Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ДЕНАТУРАЛИЗАЦИЯ

чет элликни, фуқаролиги йўқ шахсни давлат фуқаролигига қабул қилишни бекор қилиш. Бундай қарорни қабул қилинишига шахснинг ўзи тўғрисида маълумотни сохталаштириши сабаб бўлади. Бу қоида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик тўғрисидаги қонунида ўз аксини топган.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз илтимосномаларига кўра келиб чиқишидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тилидан, динга муносабатидан, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъий назар ЎзР фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.

ЎзР нинг фуқаролигига қабул қилиш шартлари қуйидагилардан иборат:

1) чет эл фуқаролигидан воз кечиш;

2) сўнгги беш йил давомида ЎзР ҳудудида доимий яшаганлик;

Ушбу қоида ЎзР нинг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси ЎзР ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;

3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;

4) ЎзР нинг Конституциясини тан олиш ва бажариш.

Ушбу модданинг 1, 2 ва 3-бандларида қайд этиб ўтилган талаблар алоҳида ҳоллардагина ЎзР Президентининг Қарорига биноан ЎзР олдида буюк хизматлари ёки фан, техника ва маданият соҳасидаги катта ютуқлари бўлган, шунингдек ЎзР ни қизиқтирадиган касб ёхуд малакага эга бўлган айрим шахсларга нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин.

Қуйидаги ҳолларда ЎзР фуқаролиги йўқотилади:

1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларга ишга кирганлиги натижасида;

2) агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

3) агар ЎзР фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса.

ЎзР Президентининг Фармони чиққан кундан бошлаб ЎзР нинг фуқаролиги йўқотилади.