Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ВЕНЕСУЭЛА

(Венесуэла Республикаси) - Жанубий Америкадаги давлат. 1811 йил 5 июлдан эътиборан мустақил. Пойтахти- Каракас шаҳри.

Федератив давлат, 20 та штат, битта федерал округ, иккита федерал ҳудуд ва федерал ўлкалардан (Кариб денгизидаги ороллардан) иборат. Ҳар бир штатнинг губернатори ва бир палатали парламенти - Қонунчилик ассамблеяси бор.

1961 йил 23 январда қабул қилинган Конституцияси амал қилмоқда. Бошқарув шакли - республика.

Давлат бошлиғи - Президент тўғридан-тўғри овоз бериш орқали нисбий кўпчилик овоз билан 5 йилга сайланади. У аввалги ваколатлари муддати тугагач, 10 йилдан кейингина иккинчи марта қайта сайланиши мумкин. Амалдаги Конституция Президентга қуйидаги кенг ваколатларни беради: парламентни чақириш, вазирларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, фавқулодда ҳолат эълон қилиш, фуқаролар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини тўхтатиб туриш (“Иқтисодиётни ростлаб олиш” ва “коррупцияга қарши курашиш учун” Президент Р.Кальдера томонидан 1994 йил 27 июндан 1995 йил 4 июлгача бўлган давр учун кўрилган чора).

Икки палатали парламент - Республика Конгресси Сенатдан (49 сенатор, улардан учтаси умрбод) ва Депутатлар палатаси (умумий овоз бериш орқали 5 йилга сайланадиган 199 депутат)дан иборат.

Ижро этувчи ҳокимиятни Президент амалга оширади. У ҳукуматга бошчилик қилади ва вазирларни тайинлайди.

Суд тизимини Конгресс 5 йил муддатга сайлайдиган Олий суд, апелляция ва округ судлари ташкил этади. Федерация таркибидаги штатлар ҳам олий судларга эга.

ВЕРДИКТ - ҳақиқатнома, тўхтам (махсус чақириладиган суд маслаҳатчиларининг иштирокида кўрилган иш юзасидан судланувчининг айбли ёки айбсизлигини аниқлайдиган ҳолат ҳақидаги хулоса). В. профессионал судья ҳукм чиқариши учун асос бўлади.