Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

ВЕНГРИЯ

(Венгрия Республикаси) - Марказий Европадаги давлат. 1918 йилда Австрия-Венгрия парчаланиб кетиши натижасида ташкил топган. Пойтахти - Будапешт шаҳри.

Маъмурий бўлиниши: 19 та вилоят (медье) дан иборат, алоҳида маъмурий бирликларга ажратилган Будапешт, Дебрецен, Мишкольц, Печ, Сегед вилоятлар мақомига тенглаштирилган.

Мамлакатда 1994 йилги таҳрирдаги Конституция амал қилмоқда.

Бошқарув шакли - парламент республикаси. Президент камида эллик депутатнинг тақдимига биноан парламент томонидан сайланади. Унинг ваколат муддати 4 йил бўлиб, у яна бир муддат қайта сайланиши мумкин.

Парламент - Давлат мажлиси 386 депутатдан иборат таркибда 5 йил муддатга сайланади. Анча кенг ваколатларга, шу жумладан давлатнинг олий мансабдор шахсларини сайлаш, халқаро шартномаларни ратификация қилиш, фавқулодда ҳолат шароитида Президент чиқарган ҳар қандай декретнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ваколатига эга.

Бош вазирни парламент сайлайди. Вазирларнинг номзодларини бош вазир тавсия этади, лавозимга эса Президент тайинлайди.

В. Конституциявий суди суд назорати борасида мутлақ ҳуқуққа эга. Ўн нафар судьяни парламент депутатлари сайлайди.Улар ўз таркибидан қайта сайланиш ҳуқуқи билан 3 йил муддатга раисни сайлайдилар.