Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

БЕЛАРУСЬ

(Беларусь Республикаси) - 1996 йил 24 ноябрдаги референдумда қабул қилинган Конституциясига мувофиқ, унитар демократик ижтимоий ҳуқуқий давлат. Белорус ва рус тиллари давлат тиллари ҳисобланади. Пойтахти - Минск шаҳри.

Б. Конституциясида айтиладики, Б.да инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда уларни рўёбга чиқариш кафолатлари жамият ва давлатнинг олий қадрияти ва мақсади ҳисобланади. Халқ Б.да давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ва суверенитетнинг ифодачисидир. У ўз ҳокимиятини бевосита, вакиллик органлари ва бошқа органлар орқали Конституцияда белгиланган шакллар ва доирада амалга оширади. Б.да демократия сиёсий институтлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида амалга оширилади. Давлат ҳокимияти унинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши асосида рўёбга чиқарилади. Б.да ҳуқуқнинг устунлиги принципи ўрнатилади.

Б.да давлат мулки ва хусусий мулк бўлиши мумкин. Ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар давлатнинг мутлақ мулки ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги аҳамиятидаги ерлар ҳам давлат мулкидир. Қонун билан фақат давлат мулки мақомидаги бошқа объектлар ҳам белгилаб қуйилиши ёхуд улар хусусий мулкка ўтишининг алоҳида тартиби белгиланиши, шунингдек давлатнинг айрим фаолият турларини амалга оширишга бўлган мутлақ ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Б. Конституциясида (“Шахс, жамият, давлат” деб номланган II бўлимда) фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларининг кенг доираси мустаҳкамлаб қўйилган.

Б. Конституциясининг ўзига хос хусусияти “Сайлов тизими. Референдум” деб аталган III бўлим мавжудлигидир. Фаол сайлов ҳуқуқи 18 ёшдан бошлаб берилади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловларда иштирок этмайдилар. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзига нисбатан қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси сифатида танланган шахслар овоз беришда иштирок этмайди.

Б. Конституцияси қонунда белгиланган асослар бўйича депутатларни чақириб олиш имкониятини назарда тутади. Чақириб олиш юзасидан овоз бериш депутатни сайлаш учун назарда тутилган тартибда, сайлов ҳуқуқига эга бўлган ва тегишли ҳудудда яшайдиган фуқароларнинг камида 20 фоизининг ташаббуси билан ўтказилади.

Республика референдумлари Б. Президенти томонидан ўз ташаббуси билан, шунингдек Вакиллар палатаси ва Республика Кенгаши таклифига биноан (қарорлар уларнинг алоҳида-алоҳида мажлисларида қабул қилинади) ёхуд сайлов ҳуқуқига эга бўлган камида 450 минг фуқаронинг (шу жумладан ҳар бир вилоят ва Минск шаҳридан камида 30 минг фуқаронинг) таклифига биноан тайинланади. Маҳаллий референдумлар тегишли маҳаллий вакиллик органлари томонидан ўз ташаббуси билан ёхуд сайлов ҳуқуқига эга бўлган ва тегишли ҳудудда яшайдиган фуқаролар камида 10 фоизининг ташаббуси билан тайинланади.

Б. Президенти давлат бошлиғи, Конституцияга риоя этилишининг, инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишининг кафили ҳисобланади. Президент халқ бирлигини ифодалайди, ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари рўёбга чиқарилишини кафолатлайди, Чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Б. номидан вакиллик қилади. Президент Б. давлати суверенитетини, унинг миллий хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш чораларини кўради,сиёсий ва иқтисодий барқарорликни, давлат ҳокимияти органларининг муштараклиги ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди, давлат ҳокимияти органлари ўртасида воситачиликни амалга оширади.

Туғилган жойи бўйича Б. фуқароси, камида 35 ёшга бўлган, сайлов ҳуқуқига эга бўлган ва бевосита сайлов олдидан Б.да камида 10 йил доимий яшаб турган шахс Президент этиб сайланиши мумкин. Президент умумий сайлов йўли билан 5 йилга сайланади. Айни бир шахс икки муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмас (Б. Конституциясининг 81-моддаси). Президент лавозимига номзодлар Б. фуқаролари томонидан сайловчиларнинг камида 100 минг имзоси мавжуд бўлган тақдирда кўрсатилади.

