Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ВЬЕТНАМ

(Вьетнам Социалистик Республикаси) - Жануби-Шарқий Осиёда Ҳиндихитой яриморолида жойлашган давлат. 1945 йилгача - Франция протекторати. 1945 йил 2 сентябрда Вьетнам Демократик Республикаси эълон қилинган, ҳукуматга Хо Ши Мин бошчилик қилган. Франция ўз гумаштаси, “император” Бао Дай ҳокимиятини тиклашга интилиб фуқаролар уруши бошланишига туртки беради. 1954 йилда 17-параллел бўйича мамлакат бўлиб юборилиши (Женева битими) эвазига мамлакатда тинчлик ўрнатилади. 1956 йил июнь ойига мўлжалланган умумий сайлов 1955 йилда жанубда тўнтариш амалга оширилиши ва пойтахти Сайгон шаҳри бўлган Вьетнам Республикаси эълон қилиниши туфайли барбод бўлади. Бунга жавобан шимолда пойтахти Ханой шаҳрида бўлган Вьетнам Демократик Республикаси эълон қилинади. 1960 йилда Жанубий Вьетнамни озод қилиш фронти тузилади, кўп йиллик уруш бошланади, унга Америка қўшинлари аралашуви натижасида халқаро можаро тусини олади. 1973 йилги Париж битимларига мувофиқ Америка қўшинларини олиб чиқиш бошланди. 1975 йил 30 апрелда Сайгон таслим бўлди, бутун жанубий ҳудуд Жанубий Вьетнам Республикасининг Муваққат инқилобий ҳукумати назорати остига ўтди. 1976 йил 25 апрелда Вьетнамнинг иккала қисмида ягона Вьетнам Миллий мажлисига сайлов бўлиб ўтди. 1976 йил 2 июлда Миллий мажлис ягона давлат - Вьетнам Социалистик Республикаси (ВСР) тузилганлигини эълон қилди. Пойтахти Ханой шаҳри.

Маъмурий бўлиниши: 52 та провинция (тинь) ва алоҳида маъмурий бирликка ажратилган 3 та шаҳар (Ханой, Хошимин - собиқ Сайгон ва Хайфон). Провинциялар уездларга (хюенларга), уездлар эса волостларга (саларга) бўлинади.

1992 йилда қабул қилинган ВСР Конституцияси амал қилмоқда. Конституцияга кўра, ВСР Миллий мажлиси давлат ҳокимиятининг олий органи ва айни чоғда олий қонун чиқарувчи орган ҳисобланади. У 5 йил муддатга давлат бошлиғини - Президентни ва вице-президентни сайлайди. У шунингдек давлат ҳокимиятининг барча органлари устидан назоратни амалга оширишга ҳақлидир. Миллий мажлис умумий овоз бериш орқали 5 йил муддатга сайланадиган 450 нафар депутатдан иборат бўлади.

Ижро этувчи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Бош вазирни Миллий мажлис сайлайди ва Президент тасдиқлайди. Ҳукумат Миллий мажлис олдида жавобгардир.