Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

АВСТРАЛИЯ

(Австралия иттифоқи) - Британия ҳамдўстлигига кирувчи федератив давлат. Пойтахти - Канберра шаҳри. Австралия 6 та штат (Виктория, Жанубий Австралия, Квинсленд, Янги Жанубий Уэльс, Тасмания, ғарбий Австралия) ва 2 та ҳудуд (Шимолий ҳудуд, Федерал пойтахт ҳудуди)дан иборат. Штатлар графликларга, графликлар - муниципалитетларга бўлинади. Мамлакатнинг ҳар бир штати ўз конституцияси, парламенти, ҳукумати ва суд органларига эга; штатларнинг ҳуқуқлари чекланган.

Австралиянинг амалдаги Конституцияси 1900 йилда қабул қилинган (1901 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган). Давлат бошлиғи - Буюк Британия қироли (қироличаси), 5 йил муддатга тайинланадиган генерал-губернатор унинг вакили ҳисобланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият - икки палатали (Вакиллар палатаси ва Сенат) федерал парламент. Вакиллар палатаси (қуйи палата) депутатлари 3 йил муддатга, Сенат (юқори палата) аъзолари ҳар бир штатдан 6 йил муддатга сайланади. Сенат таркибининг ярми ҳар 3 йилда янгиланади. Сенат таркиби 76 аъзодан иборат (ҳар бир штатдан 12 тадан ва ҳудудлардан иккитадан). Вакиллар палатаси таркиби 148 депутатдан иборат. Ҳар бир штатдан сайланадиган депутатлар сони штат аҳолисининг сонига мувофиқ равишда белгиланади, лекин ҳар бир штатдан сайланадиган депутатларнинг сони 5 нафардан кам бўлмаслиги керак. Ҳар икки палата томонидан қўллаб-қувватланган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари тасдиқлаш учун генерал-губернаторга тақдим этилади.

Генерал-губернатор ва Бош вазир бошчилик қиладиган ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Генерал-губернатор парламент сессияларини чақириш ёки уни чақириш муддатини кўчириш, қуйи палатани тарқатиб юбориш, қонун лойиҳасига эътирозлари бўлса, уни такроран кўриб чиқиш ва овозга қўйиш учун парламентга қайтариш, давлат лавозимларига тайинлаш ваколатларига эга. Генерал-губернатор қошида Федерал ижроия кенгаши фаолият олиб боради. Унинг таркибига мутахассислар ва бир нечта вазир киради. Генерал-губернатор қуролли Кучларнинг Олий Бош қўмондони ҳисобланади. Амалда генерал-губернатор вазифаларини ҳукумат бажаради.

Вазирлар Маҳкамаси қуйи палатада кўпчилик мандатга эга бўлган партиянинг вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади. Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан генерал-губернатор томонидан тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари анча кенг, жумладан парламент томонидан унга бошқарув билан боғлиқ масалалар бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилиш ваколати берилган. Вазирлар Маҳкамаси ўзи юритаётган сиёсат бўйича парламентнинг қуйи палатаси олдида жамоавий равишда жавобгардир.

Суд тизимига федерал судлар (конституциявий одил судловни амалга оширадиган Юқори суд, Федерал суд, Оилавий суд), штатларнинг судлари, шунингдек ихтисослашган судлар (Маъмурий трибунал, денгизда содир бўлган ҳодисаларни кўриб чиқадиган судлар ва ҳ.к.) киради.