Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ДЕМОКРАТИЯ

ижтимоий фанларда кенг тарқалган тушунча. Демократия конституциявий-ҳуқуқий тушунча сифатида қуйидаги элементларни ўз ичига қамраб олади:

1) давлат ва ижтимоий масалаларни ҳал этишда халқнинг ўзи бошқарувни ташкил этадиган ҳаёт ва турмуш тарзи бўлиб, уларнинг устидан ҳеч ким раҳбарлик қилмайди. Ижро ҳокимияти тизимидаги раҳбар шахслар ва қонун чиқарувчи ҳокимият органлари халқ томонидан сайланади ва улар олдида масъулдирлар. Шундай қилиб, конституциявий - ҳуқуқий жиҳатдан демократия - бу халқ ҳокимиятчилигига асосланган давлат бўлиб, ўзининг қуйидаги институтларига эга: ошкора амалда бўлган давлат ҳокимият органларига; давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги масъулиятни ҳокимиятларни тақсимланиши тамойилига кўра амалга оширилиши, бошқарувда умумдавлат, ҳудудий, шунингдек миллий манфаатларни ҳисобга олиниши; сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини эркин ифодаловчи, муқобилликка асосланган сайлов тизимига; такомиллашган ҳуқуқий тизимга эга эканлиги, жумладан ривожланган қонунчилик ва ихчам қонун чиқариш жараёнига эгалиги; қонунийликни ҳимоя қилувчи органлар тизимининг мавжудлиги ва шу кабилар;

2) шахс эркинлиги, яъни ҳар бир инсоннинг Конституцияда ва бошқа ҳуқуқий актларда мустаҳкамлаб қўйилган шахсий, умумий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлиги ва ҳимоя қилиш воситаларининг мавжудлиги;

3) Конституцияда белгилаб қўйилган сиёсий плюрализмнинг мавжудлиги, яъни сиёсий институтларнинг шаклланишида ва давлат фаолиятида фуқароларнинг турли ижтимоий бирлашмаларининг иштирок этиш имконияти мавжудлиги. Жамиятда ошкораликнинг мавжудлиги, фуқароларнинг муҳим масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқи, ўз фикрларини билдириши ва қонуний йўл билан фикрларини қонун актларида ҳисобга олинишига эришилишини таъминланганлиги;

4) жамиятга фойдаси тегишини ҳар бир фуқаро англаб етиши, қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда, референдумда, сайловда ва шу кабиларда иштирок этиши зарурлигини англаб етишлари;

5) Конституциявий тузумнинг асоси сифатида демократия - бу интизом, шахснинг жамият ва давлат олдидаги масъулиятидир. Демократия анархия билан, қонунларга риоя қилинмаслик билан сиғиша олмайди.