Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ГОНДУРАС

(Гондурас Республикаси) - Марказий Америкадаги давлат. 1821 йил 15 сентябрдан эътиборан мустақил. Пойтахти Тегусигальпа шаҳри.

Маъмурий бўлиниши 18 та департаментдан иборат. Департаментлар округларга, округлар муниципалитетларга бўлинади.

Давлат 1965 йилги (1981 ва 1982-йилларда тузатишлар киритилган) Конституцияга кўра - республика шаклига эга. Давлат ва ҳукумат бошлиғи - Президент умумий сайлов йўли билан 4 йилга сайланади. Бир вақтнинг ўзида учта вице-президент сайланади. Президент иккинчи муддатга сайланиши мумкин эмас.

Парламент - Миллий мажлис мутаносиб тизим бўйича 4 йилга сайланадиган 128 нафар депутатдан иборат.

Ижро этувчи ҳокимиятни Президент амалга оширади, у ҳукуматни тайинлайди ва унга бошчилик қилади.

Бир неча ўн йиллар мобайнидаги давлат тўнтаришлари ва Салвадор билан ҳарбий ҳаракатлардан сўнг кейинги йилларда мамлакатда сиёсий тузум барқарорлашди.