Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

АРБИТРАЖ

(ҳакамлик) иши - ҳозирги пайтда кўпинча А. судларига ва айрим холислар судларига, масалан, Халқаро тижорат арбитраж судига ва Денгиз арбитраж комиссиясига тааллуқли низолар бўйича ишларни шундай ишлар деб ҳисоблаш қабул қилинган.

Давлат арбитражи ва идоравий арбитражлар фаолият кўрсатган даврда шу органлар томонидан қўрилган ишлар А. и. деб ҳисобланган.

АРБИТРАЖ

(ҳакамлик) судлари - фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иқтисодий низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишга ваколатли суд ҳокимияти органлари.

ЎзР нинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясида хўжалик судлари назарда тутилди. “ЎзР Конституциясини амалга киритиш” тартиби тўғрисида” ги қонунда таъкидланишича, “ЎзР Олий ҳакамлик суди, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳакамлик судлари тегишинча ЎзР Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар хўжалик судлари деб қайта ташкил этилади. Барча бўғинлардаги хўжалик судларининг раислари, раис ўринбосарлари, судьялари вазифаларини улар белгиланган тартибда сайлангунга қадар тегишинча аввал сайланган ҳакамлик судларининг раислари, раис ўринбосарлари ва ҳакамлари бажарадилар” (3 - банди).

А. с. шунингдек 1996 йил 31 декабрда қабул қилинган “Россия Федерациясининг суд тизими тўғрисида”ги ва 1995 йил 28 апрелда қабул қилинган “Россия Федерациясида арбитраж судлари тўғрисида”ги Федерал конституциявий қонунларда назарда тутилган. Улар жумласига Россия Федерациясининг Олий Арбитраж суди, округларнинг федерал арбитраж судлари; РФ субъектларининг арбитраж судлари киради.

Кўпинча Халқаро тижорат арбитраж суди ва Денгиз арбитраж комиссиясини Арбитраж суди деб атаб янглишадилар. Улар ҳокимият тармоқларидан бири бўлмиш суд ҳокимиятини амалга оширадиган давлат органлари ҳисобланмайди.