Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ГВИНЕЯ

(Гвинея Республикаси, 1978 йил ноябрдан 1984 йил апрелга қадар - Гвинея Халқ Республикаси) - ғарбий Африкадаги давлат. 1958 йил 28 сентябрдаги референдум натижаларига мувофиқ 1958 йил 22 октябрда мустақиллиги эълон қилинган (сайловчиларнинг 95,4 фоизи Франциянинг Бешинчи республика Конституциясининг мамлакатда амал қилишига қарши овоз берган). Пойтахти - Конакри шаҳри.

Маъмурий бўлиниши 8 та провинциядан иборат, улар 35 та префектурага бўлинади.

1958 йилги Конституция асосида Г. 7 йил муддатга сайланадиган Президент бошчилигидаги республика деб эълон қилинган (шахсий диктатура тузумини ўрнатган А.Секу Туре 1984 йилгача муттасил Президент бўлган). Сўнгра 1982 йилги Конституция қабул қилинган (1984 йилги тўнтариш туфайли тўхтатиб қўйилган). 1991 йил 23 декабрдан амалда бўлган, лекин 1995 йил охирида тўла ҳажмда кучга кирган янги Конституцияга биноан мамлакатда президентлик тузуми жорий этилган.

Президент умумий овоз бериш орқали 5 йил муддатга сайланади. У ҳукумат бошлиғи ва мудофаа вазири ҳисобланади.

Парламент - Миллий мажлис умумий овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланадиган 114 нафар депутатдан иборат.

Олий суд инстанцияси - Олий суд конституциявий суд вазифасини ҳам бажаради. Суд тизими қайта ташкил этилиш босқичидадир.