Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БЕЛЬГИЯ

(Бельгия Қироллиги) - Ғарбий Европадаги давлат. 1830 йилда ташкил топган. Умумий бозор ва Европа Ҳамжамияти (ҳозирда Европа Иттифоқи)нинг таъсис этувчи аъзоси. Пойтахти - Брюссель шаҳри.

1831 йил 7 февралда қабул қилинган Б. Конституциясининг янги таҳририга (1990, 1993 йиллар) кўра - федератив давлат. 1977 йилги Эгмонт битими бўйича мамлакат учта маданий-лингвистик: фламанд тилида сўзлашувчи, француз тилида сўзлашувчи ҳамда 1 фоизни ташкил этувчи немис тилида сўзлашувчи ҳамжамиятга, шунингдек 3 та минтақага: Фландрия, Валлония ва Брюсселга бўлинган. Мамлакатнинг аввалги 10 та провинциядан иборат маъмурий бўлиниши сақлаб қолинган.

Б. бошқарув шаклига кўра –мерос бўлиб ўтадиган конституциявий монархия. Эркак ворис бўлмаса, қирол парламентнинг розилигисиз ўзига ворис тайинлашга ҳақли эмас. Вафот этган Бодуэн I нинг ўрнини эгаллаган Альберт II 1993 йилдан буён “Бельгияликлар қироли” (бу унинг расмий унвони)дир. 1831 йилги Конституция ҳокимиятлар бўлиниши принципини эълон қилган. Шуниси ҳам борки, қонун чиқарувчи ҳокимиятни Қирол ва парламент, ижро этувчи ҳокимиятни - Қирол ва ҳукумат, суд ҳокимиятини судлар амалга оширади.

Б. парламенти - икки палатали. Иккала палатанинг ваколат муддати - 4 йил. Конституцияга 1994 йилда киритилган тузатишларга мувофиқ, юқори палата - Сенат 71 (аввал 184 нафар эди) сенатордан иборат. Бундан 40 нафари умумий овоз бериш орқали сайланади, бунда 10 сенатор Фламанд кенгаши ва Француз ҳамжамияти кенгашидан, биттаси Герман тилида сўзлашувчи ҳамжамият кенгашидан бўлади, 6 киши сайланган фламанд сенаторлар томонидан тўлдирилади, 4 киши - сенатор-валлонлар бўлади. Бундан ташқари, Сенат таркибига қонуний равишда қирол оиласи аъзолари кириши мумкин. Вакиллар палатаси мутаносиб тизим бўйича умумий тўғридан-тўғри овоз бериш орқали сайланадиган 150 депутатдан (аввал 212 нафар эди) таркиб топади. Иккала палата депутатлари ва ҳукумат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Қонун лойиҳасининг, айниқса миллий ёки тил муаммоларига тааллуқли лойиҳанинг ҳар бир лингвистик гуруҳдан, француз ва фламанд гуруҳларидан ҳозир бўлган “махсус кўпчиликнинг” (камида учдан икки қисмининг) маъқуллаши зарурлиги қонун чиқариш жараёнининг ўзига хос хусусияти ҳисобланади.

Ҳукуматни - Вазирлар Кенгашини, шу жумладан бош вазирни Қирол тайинлайди. Унинг ўзи айрим вазирларни ёки бутун ҳукуматни истеъфога чиқаради. Лекин Конституция ҳукумат парламентнинг ишончидан фойдаланишини талаб қилади (агар янги тузилган ҳукуматнинг дастури палаталардан лоақал биттаси томонидан маъқулланмаса, у истеъфога чиқиши керак). Бундан ташқари, ҳукуматни шакллантиришда фламанд ва валлон қисмларининг вакиллари ўртасида мутаносиблик бўлиши талаб қилинади.

Гарчи Қирол вазирларни тайинласа ҳам унинг ҳеч бир ҳужжати шу ҳужжатнинг ижроси учун жавобгар бўлган вазирнинг имзосисиз кучга эга бўлмайди. Ҳукумат тайёрлаган қарорлар Қирол фармони ёки вазирлик декрети шаклига эга бўлади; Конституция ҳукуматга қонунчилик борасида кенг ваколатлар беради. Шуниси ҳам борки, ҳукумат томонидан тақдим этиладиган қонун лойиҳалари парламентда соддалаштирилган тартиб-таомил бўйича қабул қилинади.

25 судьядан иборат Кассация суди олий суд инстанцияси вазифасини бажаради. Бешта йирик шаҳарда апелляция судлари ишлайди. Улар фуқаролик, жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция трибуналларининг қарорлари ва тижорат трибуналларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўради. Шунингдек меҳнат низолари бўйича биринчи инстанция трибуналларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўрадиган меҳнат низолари бўйича апелляция судлари мавжуд. Биринчи инстанция судлари 26 та суд округининг ҳар бирида ишлаб туради.

1989 йилда Ҳакамлик суди ҳам айрим фуқароларнинг, ҳам миллий-лингвистик ҳамжамиятлар ва майда миллатларнинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадиган Конституциявий суд вазифаларига эга бўлди.

Барча суд лавозимларига тайинлаш Адлия вазирлиги тақдимномаси бўйича камида 30 ёшга тўлган дипломли юристлар орасидан Қирол томонидан амалга оширилади.