Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

КАНАДА

Шимолий Америкадаги давлат. Пойтахти - Оттава шаҳри. 1 июн 1867 йилгача Буюк-Британия колонияси эди. Кейинчалик доминион сифатида Британия ҳамкорлик аъзоси ҳисобланади. К. федератив давлат.

Маъмурий бўлиниши: 10та вилоят ва икки ҳудуддан иборат. Ҳар бир вилоят (провинция) ўз Конституциясига, қонунчилик органига, ҳукуматига эга. Марказий ҳукумат вакили лейтенант-губернатор ҳисобланади. Вилоятларнинг ҳокимият органлари ваколат доираси аниқ белгилаб қўйилган.

Федерацияда Онтарио вилояти ва француззабон Квебек алоҳида ҳолатга эга.

Квебек ҳар доим алоҳида мақомга эга бўлиш, ҳатто босқичма-босқич Канададан ажралиб чиқиш учун ҳаракат қилади. 12 сентябр 1994 йил вилоят парламентига сайловда Квебек партияси кўпчилик овоз олиб ҳокимиятга келгач бу ҳаракат кучайди. Ажралиб чиқиш масаласи 1995 йил ноябрдаги референдумга ҳам қўйилган эди. Овоз беришда иштирок этганларнинг 50,6% ягона Канада учун (бу кўпчилик), 49,4 % Квебек суверенитети (бу камчилик) учун овоз бериб, Квебекни ажралиб чиқишига тўсқинлик қилди.

К. да ягона конституция йўқ. Конституциявий масалалар турли ҳужжатлар ва конституциявий қонунлар билан тартибга солинади.

К. конституцион монархия. Англия қироличаси, мамлакат бош вазири билан келишиб, 5 йил муддатга тайинланган генерал-губернатор қироличанинг Канададаги вакили ҳисобланади. У қонун лойиҳаларини тасдиқлайди, парламентни таркатиб юбориш, бош вазирни тайинлаш ваколатларига эга.

К. парламентни икки палатадан ташкил топган. Юқори палата - Сенат 104 сенатордан иборат. Сенаторлар вилоят ва ҳудудларнинг аҳолисини сонига пропорционал тартибда, умрбод муддатга генерал-губернатор томонидан тайинланади. Сенатор бўлиш ҳуқуқига 30 ёшга етган, 4 минг доллардан кам бўлмаган мулкка эга шахслар эга. Сенат спикери - Бош вазир томонидан тайинланади. Қуйи палата - Жамоалар палатаси 301 депутатдан иборат бўлиб, умумий сайлов асосда 5 йилга сайланади.

Қонунчилик жараёнида Британия қироличаси билан генерал-губернаторнинг рамзий роли, парламентнинг биринчи қўшма мажлисида генерал-губернаторнинг Қиролича номидан тантанали нутқида кўринади. Генерал-губернатор қонунларни тасдиқлайди ва К. нинг халқаро шартномаларини ратификация қилади. Ҳар икки палата бир хил ҳуқуққа эга.

Ижро ҳокимияти расман Қиролича тимсолида генерал-губернаторга тегишли бўлсада, амалда К. ҳукумати томонидан амалга оширилади. Бош вазир лавозимига генерал-губернатор парламентдаги кўпчиликнинг бошчисини тайинлайди. Вазирлар Бош вазир томонидан тайинланади. Ҳукумат парламент олдида ҳисобот беради.

К. Олий суд инстанцияси - Олий суд бўлиб, унинг 9 судьяси генерал-губернатор томонидан умрбод тайинланади. К. Олий федерал суди, федерал ҳокимиятга нисбатан фуқаролик даъволарини кўради. Вилоятларнинг Олий суди муҳим жиноят ва фуқаролик ишларини биринчи инстанция тарзида кўради. Шунингдек графлик судлари ҳам фаолият кўрсатади.