Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
ДИНИЙ ЭЪТИҚОД
инсоннинг динга бўлган муносабатини белгилашда қўлланиладиган тушунча. Диний эътиқод эркинлиги ЎзР Конституциясининг 31-моддасида мустаҳкамланган. Унда қуйидаги қоида баён этилган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдириш йўл қўйилмайди”. Шунингдек, 1991 йил 14 июнда қабул қилинган, 1998 йил 1 майда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, янги таҳрири тасдиқланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ушбу конституциявий қоида ривожлантирилган. Чунончи, Қонуннинг 5-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди”. Шунингдек Қонуннинг 3-моддасида “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар” дейилган.