Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ИНКОРПОРАЦИЯ

(лот. Incorporatio) - тизимлаштиришнинг бир тури бўлиб, бунда, Кодификациядан фарқли ўлароқ, амалдаги қонунлар, фармонлар, ҳукумат қарорлари, фармойишлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий актларнинг мазмунига бирон-бир ўзгариш киритилмасдан, улар хронологик, алифбо, мавзу бўйича ёки ўзгача тартибда (масалан, ҳуқуқ соҳалари бўйича) тизимга солиб нашр қилинади. Қонунларни инкорпорация қилиш орқали тизимлаштириш деярли барча давлатларда амалга оширилади. Улар кўп жилдли қилиб нашр этилиб, қонунларнинг чиқарилган вақтига қараб (хронологик), алфавит тартибида ва бошқа сифат ҳамда белгиларига қараб жойлаштирилади. Ўзбекистонда Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб чиқарилган қонунлар “Ўзбекистон Республикасининг янги қонунлари” деган кўп жилдли хронологик тўплам сифатида нашр этиб келинмоқда. И. нинг уч тури мавжуд: расмий, норасмий ва официоз инкорпорация. Расмий инкорпорация деганда қонунчилик актларини уларни чиқарган органлар томонидан тўплам ва мажмуа шаклида тизимлаштириш тушунилади. Норасмий инкорпорацияда тизимлаштирилган тўпламлар тузиш бунинг учун махсус ваколати бўлмаган идора ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади (масалан, юридик нашриётлар томонидан ёки илмий-тадқиқот муассасалари томонидан тизимлаштириш). Официоз инкорпорация деганда эса қонунчилик актларининг уларни тизимлаштириш ваколатига эга бўлган идоралар томонидан умумлаштирилиши ва тўплам ёки мажмуа қилиб чиқарилиши (одатда, бундай тизимлаштириш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади) тушунилади. И. нинг энг юқори кўриниши - қонунлар мажмуини тузиш, қонунлар ва бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўплаб, қатъий тартиб асосида мавзули (предметли) тизимлашдир. Бунда амалдаги барча қонун ҳужжатлари ёки қонун ҳужжатларининг маълум бир соҳаси, институтига тегишли норматив ҳужжатлар қайта ишланади ва муайян тартибда жойлаштириб чиқилади. Норматив-ҳуқуқий актларни жамлаш (консолидация қилиш) усули қонунчиликни тизимлаштиришга яқин туради. Қонунчиликни жамлаш норматив-ҳуқуқий актларни тизимлаштиришдан олдинги дастлабки босқич сифатида майдонга чиқади. Бунда норматив ҳужжатлар чуқурроқ қайта ишланади, яъни айнан бир хил масалага оид бўлган тарқоқ ҳолдаги норматив ҳужжатлар тегишли қонун чиқарувчи орган томонидан қабул қилинадиган ягона акт ҳолида бирлаштирилади. Консолидация жараёнида норматив ҳужжатлар уларнинг мазмунига бирон-бир ўзгартириш киритилмаган ҳолда, фақатгина таҳрир қилиш йўли билан қайта ишлаш орқали муайян мантиқий кетма-кетликда жойлаштириб чиқилади. Норматив ҳужжатларни консолидация ҳолида нашр қилиш Буюк Британия ва Францияда кенг тарқалган. Халқаро шартномалар таҳрирларида “И” ибораси келишув асосида бир давлатнинг иккинчи давлат таркибига киришини кўрсатиш учун қўлланилади.