Б. Президенти кенг ваколатларга эга. У: республика референдумларини тайинлайди; Вакиллар палатасига, Республика Кенгашига ва маҳаллий вакиллик органларига навбатдаги ва навбатдан ташқари сайловларни тайинлайди; Конституцияда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда палаталарни тарқатиб юборади; Марказий сайлов комиссиясининг олти аъзосини тайинлайди; Президент Маъмуриятини, давлат бошқарувининг бошқа органларини, шунингдек Президент ҳузуридаги маслаҳатлашув органлари ва бошқа органларни тузади, бекор қилади ва қайта ташкил этади; Вакиллар палатасининг розилиги билан Бош вазирни лавозимга тайинлайди; Б. Ҳукумати таркибий тузилишини белгилайди, Бош вазир ўринбосарларини, вазирларни ва Ҳукуматнинг бошқа аъзоларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади, Ҳукуматнинг ёки унинг аъзоларининг истеъфога чиқиши тўғрисида қарор қабул қилади; Республика Кенгашининг розилиги билан Б. Конституциявий суди Раисини, Олий суди Раисини, Олий хўжалик суди Раисини шу судларнинг судьялари орасидан тайинлайди; Республика Кенгашининг розилиги билан Олий суд, Олий хўжалик суди судьяларини, Марказий сайлов комиссияси Раисини, Бош прокурорни, Марказий банк Бошқаруви Раисини ва аъзоларини лавозимга тайинлайди; Конституциявий суднинг олти судьясини, Б. нинг бошқа судьяларини тайинлайди; қонунда назарда тутилган асосларга кўра ва Республика Кенгашини хабардор қилган ҳолда Конституциявий суд Раиси ва судьяларини, Олий суд Раиси ва судьяларини, Олий хўжалик суди Раиси ва судьяларини, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси ва аъзоларини, Бош прокурорни, Марказий банк Бошқарувининг Раиси ва аъзоларини лавозимидан озод қилади; Давлат назорати қўмитаси Раисини лавозимга тайинлайди ва ундан озод қилади; давлатдаги аҳвол ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари тўғрисида Б. халқига мактублар билан мурожаат этади; Парламентга ҳар йилги мактублар билан мурожаат этади, бу мактублар Вакиллар палатаси ва Республика Кенгаши мажлисларида тингланади, лекин муҳокама этилмайди; Парламент ва унинг органлари ишида иштирок этиш, улар олдида исталган вақтда маъруза ёки ахборот билан сўзга чиқиш ҳуқуқига эга; Б. Ҳукумати мажлисларида раислик қилиш ҳуқуқига эга; республика давлат бошқаруви органлари раҳбарларини тайинлайди ва уларнинг мақомини белгилайди; Президентнинг Парламентдаги вакилларини ҳамда, агар Конституцияда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, лавозими қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган бошқа мансабдор шахсларни тайинлайди; музокаралар олиб боради ва халқаро шартномаларни имзолайди; фавқулодда ҳолларда Б. ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиб, қабул қилинган қарорни уч кунлик муддатда Республика Кенгаши тасдиқлаши учун киритади; қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, иш ташлашни кейинга қолдиришга ёки уни кўпи билан уч ойлик муддатга тўхтатиб туришга ҳақли; қонунларни имзолайди, кечиктирувчи вето ҳуқуқига эга; Ҳукумат ҳужжатларини бекор қилиш ҳуқуқига эга; бевосита ёки ўзи тузадиган органлар орқали маҳаллий бошқарув ва ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади; маҳаллий депутатлар Кенгашлари қарорларини тўхтатиб қўйиш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ва идора қилувчи органларнинг қарорларини улар қонун ҳужжатларига номувофиқ бўлган тақдирда бекор қилиш ҳуқуқига эга; Б. Хавфсизлик Кенгашини тузади ва унга бошчилик қилади; Б. Қуролли Кучларининг Бош қўмондони ҳисобланади; ҳарбий таҳдид ёки ҳужум бўлган тақдирда Б. ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий этади, тўлиқ ёки қисман сафарбарлик эълон қилади ва қабул қилинган қарорни уч кунлик муддатда Республика Кенгаши тасдиқлаши учун киритади ва ҳ.к.

Б. Президенти Конституция асосида ва унга мувофиқ мамлакат ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар ва фармойишлар чиқаради. Конституцияда назарда тутилган ҳолларда Президент қонун кучига эга бўлган декретлар чиқаради.

