Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БИЛИНГВИЗМ

(икки тиллилик) - давлатда (парламент, ижро этувчи ҳокимият, бошқа органлар ишида) тенг ҳисобланувчи ва бир хил давлат мақомига (давлат ёки расмий тил мақомига) эга бўлган икки тилдан фойдаланиш. Яъни шахс тегишли органларда ўзига маъқул тилда сўзга чиқишга ҳақли, бунда унинг нутқи тингловчиларга тушунарсиз бўлса, таржима қилиниши таъминланади. Шунингдек ҳужжатлар, аризалар, илтимосномалар ва бошқа шу сингарилар ана шу тиллардан исталганида берилиши мумкин. Бельгия, Швейцария каби мамлакатларда бир неча тилдан фойдаланилади. Бундан ташқари, кўпгина мамлакатларда озчиликни ташкил этувчи миллатлар яшайдиган жойларда икки тиллилик қўлланилади. ССР Итифоқининг мустақил давлатларга айланган собиқ республикаларидан бир қанчасида дастлабки босқичда миллий тил ва рус тили давлат тиллари деб эълон қилинган эди. Бироқ, кейин,гарчи бир қатор республикаларда барча муассасаларда рус тилининг қўлланилиши кафолатланса-да, фақат миллий тил давлат тили мақомига эга қилинди.

Ўзбекистон Республикасида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.

Ўзбекистон Республикаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасига татбиқан олганда ўзига хос билингвизм ҳақида сўз юритиш мумкин. Зеро, тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар шу республиканинг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.