Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БЮДЖЕТ

2000 йил 14 декабрда қабул қилинган «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, давлат пул маблағларининг (шу жумладан давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг) марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, унда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқдори, шунингдек молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади.

Бюджет тизими турли даражадаги бюджетлар ва бюджет маблағлари олувчилар йиғиндисини, бюджетларни ташкил этишни ва тузиш принципларини, бюджет жараёнида улар ўртасида, шунингдек бюджетлар ҳамда бюджет маблағлари олувчилар ўртасида вужудга келадиган ўзаро муносабатларни ўзида ифодалайди.

Бюджет тизимининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: бюджет таснифи тизими, ҳисоб-бюджет ҳужжатлари ва бюджет жараёни тузилишининг ягоналиги; бюджет тузилишининг Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқлиги; турли даражадаги бюджетларнинг ўзаро боғлиқлиги; Давлат бюджети баланслилиги; давлат даромадларини аниқ манбалар бўйича ва харажатларини йўналишлари (моддалари) бўйича режалаштириш; Давлат бюджети харажатларини бюджетдан ажратиладиган тасдиқланган маблағ доирасида сарфлаш; барча даражадаги бюджетларнинг мустақиллиги.

Давлат бюджети: республика бюджетини; Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини ва маҳаллий бюджетларни ўз ичига олади.

Давлат бюджети таркибида давлат мақсадли жамғармалари жамланади.

Давлат бюджети даромадлари: 1) қонун ҳужжатларида белгиланган солиқлар, йиғимлар, божлар ва бошқа мажбурий тўловлар; 2) давлатнинг молиявий ва бошқа активлари жойлаштирилиши, фойдаланишга берилиши ва сотилишидан олинган даромадлар; 3) қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос олиш, ҳадя этиш ҳуқуқи бўйича давлат мулкига ўтган пул маблағлари; 4) юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет эл давлатларидан келган қайтарилмайдиган пул тушумлари; 5) резидент-юридик шахсларга ва чет давлатларга берилган бюджет ссудаларини қайтариш ҳисобига тушадиган тўловлар; 6) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар ҳисобига шакллантирилади.

Давлат бюджети харажатлари тасдиқланган бюджетдан маблағ ажратиш доирасида қуйидагича амалга оширилади:

1) бюджет маблағлари олувчиларнинг жорий харажатлари шаклида; 2) жорий бюджет трансфертлари шаклида; 3) капитал харажатлар шаклида: асосий фондлар ва воситаларни (улар билан боғлиқ ишлар ва хизматлар ҳам шулар жумласига киради) давлат эҳтиёжлари учун олиш ва такрор ишлаб чиқаришга; чет элда давлат эҳтиёжлари учун ер ва бошқа мол-мулк олишга; давлат эҳтиёжлари учун ерга бўлган ҳуқуқни ва бошқа номоддий активларни олишга; давлат захираларини вужудга келтиришга; 4) капитал харажатларни қоплаш учун юридик шахсларга бериладиган бюджет трансфертлари шаклида; 5) резидент-юридик шахсларга ва чет давлатларга бериладиган бюджет ссудалари шаклида; 6) давлат мақсадли жамғармаларига бериладиган бюджет дотациялари ва бюджет ссудалари шаклида; 7) давлат қарзини қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича тўловлар шаклида; 8) қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатлар шаклида.

Давлат бюджети тақчиллиги: давлат томонидан ички ва хориждан маблағларни жалб қилиш; республика бюджети маблағларининг молия йили бошланишидаги қолдиқлари; қонунларга мувофиқ бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Давлат бюджети маблағлари турли даражадаги бюджетлар ўртасида қуйидаги йўллар билан қайта тақсимланади: юқори бюджетлардан қуйи бюджетларга бюджет дотациялари ва бюджет субвенциялари бериш; бюджет ижроси жараёнида пайдо бўлган ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағларни юқори бюджетдан қуйи бюджетга, шунингдек қуйи бюджетдан юқори бюджетга йўналтириш; бюджет ссудалари ажратиш.

Давлат бюджети Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинади (тасдиқланади).