Президент давлатга хиёнат қилганлиги ёки бошқа оғир жиноят содир этганлиги учун лавозимидан туширилиши, истеъфога чиқарилиши мумкин. Айблов Вакиллар палатаси томонидан қўйилади, текшириш эса Республика Кенгаши томонидан ташкил этилади. Лавозимидан тушириш тўғрисидаги қарор ҳар бир палата тўлиқ таркибидан камида учдан икки қисмининг овозлари билан қабул қилинади.

Парламент - Б. Миллий мажлиси вакиллик ва қонун чиқарувчи орган ҳисобланади. Парламент икки палатадан - Вакиллар палатаси ва Республикаси Кенгашидан иборат.

Вакиллар палатаси 110 депутатдан иборат бўлиб, улар умумий сайловда сайланадилар. Республика Кенгаши ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади. Унинг таркибига ҳар бир вилоят ва Минск шаҳридан маҳаллий Кенгашлар депутатлари мажлисларида саккизтадан аъзо сайланади. Республика Кенгашининг саккиз нафар аъзосини Б. Президенти тайинлайди. 21 ёшга тўлган Б. фуқароси Вакиллар палатаси депутати бўлиши мумкин. 30 ёшга тўлган ва тегишли вилоят (Минск шаҳри) ҳудудида камида беш йил яшаган Б. фуқароси Республика Кенгаши аъзоси бўлиши мумкин. Вакиллар палатасининг депутатлари ўз ваколатларини профессионал асосда амалга оширадилар. Шу палата депутати бир вақтнинг ўзида Ҳукумат аъзоси бўлиши мумкин, Республика Кенгаши аъзоси эса - йўқ.

Парламентнинг ваколат муддати- 4 йил. Ҳукуматга ишонч билдириш рад этилганда, ишончсизлик билдирилганда ёхуд Бош вазирни тайинлаш учун розилик бериш икки марта рад қилинганда Вакиллар палатасининг ваколатлари муддатидан илгари тўхтатилиши мумкин. Вакиллар палатаси ёки Республика Кенгашининг ваколатлари палаталар томонидан Конституция қоидалари мунтазам равишда ёки қўпол бузилган тақдирда ҳам Конституциявий суднинг хулосаси асосида муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин. Ушбу масалалар юзасидан қарорлар палаталарнинг раислари билан расмий маслаҳатлашувлардан кейин Президент томонидан қабул қилинади.

Вакиллар палатаси: Президентнинг таклифига биноан ёки сайлов ҳуқуқига эга бўлган камида 150 минг Б. фуқаросининг ташаббусига биноан Конституцияга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини, Конституцияга шарҳ бериш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади; қонун лойиҳаларини, шу жумладан Б. ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини, ҳарбий доктринани тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини, халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларининг асосий мазмуни ва принциплари тўғрисидаги ва бошқа талай қонун лойиҳаларини кўриб чиқади; Б. Президенти сайловини тайинлайди; Бош вазирни тайинлаш учун Президентга розилик беради; Бош вазирнинг Ҳукуматнинг фаолият дастури тўғрисидаги маърузасини эшитади ва дастурни маъқуллайди ёки рад этади (такроран рад қилиш Ҳукуматга ишончсизлик билдирилганини англатади); Бош вазирнинг ташаббуси билан Ҳукуматга ишонч билдириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади; Вакиллар палатаси тўлиқ таркибининг камида учдан бир қисмининг ташаббусига биноан Ҳукуматга ишончсизлик билдиради; Президентнинг истеъфосини қабул қилади; давлатга хиёнат қилганлик ёки бошқа оғир жиноят қилганлик хусусида Президентга қарши айблов қўяди; Президентни лавозимидан тушириш ҳақида қарор қабул қилади ва ҳ.к.

Республика Кенгаши: Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган Конституцияга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, Конституцияга шарҳ бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини, бошқа қонунларнинг лойиҳаларини маъқуллайди ёки рад этади; Президент томонидан Конституциявий суд Раисини, Олий суд Раиси ва судьяларини, Олий хўжалик суди Раиси ва судьяларини, Марказий сайлов комиссияси Раисини, Бош прокурорни, Миллий банк Бошқаруви Раиси ва аъзоларини тайинлаш учун розилик беради; Президентни лавозимидан тушириш тўғрисида қарор қабул қилади; Конституциявий суднинг олти нафар судьясини сайлайди; Марказий сайлов комиссиясининг олти нафар аъзосини сайлайди; депутатлар маҳаллий Кенгашларининг қонун ҳужжатларига номувофиқ қарорларини бекор қилади; депутатлар маҳаллий Кенгаши қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам равишда ёки қўпол равишда бузган тақдирда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда уни тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилади; Вакиллар палатаси томонидан Президентга қарши қўйилган айбловни кўриб чиқади, уни текшириб кўриш тўғрисида қарор қабул қилади; Президентни лавозимидан тушириш тўғрисида қарор қабул қилади; Президентнинг фавқулодда ҳолат, ҳарбий ҳолат, тўла ёки қисман сафарбарлик жорий этиш тўғрисидаги фармонларини кўриб чиқади ва ҳ.к.

