амалга оширилади. Бошлиғини қуйи палатада кўпчилик овозга эга бўлганлар орасидан президент тайинлайди.

1997 йилда амалдаги президент тарафдорлари билан собиқ президент тарафдорлари ўртасидаги тўқнашув, июл ойида белгиланган президент сайловларини барбод қилди.

1997 йил августда сиёсий партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар мамлакатни биргаликда бошқариш ҳақида шартнома имзолашди. У Миллий келишув ҳукуматини тузишни ҳам назарда тутар эди. Лекин президент Д.Сассу Нгессо бу қарорни конституцияга хилоф деб ҳисоблаб, пойтахтни эгаллади ва ўзини 1997 йил 25 октябрда мамлакат президенти деб эълон қилди.