Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БОЛГАРИЯ

(Болгария Республикаси) - 1990 йилгача “Халқ Республикаси” эди. Т.Живков истеъфога чиқиб, Конституциядан коммунистик партиянинг етакчилик роли ҳақидаги қоида чиқариб ташлангандан кейин парламент янги Конституцияни ишлаб чиқди ва у 1991 йил 12 июлда кучга кирди. У 1971 йилги Конституцияни алмаштирди. Янги Конституцияга кўра, Б. демократик республика деб эълон қилинди. Ҳозирги Конституция 1878 йилги Тирнов Конституциясининг бир қатор қоидаларини тиклади. Пойтахти - София шаҳри.

Маъмурий бўлиниши: 9 та вилоят (шу жумладан София) дан иборат, улар жамоаларга бўлинган.

Давлат бошлиғи - Президент халқ томонидан умумий овоз бериш орқали 4 йилга сайланади. У яна бир муддат сайланиш ҳуқуқига эга. Айни вақтда вице-президент сайланади.

Парламент - Халқ Мажлиси бир палатали, умумий тўғридан-тўғри овоз бериш орқали сайланадиган 240 депутатдан иборат. Янги Конституция қабул қилинадиган, мамлакат ҳудуди ёки давлат тузуми ва бошқарувини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳал этиладиган бўлса, Халқ Мажлисининг қарори билан 400 нафар халқ вакилидан иборат бўладиган Буюк халқ мажлиси сайланади. Унинг ваколати тегишли қарор қабул қилингандан кейин тугайди.

Ҳукумат Президентнинг топшириғига биноан қонун чиқарувчи органда энг кўп ўринларга эга бўлган партия бош вазирликка тавсия этган шахс томонидан тузилади. Бундай уринишлар муваффақиятсиз чиқса, Президент бош вазир лавозимига номзодни сайлашни Халқ Мажлисининг ўзига тавсия қилади.

Янги Конституцияга биноан, барча даражалардаги судьяларни тайинлайдиган Олий суд кенгаши бор. Айни вақтда Президент Конституциявий суд судьяларининг учдан бир қисмини, Олий суд кенгашининг тақдимномаси бўйича эса - Кассация судининг раисини ва Олий маъмурий суд раисини тайинлайди.