Б. Парламентида қонун чиқариш жараёнида қуйи ва юқори палаталар принципи амал қилади. Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси Республика Кенгашида кўриб чиқилади. Республика Кенгаши маъқулламаган қонун Вакиллар палатаси томонидан овозларнинг учдан икки қисми билан қабул қилиниши мумкин. Имзолаш учун Президентга келган қонунни у ўз эътирозлари билан Вакиллар палатасига қайтариши мумкин. Президент ветоси ҳар бир палатада овозларнинг камида учдан икки қисми билан бартараф этилиши мумкин.

Бироқ Б. қонун чиқариш жараёнида ўзига хос хусусиятлари ҳам бор: агар қонуннинг айрим қоидаларига Президентнинг эътирозлари бўлса, қонун Президент томонидан имзоланади ва эътирозларга сабаб бўлган ҳамда палаталарда қайта овоз беришдан ўтказиладиган қоидаларни истисно этганда кучга киради.

Яна бир хусусияти: палаталар Президентнинг таклифига кўра қонун кучига эга бўлган декретлар чиқариш учун унга қонунчилик ваколатларини бериши мумкин. Бундай қонун Президентнинг декретлар чиқаришга бўлган ваколатлари муддатини ва тартибга солинадиган соҳани аниқлаб бериши керак. Бунда Конституцияга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишни, уни шарҳлашни, дастурий қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишни, республика бюджетини тасдиқлаш, Парламент ва Президент сайлови тартибини ўзгартиришни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари чекланишини назарда тутадиган декретларни чиқариш учун ваколатларни беришга йўл қўйилмайди.

Лекин Конституцияга мувофиқ, алоҳида зарурат бўлган тақдирда Президент ўз ташаббуси билан қонун кучига эга бўлган муваққат декретлар чиқариши мумкин. Муваққат декретлар Вакиллар палатасида, сўнгра Республика Кенгашида кўриб чиқилиш учун уч кунлик муддатда тақдим этилмоғи лозим. Агар декретлар ҳар бир палата тўлиқ таркиби овозларининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан бекор қилинмаса, ўз кучини сақлаб қолади.

Ижро этувчи ҳокимиятни Б.да Ҳукумат - Вазирлар Маҳкамаси - давлат бошқарувининг марказий органи амалга оширади. Ҳукумат ўз фаолиятида Б. Президентига ҳисоб беради ва Б. Президенти олдида жавобгардир.

Б.да суд ҳокимияти судларга тегишлидир.

Давлатда норматив ҳужжатларнинг конституцияга қанчалик мослигини назорат қилишни Б. Конституциявий суди амалга оширади.

Конституциянинг 116-моддасига кўра, Конституциявий суд ҳуқуқ соҳасида юқори малакали мутахассис бўлган, қоида тариқасида, илмий даражага эга 12 судьядан иборат бўлади, шу жумладан 6 нафар судьяни Президент тайинлайди, 6 нафарини Республика Кенгаши сайлайди. Президент Республика Кенгашининг розилиги билан Конституциявий суд Раисини тайинлайди. Конституциявий суд аъзоларининг ваколат муддати - 11 йил. Конституциявий суд аъзолари ёшининг жоиз чегараси - 70 ёш.

Прокуратура органларининг ягона ва марказлаштирилган тизимига Б. Бош прокурори бошчилик қилади. Уни Президент Республика Кенгашининг розилиги билан тайинлайди.

Конституцияда республика бюджетининг ижроси, давлат мулкидан фойдаланилиши, Президентининг, Парламентнинг, Ҳукуматнинг ҳамда давлат мулки билан боғлиқ муносабатларни, хўжалик молия ва солиқ муносабатларини тартибга солувчи бошқа давлат органларининг ҳужжатлари ижроси устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган сифатида Давлат назорати қўмитаси таъсис этилган.